Халқаро олимпия қўмитаси вакили Ўзбекистонда
  • 30 Апрель 2014

Халқаро олимпия қўмитаси вакили Ўзбекистонда

Мамлакатимизга ташриф буюрган Халқаро олимпия қўмитаси ижроия қўмитаси аъзоси, Халқаро енгил атлетика федерацияси (IAAF) вице-президенти Сергей Бубка Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси М. Усмонов билан учрашди.

Суҳбат чоғида Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда спортни ва олимпия ҳаракатини изчил ривожлантиришга қаратилаётган улкан эътибор ва ғамхўрлик юксак самаралар бераётгани алоҳида таъкидланди. Жумладан, Олимпия ўйинлари дастуридан жой олган енгил атлетика  тобора оммалашиб бораётир. 

Спортчиларимизнинг нуфузли мусобақаларда қўлга киритаётган ютуқлари салмоғи ҳам йилдан-йилга ортиб бормоқда. 2013 йилда енгил атлетикачиларимиз халқаро миқёсдаги турнирларда 45 олтин, 70 кумуш ва 36 бронза, жами — 151 медални қўлга киритгани бунинг далилидир. Жорий йил февраль ойида Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтказилган енгил атлетика бўйича ёпиқ иншоотлардаги VI Осиё чемпионатида терма жамоамиз аъзолари учта олтин, учта кумуш, иккита бронза, жами — саккизта медалга сазовор бўлди. 

Сергей Бубка Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ва Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази, “Пахтакор” стадиони ҳудудидаги замонавий енгил атлетика базаси қурилиши жараёни билан танишди.

Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 25 февралдаги «Ўзбекистон спортчиларини 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ барпо этилаётган мазкур иншоотлар мамлакатимиз спорт инфратузилмасини янада ривожлантириш, спортчиларимизнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, машғулотларни юқори савияда ташкил қилишга хизмат қилади. 

— Президент Ислом Каримов томонидан спортни ривожлантиришга қаратилаётган улкан эътибор соҳа тараққиётида муҳим омил бўлмоқда, — деди Сергей Бубка. — Ўзбекистонда спортни ҳар томонлама тараққий эттириш, спортчиларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўзининг юксак самараларини бераётганига гувоҳ бўлдим. 

Халқаро олимпия қўмитаси ижроия қўмитаси аъзоси, Халқаро енгил атлетика федерацияси вице-президенти Сергей Бубка Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси раиси ў. Ибрагимов билан учрашди.

Б. АЙТМУРОДОВ,

ЎзА мухбири.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn