Беморларга ташхис қўйиш жараёни янада тезлашади 
  • 01 Февраль 2018

Беморларга ташхис қўйиш жараёни янада тезлашади 

Беморларга ташхис қўйиш жараёни янада тезлашадиган бўлди. Негаки, энди уларнинг касаллик тарихига оид маълумотлар компьютерларда жамланади. Яъни лаборатория таҳлиллари, аниқ ташхис, белгиланган даво муолажалари ҳақида билиш учун клавиатуранинг керакли тугмаси босилса, кифоя.

Бу янгилик Наманган шаҳар марказий шифохонасида амалиётга жорий этилди. Натижада тиббиёт муассасасининг барча бўлими локал тармоқда “MedData AAT” ахборот тизими орқали бир-бири билан боғланди. 

Инновацион амалиёт тиббий баённомани электрон тарзда юритиш имконини беради. Қолаверса, даволанувчи лабораторияга текширув учун қон топширган бўлса, таҳлил натижалари бемор ётқизилган бўлимдаги компьютерда ҳам кўринади. Бундан ташқари, шифокорнинг даволаш-диагностика стандартларига қай даражада риоя этаётгани бўлим мудирлари томонидан назорат қилиб турилади.

— Касаллик тарихига оид ҳужжатларни архивдан излаш каби ноқулайликларга барҳам берилди, — дейди шаҳар марказий шифохонаси бош шифокори Абдували Мавлонов. — Бундан ташқари, тизимга халқаро касалликлар таснифи даражасида маълумотлар базаси киритилган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган даволаш-диагностика стандартлари ҳам мавжуд. Мутахассислар бундан фойдаланиб, даволаш ишларини самарали йўлга қўйишади. Фуқаролар эса саноқли дақиқада ўз касаллик тарихидан кўчирма олишлари ҳам мумкин. 

Айни пайтда Наманган вилоятидаги ўнта тиббиёт муассасасида ана шундай автоматлаштирилган ахборот тизимини жорий этиш устида иш олиб борилаяпти. 

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn