Қизиқарли баҳслар, кутилмаган натижалар
  • 01 Май 2014

Қизиқарли баҳслар, кутилмаган натижалар

Футбол бўйича Ўзбекистон ХХIII миллий чемпионати олий лигаси жамоалари ўртасида олтинчи тур учрашувлари якунланди.

Ушбу турда бир қатор кутилмаган натижалар қайд этилди. Жумладан, амалдаги чемпион — “Бунёдкор” Бухорода “Бухоро” клуби билан дуранг (1:1) ўйнаган бўлса, Фарғонанинг “Нефтчи” жамоаси ўз майдонида олий лига дебютанти “Машъал” (Муборак)ни мағлубиятга учрата олмади. Мазкур ўйинда ҳар икки жамоанинг дарвозалари дахлсизлиги сақлаб қолинди. Мусобақа стартини яхши бошлаган “Насаф” эса Қаршида Бекободнинг “Металлург” жамоаси билан муроса кўчасини танлади — 0:0.

“Олмалиқ” (Олмалиқ) клуби тунислик легионер Шакир Зуагининг ягона голи эвазига “Қизилқум” (Навоий)ни мағлубиятга учратди. Шу тариқа Шакир Ўзбекистон чемпионатида гол киритган тунислик биринчи футболчи бўлди. 

Вадим Абрамов бош мураббийлигидаги “Локомотив” “Андижон” клубидан 4:0 ҳисобида устун келди. Ушбу баҳсда жамоа ҳужумчилари Фарҳод Тожиев ва Иван Нагаев иккитадан гол киритди. Бу муваффақият “Локомотив”нинг олий лигадаги юзинчи ғалабаси ҳисобланади. Ўйинда учинчи голга муаллифлик қилган Иван Нагаев эса клубнинг Ўзбекистон чемпионатларидаги 350 голини ўз номига ёзиб қўйди.

Наманганда “Навбаҳор” ва “Сўғдиёна” клублари ўртасидаги баҳсни томоша қилиш учун стадионга келган мухлислар голлар шоусидан баҳраманд бўлишди. Учрашувда мезбонлар тўрт, меҳмонлар эса икки бор муваффақиятга эришди.

Самарқандда “Динамо” ва “Пахтакор” жамоалари ўртасидаги баҳс ҳам қизғин курашларга бой кечди. Ўйинда 1:2 ҳисобида устун келган тошкентлик футболчилар ХХIII миллий чемпионатдаги кетма-кет олтинчи ғалабасини нишонлади. Эътиборга молик жиҳати, “Пахтакор”га муваффақият келтирган гол яна ҳимоячи Егор Кримец томонидан киритилди. Егор бешинчи турда ҳам “Олмалиқ” дарвозасини ишғол қилиб, жамоасига муҳим уч очкони келтирган эди. 

Олий лига жамоалари ўртасидаги навбатдаги тур учрашувлари 2 ва 3 май кунлари бўлиб ўтади. Ушбу турда мухлислар “Пахтакор” ва “Локомотив” клублари ўртасидаги марказий ўйинга гувоҳ бўлишади. Шунингдек, “Бунёдкор” — “Навбаҳор”, “Металлург” — “Нефтчи”, “Сўғдиёна” — “Насаф”, “Андижон” — “Бухоро”, “Қизилқум” — “Динамо” ва “Машъал” — “Олмалиқ” жамоаларининг ўзаро беллашувлари ҳам қизиқарли курашларга бой ўтиши кутилмоқда.

Полвонларимиз ғалабаси

Остонада эркин, юнон-рум ва хотин-қизлар кураши бўйича ўтказилган Осиё чемпионатида ҳамюртларимиз битта олтин, битта кумуш ва учта бронза медални

қўлга киритди.

Мусобақада юнон-рум кураши бўйича Элмурод Тасмуродов ўз вазн тоифасида ғолиб чиқди. У ўтган йили Деҳли шаҳрида ташкил этилган қитъа чемпионатида ҳам олтин медалга сазовор бўлган эди. Яна бир курашчимиз Рустам Ассакалов иккинчи ўринни қўлга киритди.

Эркин кураш бўйича Фурқат Фармонов, Ихтиёр Наврўзов ва Рашид Қурбонов ўз вазн тоифасида кучли учликдан жой олди.

Фазлиддин АБИЛОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn