Венгриялик мутахассислар Тошкент конференцияси ҳақида
  • 04 Июль 2014

Венгриялик мутахассислар Тошкент конференцияси ҳақида

Жорий йилнинг 5-6 июнь кунлари Тошкентда бўлиб ўтган “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзуидаги халқаро конференция иштирокчилари — венгриялик мутахассислар ўз ватанига қайтганларидан сўнг “Жаҳон” ахборот агентлиги мухбири билан суҳбат чоғида мазкур халқаро анжуман якунларидан қониқиш ҳосил қилишганини айтишди.

Аттила Киш, Венгрия Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Озиқ-овқат маҳсулотлари илмий текшириш институти Қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари ва инновациялар бўйича Миллий марказининг директори:
— Тошкентда ўтган ушбу халқаро конференция ишида дунёнинг 40 мамлакати ва 20 та халқаро ташкилотидан қарийб 200 нафар хорижий мутахассиснинг қатнашгани анжуманнинг юқори даражада ташкил этилганидан далолатдир. У жаҳондаги етакчи молиявий ва илмий муассасалари вакилларига Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги жабҳасини ривожлантириш бўйича стратегияси билан батафсил танишиш имкониятини яратиб берди.
Маълумки, озиқ-овқат ҳимояси, егулик маҳсулотларнинг хавфсизлиги барча мамлакатлар учун борган сари кўпроқ ва янада кўпроқ стратегик масалага айланаётир. Бинобарин, ҳозирги пайтда ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ҳамда ишончлилигини оширишга талаб катта. Шу маънода, Ўзбекистон раҳбарияти томонидан олиб борилаётган сиёсат алоҳида эътиборга сазовор.
Мамлакатларимиз бошқа-бошқа минтақаларда жойлашганига қарамасдан, бизлар бир-бирига ўхшаш тарихий ва иқтисодий шарт-шароитларга эгамиз. Бу омил бошқалардан фарқли ўлароқ, саъй-ҳаракатларимиз ва ўзаро ҳамкорлигимиз истиқболларига рағбат бахш этади. Зотан, Ўзбекистон ва Венгрия ўртасида кўпгина муштаракликлар мавжуд.
Давлатингиз раҳбарининг мазкур анжуман очилиш маросимидаги нутқида келтирилган иккита муҳим шиор эътиборимни тортди. “Янги уй қурмасдан туриб, эскисини бузманг” ҳамда “Ислоҳот — ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун, унинг манфаатлари учун” деган муҳим ҳаётий тамойиллар жамиятингиз ҳаётининг барча соҳасини ислоҳ қилишда чуқур ўйланган сиёсат олиб борилаётганидан далолат беради.

Эржебет Немеди, Венгрия Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Озиқ-овқат маҳсулотлари илмий текшириш институтининг
Инновация ва лойиҳалар фаолияти бўйича маркази раҳбари:
— “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзуидаги халқаро конференцияга қадар бизнинг Ўзбекистон ҳақидаги билимларимиз тўлақонли бўлмаган экан — биз мамлакатингизнинг чуқур ўйланган озиқ-овқат дастури, бу борадаги тадқиқотлар ва уларнинг ривожланиши кўламлари ҳамда ислоҳотларнинг “ўзбек модели”ни бугунгидек билмаган эканмиз. Биз теран англадикки, ҳақиқатан ҳам, дунёда камдан-кам учрайдиган табиий ва тупроқ-иқлим шароитларининг уйғунлиги туфайли юртингизда энг мазали ҳамда фойдали мева-сабзавотлар етиштирилади. Шу маънода, яна бир муҳим жиҳат диққатга моликдир, яъни мамлакатингиз озиқ-овқат саноатида генларни модификация қилиш технологияларидан фойдаланиш маъқулланмайдики, бу Венгрия учун ҳам долзарб масала ҳисобланади.
Ўйлашимча, озиқ-овқат ишлаб чиқариши самарадорлигини ошириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳосилдорлигини кучайтириш мақсадларида мамлакатларимиз аграр технологияларни модернизациялаш юзасидан тадқиқотлар олиб борилишида ўзаро ҳамкорлик қилиши мумкин. Биз қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати соҳасида қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш учун Ўзбекистон ҳамда Венгрия ўртасидаги шартномавий-ҳуқуқий заминнинг кенгайишига умид қиламиз.

«Жаҳон» АА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn