Аҳоли саломатлиги — устувор мақсад
  • 25 Июль 2014

Аҳоли саломатлиги — устувор мақсад

Мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ эл саломатлигини мустаҳкамлаш, жисмонан ва маънан баркамол авлодни вояга етказиш йўлидаги устувор вазифалар ижросини таъминлаш борасида амалий қадамлар қўйилди.

Натижада соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, жаҳон андозаларига мос тиббий хизмат тизими жорий этилди.
Бу ислоҳотларнинг кўлами нақадар кенглигини энг чекка қишлоқларимиз ва маҳаллалар, тоғли ҳудудларда қад ростлаган ҳамда керакли ускуналар билан мукаммал таъминланган шифо масканлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Яратилган ана шундай қулай шарт-шароитлар, хусусан, соғлом авлод тарбияси билан боғлиқ кенг қамровли лойиҳалар йилдан-йилга такомиллашиб, ўз самарасини кўрсатаяпти.
Жумладан, тиббиётнинг барча соҳалари каби стоматология йўналиши изчил ривожланиб бормоқда. Стоматологларнинг халқаро миқёсдаги илмий-амалий анжуманларида мамлакатимиз олимларининг ҳам тадқиқотлари эътироф этилаётгани фикримиз исботидир.
Президентимизнинг “Тошкент давлат стоматология институтини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори эса бугунги кунга қадар юртимизда тиббиёт, қолаверса, стоматология соҳасига кўрсатилаётган эътиборнинг яна бир амалий ифодаси бўлди.
Ушбу қарорнинг эълон қилиниши мамлакатимизда мазкур йўналишда ҳар томонлама етук, юқори малакали кадрлар тайёрлашда кенг имкониятлар эшигини очиб беради. Унда белгиланган вазифалар биз, стоматологлар, профессор-ўқитувчилар ва барча тиббиёт ходимларига катта масъулият юклайди. Қарор замирида мамлакатимиз тараққиётини белгилайдиган, унинг гуллаб-яшнашини таъминлайдиган билимли, ақлли, ўз интеллектуал ва жисмоний имкониятларини намоён этишга қодир авлодни вояга етказиш мақсади мужассам.
Стоматология соҳасидаги юқори малакали тиббиёт кадрларини халқаро талаблар ва стандартлар даражасида тайёрлашни янада такомиллаштириш, таълим жараёнини ташкил қилишнинг замонавий талабларига мос келадиган ўқув ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантириш, илғор ахборот-коммуникация ва таълим технологияларини жорий этиш, бўлғуси стоматолог мутахассисларнинг назарий тайёргарлигини амалий кўникмалар билан чамбарчас боғлаган ҳолда олиб боришини таъминлаш айни муддаодир. Мазкур ҳужжатда Тошкент давлат стоматология институтининг мақсад ва вазифалари, унинг асосий фаолияти аниқ белгилаб қўйилганлиги соҳани тубдан такомиллаштиришга хизмат қилиши муқаррар.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, биз тиббиёт ходимларининг кўнгилда ифтихор ҳиссини туйган ҳолда, сидқидилдан меҳнат қилишимиз учун энг катта асос, бу — Президентимиз ғамхўрлиги ва эътибори. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган изчил ислоҳотлар кўлами йил сайин кенгайиб бораётгани ҳам бежиз эмас. Зотан, бундай янгиланиш ва ўзгаришлар инсон ҳамда унинг манфаатларини таъминлаш, турмушининг ободлиги, фаровонлигига эришишга қаратилганлиги билан қадрлидир.


Ниғмон ХАБИЛОВ,
Тошкент тиббиёт академияси стоматология
факультети декани,
тиббиёт фанлари доктори, профессор.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn