Соғлиқни сақлаш тизими раҳбарлари бугунги кун талабларига қанчалик жавоб бера олади?
Версия для печати
  • 28 Февраль 2018

Соғлиқни сақлаш тизими раҳбарлари бугунги кун талабларига қанчалик жавоб бера олади?

Тизим раҳбарлари учун ташкил қилинган малака ошириш курсларида ушбу саволга жавоб изланди.

Замон ривожланиб, одамларнинг дунёқараши, фикрлаши ҳам ўзгариб бормоқда. Шу маънода раҳбар кадрларга қўйиладиган талаб ва вазифалар, улар елкасидаги масъулият ҳар қачонгидан ҳам ортмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилидаги Давлат дастури тўғрисидаги Фармонида алоҳида таъкидланганидек, “Ҳар бир давлат хизматчиси ҳар куни ўзининг меҳнати билан эгаллаб турган лавозимига лойиқлигини исботлаши шарт”. Ушбу талаб барча соҳалар қатори тиббиёт тизими бошқарув органлари раҳбарлари учун ҳам дахлдор. Зеро, бугунги кун талабига жавоб бера олмаган раҳбар халқимизни рози қилиб, мамлакатимиз ривожига ҳисса қўша олмайди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг соғлиқни сақлаш органлари фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисидаги Фармон ва қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазири буйруғи билан тизимдаги бошқарув органлари раҳбарларининг малакаси ҳамда касбий тайёргарлиги даражасини янада ошириш мақсадида биринчи марта чуқурлаштирилган ҳафталик ўқув курслари ташкил этилди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқарма бошлиқлари, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларининг масъуллари иштирок этмоқда.

Малака ошириш курслари уч босқичда ташкил этилиб, соғлиқни сақлаш тизимининг барча бўғинидаги раҳбар ходимларини қамраб олиш белгиланган, дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати томонидан “Халқ сўзи online”га тақдим этилган хабарда. Режага кўра, ушбу курсларда 700 нафардан ортиқ раҳбарлар малакаси оширилади. 

Машғулотларда 2017 йилда соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш бўйича қабул қилинган Президент Фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари шарҳи, уларнинг мазмун-моҳияти муҳокама қилинди. Дарҳақиқат, бугунги кун талабига жавоб бера оладиган раҳбар ходим, аввало, юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар кўламини ҳис қилиши ва унга бевосита ҳисса қўшиши лозим.

Шунингдек, ўқув курсларида бирламчи тиббий-санитария ёрдамини ташкил этиш, оналик ва болалик муҳофазаси, ихтисослаштирилган тиббий ёрдам ва хусусий тиббиёт муассасалари ишини ташкил этиш бўйича вазирлик мутасадди ходимлари маърузаси тингланди.

Коррупциянинг олдини олиш, дори воситалари, тиббий техника ва ижтимоий дориларга бўлган эҳтиёжни тўғри аниқлаш, мурожаатлар билан ишлаш тартибини янада такомиллаштириш каби йўналишлар бугун соғлиқни сақлаш тизими олдида турган долзарб масалалардан ҳисобланади. Ўқув курслари давомида ушбу мавзуларда маъруза ва тақдимотлар қилинмоқда.

Иштирокчиларга ҳар бир раҳбар ходим, аввало, халқ манфаати ва аҳоли розилиги йўлида хизмат қилиши, бунинг учун хонада ўтириб эмас, маҳаллама-маҳалла, хонадонма-хонадон юриб халқ билан мулоқот қилиши лозимлиги таъкидланди. Шунингдек, танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик бугунги кун  раҳбарининг кундалик қоидаси бўлиши кераклиги тушунтирилмоқда.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn