Соғлиқни сақлаш тизими ва ахборотлаштириш
  • 07 Июль 2014

Соғлиқни сақлаш тизими ва ахборотлаштириш

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонун ижро этилишига оид ахборот эшитилди.

Тадбирда қуйи палата депутатлари, тегишли вазирлик, идора ва ташкилот мутасадди раҳбарлари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳамда экспертлар иштирок этди.

Таъкидланганидек, Президентимиз томонидан Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, axборот вa сўз эркинлигини тaъминлaшнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди. Улардан бири сиёсий модeрнизaция жaрaёнлaридa тоборa муҳим aҳaмият кaсб этиб борaётгaн зaмонaвий axборот-коммуникaция тexнологиялaридaн дaвлaт вa жaмият қурилишидa кeнг фойдaлaнишдир.

Бинобарин, юртимизда мазкур йўналиш тараққиётига алоҳида эътибор қаратилаяпти. Бунинг учун зарур ташкилий-ҳуқуқий пойдевор яратилиб, у замон талаблари асосида такомиллаштириб борилаяпти. Шубҳасиз, буларнинг барчаси юрт тараққиёти, аҳоли турмуш фаровонлигини янада юксалтиришга йўналтирилгани билан долзарбдир.

Мазкур ижобий ўзгаришлар ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳалари қатори соғлиқни сақлаш тизимида ҳам намоён бўлаётгани диққатга сазовор. Бу борада “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонун муҳим пойдеворга айланган, албатта. Пировардида соғлиқни сақлаш соҳасини “электрон ҳукумат” тизими ягона архитектурасига киритиш, тиббий ёрдам сифатини мониторинг қилиш ва бошқариш, муассасалар фаолияти шаффофлиги ва қабул қилинаётган қарорлар самарадорлигини яхшилаш, даволаш сифатини оширишда ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллашга алоҳида эътибор берилаётир.

— Ишчи гуруҳ томонидан вазирлик тизимидаги йигирмадан ортиқ субъектлар фаолияти батафсил ўрганилди, — деди қўмита аъзоси Д. Холиқова. — Якуний мониторингдан келиб чиқиб қайд этиш мумкинки, Қонун ижроси доирасида соҳада муайян ишлар қилинган. Тегишли чора-тадбирлар режаси ҳаётга татбиқ этилган. Миллий ахборот тизимига интеграциялашиш Концепцияси ишлаб чиқилиб, тасдиқланган. Уларга асосан, “Электрон соғлиқни сақлаш” ва “Ягона электрон тиббий карта” тизимлари босқичма-босқич шакллантирилаяпти. Булар барчаси иш фаолияти самарадорлигини янада ошириш, аҳолига бир қатор қулайликлар тақдим этишга қаратилгани билан муҳимдир.  

Табиийки, бугунги кунда ҳар қандай соҳа равнақида АКТ имкониятларидан оқилона фойдалана оладиган мутахассислар муҳим ўрин тутади. Тадбирда вазирлик ўқув муассасалари базасида компьютер саводхонлиги ҳамда малака ошириш курслари олиб борилаётгани ҳақида тўхталиб ўтилгани бежиз эмас. Айни пайтда “Соғлом бола йили” Давлат дастуридаги ахборот соҳасига тегишли бандларда белгиланган вазифалар изчил рўёбга чиқарилаётгани ана шу мақсадга ҳамоҳангдир. Қолаверса, умумий ўрта таълим мактабларида “Саломатлик дарслари” фанидан ўқув дастури ва “Соғлом авлод асослари” мультимедиали методик тавсиялар ишлаб чиқиш, уларни электрон таълим порталлари, энг аввало, “ZiyoNet”га жойлаштириш бўйича чора-тадбирлар кўрилаётир.

Йиғилишда шулар қаторида айрим камчиликлар ҳақида ҳам фикр юритилди. Чунончи, жойлардаги тиббиёт бирлашмаларини компьютер техникаси билан таъминлаш даражасини янада кўтариш лозим. Соҳадаги субъектлар фаолиятига электрон тижорат ва электрон тўловлар тизимларини жорий этиш, интерактив тиббий хизматлар кўрсатишни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ.

Муҳокамалар давомида билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида жабҳага доир қонунчилик ва уни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш бўйича таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқилди.

С. МАХСУМОВ.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn