Халқимиз спортчиларимиз эришган  муваффақиятлардан фахрланмоқда
  • 25 Август 2016

Халқимиз спортчиларимиз эришган  муваффақиятлардан фахрланмоқда

Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги арафасида спортчиларимиз XXXI ёзги Олимпиада ўйинларида юксак натижаларни қўлга киритиб, Ватанимизга ўзларининг ажойиб совғасини туҳфа этишди.

“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан вакилларимизнинг Рио-де-Жанейро шаҳри мезбонлик қилган нуфузли мусобақадаги иштироки юзасидан халқимизнинг фикрини ўрганиш мақсадида экспресс-сўров ўтказилди.

Респондентларнинг 99,8 фоизи спорт мамлакатимизда янги босқичга, юксак поғонага кўтарилганини, Ўзбекистон атлетларининг Олимпиададаги муваффақияти эса мустақиллик йилларида амалга оширилган ислоҳотлар самараси, деб билишини таъкидлаган. Сўровда иштирок этганларнинг мутлақ кўпчилиги тўрт йилликнинг энг нуфузли спорт анжуманидаги улкан ютуқлар, аввало, Президентимиз томонидан амалга оширилаётган оқилона сиёсат натижаси эканлигини эътироф этишган. Спортни ривожлантириш ва оммалаштиришга, профессионал спортчилар, мураббий ҳамда ҳакамларни тайёрлашнинг самарали тизимини яратишга қаратилган саъй-ҳаракатлар халқимиз томонидан кенг қўллаб-қувватланаётир.

Тадқиқот шуни кўрсатдики, юртдошларимиз ўзбекистонлик спортчилар қатнашган мусобақаларни катта ҳаяжон билан кузатишди. Сўровда иштирок этганларнинг барчаси Ўзбекистон терма жамоаси Олимпиада ўйинларида аъло даражада қатнашиб, юксак натижаларга эришганини таъкидлади. 99,3 фоиз респондентнинг фикрича, спортчиларимиз тўрт йилликнинг нуфузли беллашувларида Ватанимиз шаънини муносиб ҳимоя қилдилар. Fолиблик шоҳсупасига кўтарилган вакилларимиз номи эса юртимиз ва жаҳон спортининг солномасидан жой олди.  

Сўров иштирокчилари олимпиадачиларимизнинг ажойиб муваффақиятлари Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини янада юксалтиришга, юртимизнинг қудратли спорт мамлакатлари қаторидан ўрин олишига хизмат қилишини алоҳида кўрсатиб ўтишди. Респондентлар мамлакатимизнинг мустақиллик йилларида барча жабҳада, жумладан, спорт соҳасида эришган юксак марра ҳамда натижаларидан ғурурланишини қайд этган. Вакилларимизнинг Рио-де-Жанейродаги иштироки халқимиз учун унутилмас онларга бой бўлган ёрқин воқеа ва ҳақиқий спорт байрами сифатида эътироф этилган. 

Сўровда қатнашганлар 2016 йилги Олимпиада ўйинларида Ўзбекистон вакиллари эришган юксак натижалар ҳақида ўз ҳис-туйғуларини ўртоқлашар экан, “ғалабадан қалблари фахр ҳамда қувончга тўлгани”ни, “спортчиларимиз мустақил Ўзбекистон салоҳиятини муносиб намойиш этганлиги”ни бот-бот таъкидлашди.

Ўзбекистон олимпиадачилари мусобақаларда шижоат, ғалабага бўлган иштиёқ, тетик руҳ, қатъият, қобилият сингари энг яхши фазилатларини намойиш этиб, улкан муваффақиятларни қўлга киритди. 

Экспресс-сўров иштирокчилари 2020 йили Токиода бўлиб ўтадиган ёзги Олимпиада ўйинларида ҳамюртларимиз бундан-да юксакроқ марраларни қўлга киритишга, улардан фақат ва фақат ғалаба кутишларига ишонч билдиришган. Юртдошларимиз спорт мусобақаларида эришилаётган медалларимиз сони янада ортишига, Ватанимиз мадҳияси энг нуфузли халқаро турнирларда кўп бора янграшига умид қилишаяпти.

Респондентлар Ўзбекистоннинг 2016 йилги Олимпиада ўйинларидаги муваффақиятларини эътироф этган ҳолда, ушбу ғалаба мамлакатимизда нафақат спорт ҳамда олимпия ҳаракатини ривожлантириш, айни пайтда юртдошларимизнинг она-Ватанимиз равнақи йўлида барча соҳада улкан марраларга эришишида муҳим омил бўлиб хизмат қилишини кўрсатиб ўтишди.

 

«Ижтимоий фикр» жамоатчилик 

фикрини ўрганиш маркази

материаллари асосида тайёрланди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn