Стоматология ривожи ва малакали кадрлар
  • 05 Май 2017

Стоматология ривожи ва малакали кадрлар

Кеча пойтахтимизда стоматологларнинг I Халқаро конференцияси бошланди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент давлат стоматология институти ва Ўзбекистон стоматологлар ассоциацияси ташаббуси билан ташкил этилган анжуманда мамлакатимиз ҳамда АҚШ, Россия Федерацияси, Хитой, Германия, Жанубий Корея, Франция, Италия, Нидерландия, Литва, Польша, Қозоғистон, Қирғизистон ва бошқа давлатларнинг нуфузли олий ўқув юртлари, илмий марказлари олимлари, -шифокорлар, ёш тадқиқотчилар қатнашмоқда.

Тадбир жаҳоннинг етакчи илмий-таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, ўқув жараёнига илғор педагогик технологиялар, ўқув дастурлари ва ўқув-услубий материалларни кенг жорий қилиш, шунингдек, ўқув-педагогик фаолиятга, малака ошириш курсларига хориждаги таълим муассасаларидан юқори малакали ўқитувчилар ва олимларни фаол жалб этиш, магистрант, ёш ўқитувчи ва илмий -ходимларнинг хорижий таълим ва илмий муассасаларда амалиёт ўташини, профессор-ўқитувчиларнинг малакасини юксалтиришни ташкил қилиш масалаларига қаратилган.

2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан янгилаш, халқаро стандартлар даражасида олий малакали мутахассислар тайёрлаш учун зарур шароитлар яратишга доир муҳим масалалар белгиланган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 2017 йилнинг 5 январь ва 7 февраль -кунлари соғлиқни сақлаш ходимлари билан бўлиб ўтган учрашув, шунингдек, 30 март куни ўтказилган видеоселектор мажлисида белгиланган вазифалар соғлиқни сақлаш тизимидаги мавжуд масалаларни ҳал қилиш ва соҳа ривожини янги босқичга олиб чиқиш билан боғлиқ муаммоларни ўз вақтида ечишга ундайди.

Қолаверса, ушбу вазифалардан келиб чиқиб, анжуман доирасида иқтидорли бакалавриат ва магистратура босқичи талабалари, клиник ординаторлар ҳамда ёш изланувчи мутахассислар иштирокида “Ёш олимлар куни” анжумани, -республикамизнинг етакчи профессор-олимлари ва уларнинг хорижий ҳамкасблари иштирокида стоматологиянинг долзарб муаммоларига бағишланган илмий-амалий конференция ҳамда стоматологик материаллар, асбоб ва ускуналар ишлаб чиқарувчи маҳаллий ҳамда хорижий корхоналар иштирокида “Стоматологик асбоб-анжомлар кўргазмаси”  ўтказилмоқда.

Тошкент давлат стоматология институтида ташкил этилган тадбир доирасида стоматологиянинг реставрация, пародонтология, ортодонтия ва тиш имплантацияси йўналишлари бўйича танловлар ҳамда маҳорат дарслари уюштирилди. Уларда стоматология институтининг бакалавриат ва магистратура босқичи талабалари, клиник -ординаторлари, вилоятлардан келган амалиёт шифокорлари билан бир қаторда, чет эллик мутахассислар ҳам қатнашди. 

— Ўзбекистонга илк бор келишим, — дейди Варшава тиббиёт университети профессори, тиббиёт фанлари доктори Катаржина Брюс-Савчук. — Ташрифимнинг илк куниёқ юртингизда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, яратилган шарт-шароитлар, хусусан, стоматология йўналишини ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар билан танишдим. Очиғи, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётгани диққатга сазовордир. Тиббиётнинг муҳим йўналишларидан бири — стоматология соҳасига энг сўнгги инновациялар татбиқ этилаётгани ибратли саъй-ҳаракатлардан саналади. Тошкент давлат стоматология институти талабаларига ўтказган -“мастер-класс” машғулотимда ёшларнинг кучли билим, малакали мутахассис бўлишга интилиши менда алоҳида ҳавас уйғотди. 

Конференция бугун ҳам ўз ишини давом эттиради. 

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn