Бандлик, тиббий хизмат сифати, секторлар фаолияти танқидий ўрганилмоқда
  • 26 Февраль 2018

Бандлик, тиббий хизмат сифати, секторлар фаолияти танқидий ўрганилмоқда

Амалга оширилаётган ислоҳотлар, эзгу амаллар натижаси қачон кўринади? Қачонки, аҳоли ўз турмуш даражасидан, яшаш шароитидан қаноатланса, шукроналикда умргузаронлик қилсагина олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар самараси кўзга ташланиши мумкин. Айни чоғда бу каби хайрли ишларда парламент аъзоларининг иштироки катта бўлаётгани эътиборга молик.

Чунончи, шу кунларда Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида халқ вакиллари фуқаролар билан юзма-юз мулоқотда бўлиб, уларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш чораларини кўраяптилар. Юзага келган салбий ҳолатларнинг такрорланмаслиги учун маҳаллий ҳокимият вакиллари билан бажарилиши лозим бўлган вазифалар юзасидан режалар ишлаб чиқилмоқда.

— Дастлабки кунларда 300 га яқин хонадонда бўлиб, фуқаролар мурожаатларини ўргандик, 6 та тиббий муассасада яратилган шароитлар билан танишдик, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Тўлқинжон Каримов. — Шунингдек, 14 та таълим масканидаги ўқиш жараёнида қатнашдик. Натижада кўтарилган 150 та муаммодан 30 таси жойида ҳал қилинди, қолган масалаларнинг ижобий ечимини таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Мурожаатларнинг аксарияти уй-жой, коммунал хизмат кўрсатиш, транспорт ва йўл қурилиши, соғлиқни сақлаш, таълим соҳаларига оид экани ушбу вазифалар ижросини таъминлашда янгича ёндашувни таъминлаш лозимлигини кўрсатмоқда.

— Парламент аъзолари хонадонимизда бўлиб, бизни қийнаб келаётган муаммолар билан танишди, — дейди “Шарқ юлдузи” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Ўришали Аҳмедов. — Улардан бири, шубҳасиз, бандлик масаласидир. Кўплаб маҳалладошларимиз доимий иш жойига эга эмас. Бу уларнинг оилавий шарт-шароитига салбий таъсирини ўтказмоқда. Таклифларимиз инобатга олиниб, Олтинкўл саноат касб-ҳунар коллежи ҳудудида трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхона барпо этишга қарор қилингани барчамизни қувонтирди. Унга кўра, шу йилнинг тўртинчи чорагида 4 миллиард сўм сармоя киритилиши эвазига янги корхона фаолияти йўлга қўйилади. Бу билан 200 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланади.

Олтинкўлликлар нафақат томорқачиликда, балки тадбиркорликда ҳам катта тажрибага эга. Бунинг учун эътибор ҳамда кўмакнинг ўзи кифоя. Юртимизда яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга киришган Ўғилой Жўраева “Қорақалпоқ” МФЙда яшайди. Ўрганиш чоғида унинг “Микрокредитбанк” туман бўлимига кредит сўраб ёзган аризаси жавобсиз қолаётгани ойдинлашди. Депутатлар аралашуви билан бу масала ҳам ижобий ҳал этилиб, унга 8 миллион 800 минг сўм миқдоридаги кредит маблағи йўналтирилди. Шу билан бирга, Ёшлар иттифоқининг туман кенгаши биносидан хона ажратилди.

Парламент аъзолари томонидан таълим муассасаларидаги мавжуд муаммолар ҳам батафсил кўриб чиқилмоқда. Масалан, Андижон маҳалласида жойлашган 26-умумтаълим мактаби тоза ичимлик суви билан таъминланмагани сабабли санитария-гигиена қоидаларига риоя қилиш талаб даражасида эмас эди. Тармоқдан махсус сув линияси тортилиб, ўқув муассасасига тоза ичимлик суви олиб келинди.

Хоразм вилоятидан сайланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари маҳаллий давлат идоралари билан биргаликда, Хонқа туманидаги қатор ташкилот, муассаса ҳамда аҳоли хонадонларида бўлиб, одамлар фикри, талаб ва эҳтиёжларини атрофлича таҳлил этишди. Секторлар фаолияти, давлат бошқаруви идоралари ўз зиммаларидаги вазифаларни қай даражада бажараётганига, фуқаролар мурожаатлари қандай ҳал қилинаётганига жиддий эътибор қаратилди.

Ўрганишлар давомида халқ вакиллари томонидан 381 хонадон, 48 та тадбиркорлик субъекти, шунингдек, маҳаллалар ҳамда ташкилотларда икки минг нафардан ортиқ фуқаролар билан мулоқот ташкил этилди. Самимий суҳбатлар давомида туман аҳолисидан 283 та мурожаат келиб тушди. Уларда кўтарилган муаммоларни бартараф қилиш юзасидан мутасадди идора ва ташкилотлар томонидан тегишли чора-тадбирлар режалари ишлаб чиқилди, туманнинг “йўл харитаси”га киритиш учун таклифлар тайёрланди.

Парламент аъзолари томонидан Хонқа тумани тиббиёт бирлашмаси, 50-оилавий поликлиника ҳамда қишлоқ врачлик пунктларида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати, амбулатор ва патронаж хизмати, тез тиббий ёрдам ҳамда ижтимоий дорихоналар фаолияти ўрганилди.

— Тумандаги соғлиқни сақлаш муассасалари иши билан танишганимизда, ҳал қилиниши керак бўлган муаммолар талай эканига амин бўлдик, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мақсуд Қурбонбоев. — Мисол учун, туман тиббиёт бирлашмаси тез тиббий ёрдам хизматида 8 та автомашина мавжуд бўлиб, иккитасининг ҳолати қониқарсиз, яна 5 та автомашинага эҳтиёж бор. Тиббиёт бирлашмаси моддий-техника базаси эскирган. Шифохоналарда беморларни қабул қилиш жараёнини тезлаштириш ва соддалаштириш мақсадида замонавий ахборот технологиялари имкониятларидан етарли фойдаланилмаяпти. Оилавий поликлиникалар ҳамда қишлоқ врачлик пунктлари раҳбарларининг аҳоли олдида ҳисобот бериш амалиёти талаб даражасида эмас. Буларни бартараф этиш мақсадида мутасадди идоралар вакиллари билан биргаликда бир қатор чора-тадбирлар белгиланди.

Мактабгача таълим тизимида амалга оширилаётган ишлар ҳолати ўрганилганда, тумандаги 30 та мактабгача таълим муассасасининг аксарияти капитал таъмирга муҳтожлиги, болаларни овқатлантириш сифати талабга жавоб бермаслиги, бирламчи дори-дармон воситаларининг етарли эмаслиги танқидий таҳлил қилиниб, мазкур муаммоларни бартараф этиш мақсадида туман мутасаддиларига тегишли кўрсатмалар берилди.

— Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатларининг туманимиз аҳолиси билан мулоқотларида “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган ҳаётий тамойил рўёбини кўраяпмиз, — дейди “Янги турмуш” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Озод Бекчонов. — Маҳалламизда электр таъминотида узилишлар кўп бўлади. Шу масала бўйича мурожаатимиз ўрганилиб, жорий йилнинг биринчи чорагида ижобий ҳал этиладиган бўлди.

Парламент аъзолари туман деҳқон бозори, савдо ҳамда хизмат кўрсатиш шохобчаларида бўлиб, нарх-наво, аҳоли харид қобилияти, мижозлар учун яратилган шароитлар билан ҳам танишдилар.

— Туман деҳқон бозори олдидаги йўл неча йиллардан буён таъмирталаб эди, — дейди 

39-умумтаълим мактаби директори Дилором Дурдиева. — Ўқувчиларимиз ҳам шу йўлдан мактабга қатнайди. Очиғи, бу масала бўйича мурожаатимиз бунчалик тез ҳал бўлади, деб ўйламагандик. Уч-тўрт кун ичида йўлнинг ярим километр узунликдаги қисмига асфальт ётқизилди.

Халқ депутатлари Хонқа тумани Кенгашининг сессиясида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, фаол тадбиркорлик ва инновацион технологияларни қўллаб-қувватлаш, аҳолига тиббий санитария хизмати кўрсатиш сифатини яхшилаш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан мутасадди раҳбарларнинг ҳисоботлари эшитилди.

Парламент вакилларининг халқ билан мулоқотлари жойларда қизғин давом этмоқда.

Саминжон ҲУСАНОВ,

Одилбек ОДАМБОЕВ,

«Халқ сўзи» мухбирлари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn