Эзгуликка ҳамоҳанг ибрат
  • 16 Июнь 2014

Эзгуликка ҳамоҳанг ибрат

Қалбида одамийлик ҳисси уйғоқ инсон ҳамиша яхшилик улашиб яшайди. Айниқса, қилинган хайрли амал кимнингдир соғлиғини тиклашга, умрини узайтиришга кўмак берса, киши учун бундан ортиқ мамнунлик топилмаса керак. Донорлар ана шундай беғараз ёрдам кўрсатувчи, эзгу-ниятли инсонлардир.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда мамлакатимизда беғараз донорлик ва уни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. “Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида”ги Қонун доирасида донорлар билан ишловчи тиббий муассасалар фаолиятини янада такомиллаштириш, қон ва унинг таркибий қисмлари хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, кенг жамоатчилик орасида беғараз донорликни кенгайтиришга қаратилган дастурлар ишлаб чиқилиб, ижроси таъминланаётир. Хусусан, 2008 йилда Ўзбекистон Республикасида беғараз донорлик фаолиятини ривожлантириш дастури қабул қилинди. Айни пайтда мазкур ҳуқуқий ҳужжатга мувофиқ, кенг жамоатчилик орасида тиббий тарғибот тадбирларини кучайтиришга алоҳида аҳамият қаратилиб, маҳаллалар, олий ўқув юртлари, корхона ва ташкилотларда беғараз донорликнинг мазмун-моҳияти ҳақидаги тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Ҳозирги кунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида қон қуйиш станциялари фаолият юритаяпти. Пойтахтимизда бизнинг муассасамиздан ташқари Республика шошилинч тиббий илмий маркази, Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик маркази, Тошкент тиббиёт академиясининг 2-клиникаси, шунингдек, Тошкент шаҳар қон қуйиш станциясида қон тайёрланади. Улар шаҳар шифохоналарида даволанаётган беморларнинг қонга бўлган эҳтиёжини таъминламоқда. 

Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 2 ноябрдаги қарори билан Осиё тараққиёт банки ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Аёллар ва болалар соғлиғини мустаҳкамлаш” лойиҳаси доирасида олтита ҳудудий Қон маркази замонавий асбоб-ускуналар билан таъминлангани, вилоят қон қуйиш станциялари реконструкция қилингани яна бир эътирофга лойиқ жиҳатдир. 

Маълумки, қон, унинг компонентлари ва препаратлари (плазма, эритроцитлар, тромбоцитлар, альбумин ва иммуноглобулинлар) инсон ҳаёти хавф остида қолганда қуйилади. Шунингдек, қон тизими касалликларида (оғир даражали камқонликлар, лейкоз, яъни оққон хасталиги, қон ивиш тизими бузилиши — гемофилия касаллиги, коагулопатиялар), саратон, патологияли оғир кечадиган туғуруқларда, операцияларда, оғир даражали куйишларда ва турли фавқулоддаги ҳолатларда асқатади. Бундай вазиятда керакли миқдордаги қонни топиш учун соғлом инсонларни доимий, беғараз қон донорлигига жалб этиш лозим.

Ана шундан келиб чиқиб, юртимизда аҳолини донорликка жалб қилишда зарур тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Рақамларга эътибор қаратсак, агар 2011 йилда 99 минг 530 нафар донор қон топширган бўлса, бу кўрсаткич 2012 йилда 103 минг 500 нафарни, ўтган йили эса 120 минг 900 нафарни ташкил этди. Биламизки, қон беғараз, ўз хоҳиш-иродаси билан келган донордангина олинади. Бундай саховатпеша кишилар ўз саломатлиги ҳамда турмуш тарзи ҳақида аниқ маълумот бериши лозим. Бу эса қоннинг хавфсизлигини таъминлашда ғоятда муҳимдир. Негаки, донор бўлишга аҳд қилган инсон масъулиятни ўз бўйнига олади. Кечагина у фақат ўз соғлиғи учун жавоб берган бўлса, бугун бошқаларнинг саломатлиги учун ҳам қайғуради. 

Донорлар 18 дан 60 ёшгача бўлган соғлом инсонлар бўлиб, улар Республика Қон марказида тўрт босқичли тиббий текширувдан ўтказилиб, шифокор тавсиясига биноан, донорлик қилиши мумкин. Соғлом киши учун қон топшириш, албатта, хавфсиз ҳисобланади. Чунки одам организмидаги 4,5-5 литр қондан 400 мл. олинса, организм 36 соат ичида йўқотган суюқлиги ўрнини  тиклаб олиш хусусиятига эга. 

Мамлакатимизда бу йилги Халқаро донорлар кунида “Хавфсиз қон — оналарни сақлаб қолиш учун” шиори остида хайрли тадбирлар ўтказиш кўзда тутилган бўлиб, сана муносабати билан кўп йиллар давомида беғараз қон топширган донорларга эсдалик совғалари улашиш ҳам режалаштирилган. 

Қон бериш — жони қил устидаги инсонга ҳаёт ҳадя этишдир. Ҳаёт ҳадя этиш — савоб ишнинг энг олий ифодаси саналади. Шундай экан, савоб ишни амалга оширишга кечикмайлик.

Аълонур САИДОВ,

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 

Гематология ва қон қуйиш илмий 

текшириш институти директори, 

тиббиёт фанлари доктори.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn