Соғлом турмуш тарзи — фаровон ҳаёт кафолати
Версия для печати
  • 17 Июнь 2014

Соғлом турмуш тарзи — фаровон ҳаёт кафолати

Гиёҳвандлик моддаларини суиистеъмол қилиш ва унинг ноқонуний айланишига қарши курашиш бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади.
Зеро, “аср вабоси” дея аталаётган ушбу офат дунё тараққиёти ва барқарорлигига рахна солиб, жамиятдаги соғлом турмуш тарзига жиддий путур етказмоқда.

Боз устига, гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний айланишидан келиб тушаётган фойда терроризм, диний экстремизм, одам савдоси каби оғир жиноят турларини қўллаб-қувватлаш йўлида сарфланаяпти. Бу эса барча учун бамисоли огоҳлик қўнғироғи, ҳушёрлик бонгидир. Зеро, давлатимиз раҳбари “Наркобизнесга қарши олиб бораётган курашимизни мен бизнинг ёрқин келажагимиз, фарзандларимиз келажаги учун кураш, деб биламан”, дея таъкидлаганлари ҳам бежиз эмас.
Бинобарин, юртимизда бу борада тегишли чора-тадбирларни босқичма-босқич амалга оширишга катта эътибор қаратиб келинаётир. Мухбиримиз ана шулар хусусида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази етакчи эксперти Саодат ЖУМАНОВА билан суҳбатлашди.
— Маълумки, гиёҳвандлик каби салбий ижтимоий ҳодисалар маънавий бўшлиқ бўлган жойда кенг тарқалади, — дейди суҳбатдошимиз. —  Наркожиноятчиларнинг таъсирига эса аксарият ҳолларда иродасиз инсонлар тушиб қолади. Шу боис наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш, гиёҳвандликнинг тарқалишига чек қўйиш ва унга шароит яратадиган омилларни бартараф этиш ниҳоятда долзарб саналади.
Мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб юртимизда бу борада тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, давлатимиз БМТнинг Наркотик моддалар тўғрисидаги, психотроп моддалар тўғрисидаги, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш тўғрисидаги конвенцияларига қўшилди. 2000 йилда “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп воситалар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кучга кирди. Президентимизнинг бир қатор қарорлари, давлат дастурлари ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Уларнинг ижросига жиддий аҳамият қаратиб келинаётгани эса жамиятда соғлом турмуш тарзи ва юксак маънавиятни қарор топтиришда муҳим роль ўйнаяпти, албатта.
Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Наркотикларни назорат қилиш бўйича давлат комиссияси, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, бошқа ваколатли вазирлик ва ташкилотлар наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш бўйича мақсадли комплекс чора-тадбирларни амалиётга татбиқ этмоқда. Бунда гиёҳвандлик иллати тарқалишининг олдини олиш, идоралараро ҳамкорлик ва халқаро алоқаларни ривожлантириш алоҳида ўрин тутади.
Шулар баробарида, наркологик даволаш ва тиббий-ижтимоий реабилитация муассасалари модернизация қилинди, замонавий жиҳозлар билан таъминланди, уларнинг моддий-техник базаси такомиллаштирилди. Айни чоғда аҳоли соғлиғини муҳофаза этиш, спортни оммалаштириш, ёшларимизни қизиқишларига кўра, спорт, фан ва маданият тўгаракларига жалб этишга қаратилган умумпрофилактик чоралар кўрилаётир. Буларнинг барчаси йигит-қизларда ҳаёт ва атрофдагиларга нисбатан позитив муносабатни янада мустаҳкамлаш, фаол фуқаролик позицияси, масъулият, мустақиллик ва ўз кучига ишонч ҳиссини шакллантириш баробарида, уларни ўқиш, севимли касб, жисмоний тарбия, туризм билан шуғулланишга илҳомлантирмоқда.
Умуман, олиб борилаётган кенг кўламли тарғибот-тушунтириш ишлари, турли машғулотлар натижасида психоактив моддаларни нотиббий мақсадда истеъмол қиладиган, диспансер ва профилактика ҳисобида турадиган шахслар сонини сезиларли даражада камайтирилишига эришилмоқда.
— Ўзбекистоннинг минтақадаги нарковазиятни барқарорлаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
— Президентимиз томонидан халқаро минбарларда минтақадаги нарковазиятни барқарорлаштиришга қаратилган ва дунё ҳамжамияти диққатини ўзига тортган қатор долзарб фикр-мулоҳазалар илгари сурилган. Чунончи, наркобизнесга қарши кураш фаолияти самараси, албатта, халқаро ҳамкорлик алоқалари билан узвий боғлиқ. Ўзбекистон наркотик воситалар, психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш борасида кўплаб хориж давлатлари билан икки ва кўп томонлама келишувлар, битимларни имзолаган, халқаро ташкилотларга аъзо бўлган.
Мамлакатимизда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Европа Иттифоқи, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти халқаро лойиҳаларини мувофиқлаштириш, мониторинг қилиш ва амалга ошириш бўйича изчил чора-тадбирлар кўрилмоқда. Имзоланган шартномалар доирасидаги келишувларга мувофиқ, БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ҳамда ШҲТ мувофиқлаштирувчи тузилмалари билан наркотик моддаларга оид вазият тўғрисидаги  ахборот материалларни алмашиш таъминланмоқда. Тегишли режаларга кўра, қўшма тезкор-қидирув ҳамда махсус тадбирларнинг амалга ошириб келинаётгани ҳам кўзланган натижаларни бераяпти. Ўз навбатида, чегараларимиз мустаҳкамланиши ва замонавий техник воситалар билан босқичма-босқич жиҳозланиши минтақадаги нарковазият барқарорлашишига муайян ҳисса қўшганини алоҳида таъкидлаш лозим. Айниқса, республикамиз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари ходимлари наркотик моддалар ноқонуний муомаласига қарши кураш масалалари бўйича ЕХҲТ кўмаги билан бир қатор хориж давлатларида ташкиллаштирилган ўқув-курсларида иштирок этгани эътиборга молик.
— Шу кунларда юртимизда Гиёҳвандликка қарши кураш ойлиги давом этаяпти. Унинг самарали ўтказилиши “Соғлом бола йили” Давлат дастури мақсадларига ҳам уйғундир. Шу муносабат билан қандай тадбирлар ташкил этилаяпти?
— Аввало, гиёҳвандликка қарши кураш ойлигини ўтказишдан мақсад — фуқароларнинг гиёҳвандлик оқибатлари ҳақидаги билимини ошириш, учраётган муаммоларни бартараф қилиш, жамиятда соғлом турмуш тарзини янада чуқур қарор топтириш эканлигини эътироф этиш жоиз. Бу эса, ҳақиқатан ҳам, “Соғлом бола йили” Давлат дастури ва Наркотик моддаларни суиистеъмол қилиш, уларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш бўйича 2011 — 2015 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар дастурида кўзда тутилган вазифаларга тўла ҳамоҳангдир.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази ва ҳокимликлар ҳузуридаги ҳудудий комиссиялар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, давлат ва жамоат ташкилотлари, таълим, тиббиёт, маданият, спорт муассасалари, хайрия фондлари ҳамкорлигида бир қатор профилактика, тушунтириш-тарғибот тадбирлари ўтказиб келинаётир.
Масалан, Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги болалар ёзги дам олиш, кундузги оромгоҳлар ва мактаблар қошидаги соғломлаштириш майдончалари тарбияланувчилари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилувчи танловлар, давра суҳбатлари, ҳужжатли ва бадиий фильмлар намойиши, мусобақалар уюштириш яхши анъанага айланган.
Қолаверса, Нукус ва Тошкент шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, “Камолот” ЁИҲ, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси кўмагида таниқли санъаткорлар, маданият соҳаси вакиллари, спортчилар ва бошқа жамоат арбоблари иштирокида катта хайрия концерти ўтказилиши режалаштирилган. “Ўзбектеатр” ижодий-ишлаб чиқариш бирлашмаси томонидан академик драма театрларида саҳналаштирилган “Қайтар дунё”, “Заҳарли томчилар”, “Қабоҳат тузоғи” каби спектакллар томошабинлар эътиборига ҳавола этилмоқда.
“Ўзбеккино” Миллий агентлиги томонидан эса жойлардаги кинотеатрларда “Афюн гирдоби”, “Жаҳолат чангалида”, “Ўргимчак тўри”, “Таҳдид”, “Хиёнат”  каби бадиий ҳамда “Лоқайдлик балоси”, “ОИТС — аср балоси”, “Қил устида”, “Зулмат салтанати”, “Ўлим сўқмоғи”, “Аччиқ қисмат”, “Гиёҳвандлик муаммоси” каби  ҳужжатли фильмлар намойиши йўлга қўйилди. Шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш кунига бағишланган мавзуларда ҳуқуқ-тартибот, соғлиқни сақлаш тизимлари ходимлари иштирокида маърузалар қилинмоқда, учрашувлар ташкил этилаяпти.
Уларни ёритишда республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари фаол қатнашиб келаётгани диққатга сазовор. Шуларга муштарак тарзда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси каналларида махсус телекўрсатув, радиоэшиттириш ва ижтимоий роликлар эфирга узатилмоқда, матбуотда таҳлилий материаллар берилаётир. Юқоридагилар республикамизда нафақат ушбу ойлик давомида, балки доимий равишда амалга оширилаётган катта ишнинг бир қисмидир.
Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий маркази томонидан бу борадаги ишлар мувофиқлаштирилиб, уни юқори савияда ўтказиш учун тегишли вазирлик ва идораларга зарур ташкилий ҳамда услубий ёрдам кўрсатилмоқда.
Мухтасар айтганда, бундай ойликлар, хайрия акциялари, концерт дастурлари, спорт мусобақалари, кўргазмалар, учрашувларни ўзида мужассам этган ва умуман, гиёҳвандликка қарши курашга йўналтирилган ҳар қандай эзгу саъй-ҳаракат юрт равнақи, эл фаровонлигига хизмат қилади. Уларда фаол иштирок этаётган фуқаролар, айниқса, ёшлар сони йилдан-йилга кўпайиб бораётгани ана шу интилишлар самарасидир. Бу эса жамиятда соғлом турмуш тарзи чуқур қарор топиб, ақлу тафаккури теран, замонавий фикрлайдиган, иродали, Ватанимиз тақдири ва келажагига бефарқ бўлмаган, ислоҳотларга дахлдор навқирон авлод сафи кенгайиб бораётганини кўрсатади.


Саиджон МАХСУМОВ суҳбатлашди.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn