Намунали тиббиёт тизимини жорий этиш — асосий мақсад
  • 03 Июнь 2017

Намунали тиббиёт тизимини жорий этиш — асосий мақсад

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 26 май куни пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманига ташриф буюрганида аҳолига тиббий хизмат кўрсатишнинг сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича туманни намунавий ҳудудга айлантириш юзасидан қатор вазифаларни белгилаб берган эди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузурида ташкил этилган тиббиётни мувофиқлаштириб борувчи Республика комиссияси аъзолари мазкур тумандаги барча тиббиёт муассасаси фаолияти билан яқиндан танишдилар. Эришилган ютуқлар баробарида, соҳадаги мавжуд муаммолар ўрганилиб, кенг жамоатчилик иштирокида таҳлил қилинди.

Қайд этиш керакки, бугун аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматни яхшилаш ва самарали ташкил қилишда жамоатчилик назорати кучайтирилиб, бунда ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятига катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, оилавий поликлиникалар раҳбарларининг ўз фаолияти ҳақидаги ахборотини ҳар ойда тегишли маҳалла фуқаролар йиғинларининг мажлисларида эшитиб бориш тизими жорий этилди.

Шунга кўра, Шайхонтоҳур туманидаги Оқтепа, Ибн Сино, Белтепа, Янги Белтепа, Шодлик маҳаллалари аҳолисига хизмат кўрсатувчи 40-оилавий поликлиника раҳбарининг ахбороти эшитилди.

Йиғилишда сўзга чиққанлар жамоатчилик назоратининг ушбу механизми аҳолининг тиббиётга бўлган ишончини мустаҳкамлаб, оилаларнинг тиббий маданиятини юксалтиришга хизмат қилишини қайд этишди.

Таъкидланганидек, бугун патронаж хизматининг сифати ва самарадорлиги тубдан оширилмоқда. Ҳар бир хонадон оилавий поликлиника шифокори ҳамда ҳамширалари тўғрисидаги маълумотлар билан таъминланган. Шунингдек, патронаж ҳамширалари ўзига бириктирилган хонадонларга фаол қатновни амалга ошириши ва сурункали касаллиги бор беморлардан хабар олиш билан бирга, шифокор тавсиясига кўра, муолажалар қилиб бориши туфайли тез ёрдам чақирувларининг сони -камаймоқда.

40-оилавий поликлиника ҳудудидаги 43 мингдан ортиқ аҳолига 18 умумий амалиёт шифокори ва 60 нафар патронаж ҳамшираси хизмат кўрсатиб келаяпти. Соғломлаштириш ҳафталикларида фертиль ёшидаги аёллар, ҳомиладорлар, болалар ҳамда ўсмирлар, ногиронлар ва меҳнат фахрийлари кенг қамраб олинаётир. Поликлиника ҳудудида “103” хизмати ташкил этилган. Бундан ташқари, 30 ўринга мўлжалланган кундузги стационарда беморлар врачлар назоратида бўлиб, керакли муолажаларни олмоқдалар. Маҳалла ҳамда поликлиника ҳамкорлигида амалга оширилган ишлар туфайли аҳолининг тиббий маданияти, шифокор ва ҳамширалар хизматидан розилиги ортаяпти. Мурожаат қилган беморлар учун зарур дори-дармон воситалари таъминоти яхшиланган.

Шу билан бирга, ечимини кутаётган айрим масалаларга ҳам тўхталиб ўтилди. Аҳоли сонига нисбатан баъзи тор доирадаги мутахассисларнинг етишмаслиги, поликлиникадаги ташхис қўйиш асбоб-ускуналари, лаборатория жиҳозларининг эскирганлиги, ҳомиладор аёллар учун мажбурий топшириладиган таҳлилларга реактивларнинг йўқлиги фуқароларнинг асосли эътирозларига сабаб бўлаётир.

Йиғилишда мазкур муаммоларни ўз вақтида, тўлиқ бартараф этиш, умуман, туманда тиббий хизматни янада такомиллаштириш, тиббиёт муассасалари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, аҳолини дори воситалари билан таъминлаш тизимини мувофиқлаштиришни такомиллаштириш борасида чора-тадбирлар ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.

Кўриб чиқилган масалалар юзасидан ҳудуддаги маҳалла фуқаролар йиғинларининг қўшма қарори қабул қилинди.

Фарида МАҲКАМОВА,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn