Соғлом оила муҳити
  • 01 Февраль 2014

Соғлом оила муҳити

нафақат маънавий қадриятларимиз асоси, балки келажак авлодлар тақдирига дахлдорликка йўғрилган улкан масъулиятдир

Орзиқиб кутилган фарзанд дунёга келди. Эндигина туғилган чақалоқ нафақат дилларни, ҳатто хонадонни ҳам ёриштириб юборгандек, гўё. Бу ҳолат ҳар биримизга таниш. Тўрт мучаси соғлом, юраги бир меъёрда ураётган гўдак оиланинг, шу билан бирга, бутун жамиятнинг қувончи, десак, асло муболаға бўлмайди. Энди тасаввур қилиб кўринг, интиқлик билан кутилган гўдак носоғлом бўлса-чи?
Давлатимиз раҳбари Конституциямиз қабул қилинганининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида соғлом боланинг дунёга келиши, бақувват бўлиб ўсиб-улғайиши кўпгина талаб ва омилларга боғлиқ эканига алоҳида тўхталиб, соғлом бола — аввало, соғлом ва аҳил оиланинг меваси эканини таъкидлади.    
Дарҳақиқат, оила келажак насллар тақдирига кучли таъсир кўрсатадиган тарбия масканидир. Шу боис ёшларнинг жамиятда ўз ўринларини топишларига кўмаклашиш, айниқса, уларнинг оила қуришларига жиддий эътибор қаратиш барчадан катта масъулият талаб этади. Таассуфки, жамиятимизда қизларни эрта турмушга узатиш ҳолатлари кузатилаётгани, айниқса, қариндошлар орасидаги никоҳларнинг қайд этилаётгани ва бу салбий оқибатларга олиб келаётгани барчамиз ушбу масалага янада теран назар ташлашимиз зарурлигини кўрсатиб турибди.  
— Ўзаро қариндош эр-хотин соғлом бўлиши мумкин, аммо уларнинг наслида ирсий касалликлар қўзғалиш хавфи юқорилигини унутмаслик лозим, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бош бошқармаси бошлиғи Саидмурод Исмоилов. — Сир эмас, гўдакка геннинг ярми онадан, ярми эса отадан ўтади. Баъзи ирсий касалликлар генлардаги яширин (рецессив) зарарланиш ўчоқлари таъсирида юзага келади. Шундай ўчоқлар мавжуд генга эга қариндошларнинг никоҳи натижасида ушбу касаллик белгиларининг юзага чиқиш “имконияти” ортади. Бу эса  ногирон бола туғилишига сабаб бўлади. Бундан ташқари, онадаги камқонлик туфайли организмга темир моддаси етишмаслиги,  шу сабабли соч тўкилиши ва суякларнинг мўртлашуви, ҳомиладорликнинг оғир кечиши, кўп қон йўқотиш, ҳомила тушиши, гўдакнинг ўлик, ногирон ёки нимжон туғилиши яқин қариндошлар орасидаги никоҳнинг аянчли оқибатларидандир. Бундай ҳолларда она билан бир қаторда гўдак ҳам жабр кўради. Бу ҳақиқатни айрим ота-оналар, азиз отахон ва онахонлар билишса-да, қариндош-уруғчилик риштаси бардавомлигини таъминлаш мақсадида опа-сингиллари, ака-укалари билан қуда-анда бўлишаётгани ниҳоятда мантиққа зид. Қолаверса, ирсий нуқсонлар биринчи авлодга ўтмаса ҳам, кейингиларида аниқ ўзининг аянчли ҳосилини бериши мумкин. Умуман, фарзандларнинг соғ-саломат дунёга келиши ва баркамол вояга етиши учун қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш, истаймизми-йўқми, соғлом келажак масаласидир.
— Қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг қайси бўғини бўлмасин, барибир ирсий касаллик билан фарзанд туғилиш эҳтимоли кўп, — дейди “Оила” илмий-амалий маркази етакчи илмий ходими Ҳакима Назарова. — Қариндошлик нақадар яқин бўлса, шунчалик ирсий касаллик билан туғилиш хавфи бор. Баъзи оилалар яқин қариндошлари билан қуда бўлиб фарзандлари соғлом туғилганлигини айтиб қолишади. Бироқ тиббиётда тасдиқланган хулоса шуки, агар ота-она организмида доминат касаллик генлар бири-бири билан тўқнашиб қолса, фарзанднинг ирсий касаллик билан туғилиши, шак-шубҳасиз, кузатилади. Организмида рецессив генга дучор бўлганларнинг ўзларига бу ҳолнинг таъсири йўқ. Улар хаста генни ташувчи ҳисобланиб, туғилажак фарзандларининг 25 фоизи, яъни ҳар тўрттадан бири ирсий касалликка чалиниши мумкин. 
Бугун мамлакатимизда оналар ва болалар саломатлигини асрашга хизмат қиладиган тиббиёт муассасалари — скрининг ва перинатал марказлари, аёллар тиббий маслаҳатхоналари, туғуруқхона комплекслари, гинекология ва патронаж хизматлари, қишлоқ врачлик пунктларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, улар фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган эзгу саъй-ҳаракатлар туфайли кейинги йилларда эътирофга молик ижобий натижаларга эришилаяпти. Хусусан, аҳоли саломатлиги мустаҳкамланиб, оналар ўлими 3,2 баробар, болалар ўлими 3,4 баробар камайгани бунинг яққол далилидир.
Шу ўринда скрининг маркази, унинг фаолияти ва бу тиббий муассаса ёш оналар учун нечоғлиқ муҳим аҳамиятга эга эканлиги хусусида тўхталиб ўтсак. Авваламбор, скрининг марказларида ҳомиладорликнинг 12 ва 14-20 ҳафтасида перинатал текширувлар ўтказилиши зарур. Скрининг (ёки бошқача айтганда саралаш), бу — оддий усуллар ёрдамида касалликни эрта ва тез аниқлаш учун аҳолини оммавий текширувдан ўтказишдан иборат. Ушбу текширувларнинг мақсади ҳомила соғлиғини аниқлаш, ривожланишида нуқсони бўлса, керакли муолажани ўтказишга тавсия бериш ва ирсий касаллик билан туғилган болаларга махсус тиббий-генетик хизмат кўрсатишдан иборат.
— Кейинги йилларда жамиятда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ҳаёт тарзига кириб келаётган носоғлом ғояларни бартараф этиш, аҳоли ўртасида маърифий тарғиботни кучайтириш мақсадида қўмитамиз томонидан бир нечта масалалар бўйича ўрганиш ишлари ва таҳлиллар олиб борилди, — дейди Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раисининг ўринбосари Нилуфар Тожибоева. — Маълум бўлдики, маънавий-ижтимоий ҳаётимиздаги кескин муаммолар, яъни никоҳланувчиларни тиббий кўрикдан ўтказишдаги сусткашликлар, ёш қизларни эрта турмушга узатиш, оилавий ажримлар, эрта туғуруқлар ва тўй-ҳашамлардаги дабдабабозликлар ушбу йўналишдаги тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтиришни тақозо этмоқда. Хусусан, республикадаги академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида таҳсил олаётган ўқувчи қизлар ўртасида эрта турмуш қуриш масаласи ўрганилиб, никоҳланувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва эрта туғуруқлар билан боғлиқ ҳолатлар таҳлил этилганида, бу борада айрим муаммолар мавжудлиги кўзга ташланди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан мактаб, лицей, коллеж, олий ўқув юртларида таҳсил олаётган қизларни миллий қадриятларимизга хос бўлган гигиеник қоидаларга таянган ҳолда, тозалик-покизаликка чорлаш ва тиббий маданиятини оширишга эришиш мақсадида “Ораста қизлар” тўгаракларининг ташкил қилингани йўл қўйилаётган хато ва камчиликларни бартараф этишда, оилаларда соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтиришда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Айни чоғда барча таълим муассасаларида ушбу тўгарак фаолияти жонлантирилиб, тарғибот ва ташвиқот ишлари янада кучайтирилди. Албатта, бу саъй-ҳаракатлар аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказишда муҳим омил бўлаяпти.
Ҳақиқатан ҳам, соғлом фарзанд нафақат ота-онанинг орзуси, шу билан бирга, жамиятнинг ҳам мақсад-муддаоси эканини асло ёддан чиқармаслигимиз, бунда вазирлик ва идоралар, фуқаролик жамияти институтлари, жамоат ташкилотлари ҳамда тузилмаларининг ўрни ва таъсирчанлигини ошириш, пировардида жамиятда соғлом оила муҳитини шакллантириш бугунги кунда айни заруратдир. Зеро, халқимиз ўртасида кенг тарқалган “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур, қудратли элнинг фарзандлари соғлом бўлур”, деган ҳикматли иборанинг ҳаётга изчил татбиқ этилишида ҳам айнан шу эзгу ғоя мужассамдир.

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: Саломатликнинг ишончли муҳофазаси »