Аҳоли саломатлигини таъминлаш — устувор мақсад
  • 13 Август 2014

Аҳоли саломатлигини таъминлаш — устувор мақсад

Пойтахтимизда “Экосан” экология ва саломатлик халқаро хайрия жамоат фондининг навбатдаги муассислар конференцияси бўлиб ўтди. Фонднинг 2009 — 2013 йиллардаги фаолиятига бағишланган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, тегишли қўмиталар, банк ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Таъкидланганидек, “Экосан” фонди ўтган вақт мобайнида ўз фаолиятини тўртта йўналиш бўйича амалга оширди. Хусусан, аҳоли ва ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, атроф табиий муҳит билан уйғун муносабатда бўлишни тарғиб қилиш борасида халқаро экологик ва саломатлик саналарига бағишланган турли тадбирлар ўтказди. Ушбу тадбирлар доирасида “Экосан”нинг “Анъаналарни тикла — дарахт эк!” шиори остида талаба-ёшлар томонидан таълим муассасалари ҳовлиларида “Ёш экологлар” боғлари ташкил қилинди. 

Экологик ноқулай минтақаларда ижтимоий-гигиеник ва экологик шароитларни яхшилаш, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар натижасида Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Навоий, Сирдарё, Сурхондарё, Наманган, Қашқадарё ҳамда Тошкент вилоятларида умумий қиймати 503,1 миллион сўмлик лойиҳалар рўёбга чиқарилди. Ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ўтказилган “Тошкент экологияси: менинг уйим — менинг шаҳрим”, “Энг мурувватли қўшни”, “Йилнинг энг яхши иқтидорли, ижодкор ёш ихтирочиси” сингари кўрик-танловлар эса фонд фаолиятининг учинчи йўналишида ўз аксини топди.

Ижтимоий муҳофазага муҳтож аҳоли қатламига хайрия ёрдамлари кўрсатиш борасида кўрилган чора-тадбирлар туфайли Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятига инсонпарварлик ёрдамлари ортилган, тиббий анжомлар билан жиҳозланган “Саломатлик” поездлари юборилди. Бу эса, ўз навбатида, узоқ туманлардаги 24 та шифохона ва тиббий муассасага 159,4 миллион сўмлик зарур воситаларни етказиб бериш учун мустаҳкам замин яратди.

Фонд томонидан халқаро алоқаларни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айнан шу мақсадда олиб борилган ишлар натижасида республикамизнинг турли ҳудудларида сув таъминоти бўйича 316,6 миллион сўмлик 8 та лойиҳа рўёбга чиқарилгани, 185,9 миллион сўмлик маблағ эвазига эса 7 та ҚВПнинг тоза ичимлик суви билан таъминоти яхшиланиб, канализация ишлари якунлангани фикримиз тасдиғидир.

Конференцияда “Экосан” фондининг атроф-муҳит муҳофазаси ва аҳоли саломатлигига қаратилган устувор вазифаларни қамраб олган 2014 — 2019 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастури муҳокама қилиниб, у таклифлар асосида тасдиқланди. Келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар, “Экологик назорат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниши муносабати билан, шунингдек,  бошқа ташкилий масалалар кўриб чиқилди.

Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Икрамов сўзга чиқди.

 

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn