Миллионлар олқишига сазовор ў-лон
  • 19 Август 2016

Миллионлар олқишига сазовор ў-лон

Олимпиада ўйинларининг кумуш медалини қўлга киритди

Ҳозирги кунда дунёда 7 миллиард 345 миллиондан ортиқ аҳоли яшаётган бўлса, жаҳон миқёсида энг машҳур шахслар, бу — спортчилардир. Қувонарлиси, ана шундай таниқли кишилар орасида бугун Ўзбекистон фарзандларининг номи ҳам алоҳида ҳурмат билан тилга олинмоқда.

Жумладан, Рио-де-Жанейро шаҳрида давом этаётган XXXI ёзги Олимпиада ўйинларининг бокс учрашувларида бири-биридан ажойиб баҳслар ўтказиб, ўзига хос услуби, характери, иродаси, гоҳида эса қувноқ ҳаракатлари орқали кўпчиликнинг эътиборини тортган, меҳрини қозонган истеъдодли спортчимиз Шаҳрам ўиёсовнинг ҳам, шубҳасиз, энди сайёрамизнинг турли нуқталарида кўплаб мухлислари бор. У тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасида кумуш медални қўлга киритиб, ўзбек бокс мактабининг салоҳияти нақадар юксак эканини яна бир карра исботлади.

Боксимиз ҳақида сўз юритганда, бежиз “салоҳияти юксак”, деган иборани тез-тез қўллаётганимиз йўқ. Бинобарин, мана шу Олимпиада ўйинлари мисолида ҳам бу жиҳат ўз тасдиғини топаяпти. Фикримизни айрим рақамлар асосида давом эттирсак, эришилаётган муваффақиятларнинг аҳамияти янада яққолроқ аён бўлади. Эътибор беринг: “Рио — 2016”нинг фақат бокс мусобақаларида 76 давлатдан 287 нафар спортчи совринли ўринлар учун курашга киришганди. Яъни рақобат жуда кучли эди. Баҳсларнинг ўн иккинчи куни якунига кўра, биттадан олтин, кумуш ҳамда бронза медалларини қўлга киритган Ўзбекистон чарм қўлқоп усталари жамоа сифатида рўйхатда етакчилик қилишмоқда. Кейинги ўринлардан Қозоғистон, Россия, Бразилия, Франция, Колумбия жой олган. Жаҳон боксида доимо алоҳида эътироф этиладиган Куба эса еттинчи поғонада бораётган бўлса, биттадан бронза медалига эга чиққан Финляндия, Буюк Британия, Марокаш давлатлари саккизинчи ўринни бўлишиб олган.

Таъкидлаш жоизки, вазни 69 килограммгача бўлган спортчилар баҳсида қатнашган Шаҳрам ўиёсов дастлаб испаниялик Йоуба Ндьяе Сиссокони, кейин литвалик Эймантас Станионисни мағлубиятга учратди. Чорак финалда Пекин Олимпиадаси бронза медали соҳиби, Лондон Олимпиадаси ғолиби, кубалик Роньел Иглесиасни, ярим финалда Африка ва амалдаги жаҳон чемпиони, марокашлик Муҳаммад Робини енгиб, кумуш медаль билан тақдирланди.

— Бу мен учун биринчи Олимпия ўйинлари ҳамда шундай нуфузли спорт анжуманининг илк медали ҳисобланади. Бундан жуда хурсандман, — дейди Шаҳрам тақдирлаш маросимидан кейин ўтказилган матбуот анжуманида. — Ўзингиз гувоҳи бўлганингиздек, финалга қадар жиддий рақибларга дуч келдим. Айниқса, чорак финалдаги баҳс мен учун ўта оғир кечди. Аслида, Олимпиада ўйинларида кучсиз спортчининг ўзи бўлмайди ва шу боис рақибларим қанчалар номдор эканига эътибор қилмай, фақат ғалаба қозониш, шу орқали мустақиллигимизнинг 25 йиллигига совға ҳозирлаш ҳақида ўйладим. Бугун ниятимга эришдим. Мен Ўзбекистон фарзанди бўлганимдан фахрланаман ҳамда бундан кейин ҳам юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилиш учун бор куч ва салоҳиятимни ишга соламан. Фурсатдан фойдаланиб, биз, спортчиларга кўрсатилаётган юксак эътибор ҳамда ғамхўрлик учун давлатимизга, шунингдек, ота-онам, устозларим, барча-барчага миннатдорлик билдираман. Бу — бутун Ўзбекистоннинг ютуғидир.

— Ўғлимиз ҳар бир мусобақага кетаётган пайтда, албатта, дуомизни олади, — дейди Шаҳрамнинг отаси Жамшид ўиёсов. — Олимпиадага жўнаш олдидан ҳам онаси билан мени бағрига маҳкам босиб, “Совриндор бўлиб қайтаман”, деганди. Сўзининг устидан чиқди. Юртимиз номини улуғлашга ҳисса қўшаётган шундай фарзандимиз борлигидан фахрланамиз, бахтиёрмиз.

Шаҳрам ўиёсовдан аввал рингга кўтарилган Шаҳобиддин Зоиров ҳам чорак финалда кучли рақиб — амалдаги жаҳон чемпиони, 52 килограммгача бўлган вазн тоифасида биринчи рақам остида сараланган озарбайжонлик Эльвин Мамишзода билан рўбарў келди. Эътиборлиси, мазкур баҳсга қадар Ирландия ва АҚШ терма жамоалари аъзоларини мағлуб этган Шаҳобиддин ярим финал йўлланмаси учун кечган беллашувда ҳам бутун учрашувни ҳужумкор руҳда ўтказиб, ҳақли равишда ғалабага эришди. Энди у навбатдаги босқичда венесуэлалик Йоэль Сегундо Финоль билан куч синашади.

 

Шавкат ОРТИҚОВ.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn