Энди ҳар жума “Тиббиёт куни”, дори-дармон воситаларига ажратилган маблағ эса ўтган йилдагидан икки баробар кўп
  • 26 Январь 2018

Энди ҳар жума “Тиббиёт куни”, дори-дармон воситаларига ажратилган маблағ эса ўтган йилдагидан икки баробар кўп

 

Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов ҳафтани ҳар жума кунини “Тиббиёт куни” сифатида белгилаш ҳақида топшириқ берган.

Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги матбуот-хизмати хабар тарқатди.

Туман ҳокимининг ўринбосарлари ҳафтанинг жума куни тиббиёт муассасаларидаги муаммоларни ўрганиш, таҳлил қилиш, уларни бартараф этиш, айниқса, оилавий поликлиникаларда фуқароларни кутиш ҳолатларини олдини олиш каби камчиликларни бартараф этиш билан шуғулланиши белгиланди.

Соғлиқни сақлаш тизими фаолиятини такомиллаштириш мақсадида 25 январь куни шаҳар ҳокимининг фармойиши қабул қилинди. Унга мувофиқ тизимидаги тиббиёт муассасаларини юмшоқ ва қаттиқ жиҳозлар билан таъминлашга 6 млрд. 185 млн сўм маблағ ажратилади.

Бундан ташқари, маҳаллий бюджетдан молиялаштириладиган тиббиёт муассасаларида, дори-дармон воситаларига ажратиладиган маблағ ўтган йилга нисбатан икки баробарга оширилди. 2017 йилда 26,5 млрд. сўм бўлган бўлса, 2018 йилда 48,2 млрд. сўмни ташкил этмоқда.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан кўриладиган бу каби чора-тадбирлар яқин кунлар ичида шаҳар соғлиқни сақлаш тизимида жиддий ўзгаришлар бўлишига олиб келади, дейилган хабарда.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn