Янги вакцина тақдимоти
  • 18 Июнь 2014

Янги вакцина тақдимоти

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан янги — ротарикс вакцинаси амалиётга жорий этилиши муносабати билан матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Ўткир юқумли ичак касалликларининг олдини олиш мақсадида миллий эмлаш жадвалига киритилган вакцина тақдимотида Соғлиқни сақлаш вазирлиги санитария-эпидемиология назорати хизматининг етакчи мутахассислари, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамда ЮНИСЕФнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. 

Анжуманда таъкидланганидек, мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлашда, оналик ва болаликни муҳофаза қилишда муҳим омил бўлаётир. Хусусан, мустақилликнинг илк йилларидан юқумли касалликларга қарши курашиш ва уларнинг олдини олиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Мазкур йўналишда кўрилаётган изчил чора-тадбирлар натижасида юртимизда эпидемик вазият барқарорлиги таъминланмоқда. Карантин ва юқумли касалликлар, жумладан, дифтерия, полиомиелит, қоқшол, қизамиқ, қизилча сўнгги йилларда рўйхатга олинмади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан “Ўзбекистон полиомиелит касаллигидан озод ҳудуд” дея эътироф этилиб, халқаро сертификат берилгани ҳам фикримизнинг далилидир. Юқумли касалликлар профилактикасида санитария-гигиена тадбирлари билан бирга, эмлаш ишларининг юқори савияда ўтказилаётгани ҳам ўз самарасини бераётир. Бугунги кунгача юртимизда миллий эмлаш жадвалига асосан, болалар ўнта юқумли касалликка қарши эмланаётган эди. Эндиликда ушбу жадвал ўткир юқумли ичак касалликларининг олдини олиш мақсадида қўлланиладиган янги — ротарикс вакцинаси билан яна биттага кўпайди.  

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва бошқа тегишли муассасалар ташаббуси билан ўтказиладиган иммунизацияга оид тадбирлар доирасида ҳар йили дунё аҳолисининг қарийб учдан бир қисми юқумли касалликларга қарши эмланади. Бу миллионлаб кишилар, айниқса, болаларнинг ҳаётини асраб қолиш ҳамда аҳолини турли юқумли касалликлардан муҳофазалаш имконини бермоқда. Маълумотларга қараганда, дунё бўйича ўткир диарея хасталиги билан касалланган болаларнинг 453 минг нафари бевақт нобуд бўлар экан. Бунинг асосий сабаби ротавирус инфекциясидир. Ушбу касалликка қарши хавфсиз эмлаш болаларда мазкур хасталикка қарши иммун тизимни пайдо қилади ва  йиллар давомида бола организмини ротавирус инфекциясидан ҳимоя қилади.

— Ротарикс вакцинасининг хавфсизлиги Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг махсус сертификати билан кафолатланган, — дейди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари  Роберт Фудерич. — Ушбу тадбирни юксак савияда ўтказиш асносида фарзандларимизнинг юқумли ичак касалликларига қарши иммунитети мустаҳкамланишига эришилади. Шуни айтиш жоизки, айни пайтда ротавирусга қарши вакцина АҚШ, Франция, Австралия сингари ўн етти  давлатнинг эмлаш жадвалига киритилган.

Республикамизда шу йилнинг 16 июнидан бошлаб миллий эмлаш жадвалига асосан, чақалоқлар 2 ва 3 ойлигида ўткир юқумли ичак хасталикларига қарши ротарикс вакцинаси билан эмланади. Жорий йил охиригача 378 минг 500 нафар гўдак ушбу вакцина билан эмланиши белгиланган. 

М. ХОЛМАТОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn