Мураккаб жарроҳлик амалиёти
  • 05 Ноябрь 2017

Мураккаб жарроҳлик амалиёти

Бухорода муваффақиятли ўтказилди

Жондор туманининг Далмун қишлоғида яшовчи Давлатовлар оиласи яқинда ҳаётнинг оғир бир синовини бошдан кечирди. Яъни уларнинг суюкли фарзанди, олти ёшли Суғдиёна туғма юрак нуқсони билан жарроҳлик столига ётқизилди. Амалиёт ўтказилаётган хона эшиги ортидаги умидвор кўзларни таърифлаш мушкул.

Бундай пайтда вақт гўё тўхтаб қолади, юракни ҳадик ва хавотир эзиб юборади. Давлатовлар оиласи бахтига операция ижобий якунланди. Нигоҳлардаги мунг ўрнида қувонч...

Бу Бухоро вилояти кўп тармоқли болалар тиббиёт марказида туғма юрак жарроҳлиги бўйича муваффақиятли амалга оширилган дастлабки операция бўлди.

— Ушбу ноёб жарроҳлик амалиёти тиббиётимиздаги ислоҳотлар самарасидир, — дейди мазкур марказ бош шифокори Аваз Қурбонов. — Негаки, муассасамиз энг замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланган. Президентимиз раҳнамолигида тиббий хизмат сифатини яхшилаш, соҳага илғор хорижий тажрибаларни изчил татбиқ этиш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, чет элларда фаолият кўрсатаётган малакали кадрларимизни ортга қайтариш, тиббиётни халққа яқинлаштириш борасида улкан ишлар олиб борилаяпти. Биз ана шулардан келиб чиққан ҳолда, академик В. Воҳидов номидаги ихтисослаштирилган кардиохирургия марказининг бир гуруҳ шифокорлари ва Россия Федерациясининг А. Н. Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги илмий марказида фаолият кўрсатган кардиохирург Ш. Турсунов иштирокида туғма юрак нуқсони билан даволанаётган 17 нафар беморни тиббий кўрикдан ўтказдик. Уларга зарур тавсиялар берилди. Беморларнинг икки нафарида юрак жарроҳлик амалиёти ўтказиш зарурлиги аниқланди. Дарвоқе, чет элда ишлаб, бой тажриба тўплаган кардиохирург Ш. Турсунов эндиликда марказимизда ишлаётгани бизга ҳар жиҳатдан фойдали бўлмоқда.

— Илгари бундай жарроҳлик амалиётлари хорижнинг замонавий клиникаларида қилинарди, — дейди яна бир суҳбатдошимиз, вилоят болалар бош кардиологи Венера Ҳусаинова. — Бу  бемор болаларнинг ота-оналарини иқтисодий жиҳатдан анча қийнаб қўярди. Эндиликда эса бундай ташвишларга ҳожат қолмади. Марказимизда туғма юрак нуқсонли болаларнинг даволаниб, оиласи бағрига қайтишлари учун барча шарт-шароит мавжуд.

Биз шундай туғма хасталик туфайли жарроҳлик амалиёти ўтказилган Суғдиёнанинг саломатлиги билан ҳам қизиқдик. Шифокорларнинг таъкидлашича, қизалоқ ўзини жуда яхши ҳис этмоқда. Тетик. Қувноқ. Расмлар чизмоқда. Шеърлар ёд олаяпти. Ота-онаси хурсанд. Бинобарин, одамларнинг оғирини енгил қилиш, дардига дармон бўлиш, уларга шодлик улашиш энг улуғ савобдир. Бугун тиббиётимиздаги ислоҳотлар ҳам моҳиятан ана шу мақсадга қаратилган.

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn