Ўзбекистон спортчиси Олимпиада рекордини янгилади
  • 17 Август 2016

Ўзбекистон спортчиси Олимпиада рекордини янгилади

XXXI ёзги Олимпия ўйинларида вакилларимиз Ҳасанбой Дўстматов, Диёрбек Ўрозбоев, Ришод Собиров, Рустам Тўлаганов ва Элмурод Тасмуродов эришган ажойиб ғалабаларни халқимиз катта хурсандчилик сифатида нишонлаётган айни кунларда Рио-де-Жанейродан яна бир хушхабар олдик. Тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасида тажрибали спортчимиз Руслан Нурудинов олтин медални қўлга киритиш билан бирга, Олимпия ўйинлари рекордини ҳам янгилаб, ўзбек оғир атлетика мактабининг бугунги салоҳияти нақадар юксак эканини дунё аҳлига яққол намоён қилди.

Агар бирон спортчидан, у хоҳ АҚШ, хоҳ Хитой, Науру ёки Монако, қўйингки, қайси давлат вакили бўлмасин, “Энг катта орзуинг нима?” деб сўрасангиз, шубҳасиз, “Олимпиада баҳсларида иштирок этиш”, деган жавобни оласиз. Чиндан ҳам, ҳаётини шу соҳа билан боғлаган ҳар қандай атлет учун бундай йирик спорт анжуманида қатнашишнинг ўзи улкан муваффақият ҳисобланади. Лекин нафақат иштирок этиш, балки икки юздан ортиқ мамлакатнинг 11 мингдан зиёд вакили орасида ғолибликни қўлга киритиб, қолаверса, рекорд ўрнатиш — бу тарихий воқеа, чинакам сенсациядир! Руслан ана шундай ҳайратомуз натижани қайд этди. Бу ҳақда тўхталишдан аввал, келинг, оғир атлетикачимизнинг шу даражага қандай эришгани хусусида қисқача тўхталсак. Зеро, у энг мураккаб спорт тури саналган оғир атлетикада кўзлаган мақсадига етишиш учун юртимизда яратиб берилган беқиёс шарт-шароитлардан унумли фойдаланиб, астойдил меҳнат қилди, тер тўкди.

Руслан Нурудинов Ватанимиз мустақилликка эришган 1991 йилда Андижон вилоятининг Хонобод шаҳрида туғилган. Оилада уч ака-уканинг кенжаси. Акалари оғир атлетика билан шуғуллангани боис беш ёшидан спорт залига бориб, уларнинг машқларини ҳавас ила томоша қиларди. Ҳавас эса бора-бора қатъий мақсадга айланди. -Саккиз ёшида Руслан ҳам оғир атлетика билан мунтазам шуғулланишга киришди. Турли мусобақаларда тажриба ва маҳоратини оширди. Ниҳоят, навбат халқаро турнирларга етиб келди. 

2009 йилда Бирлашган Араб Амирликларида ўсмирлар ўртасида ўтказилган Осиё -чемпионатида олтин медални қўлга киритди. 

Бу унинг халқаро мусобақалардаги дастлабки ғалабаси эди. Ўшанда хорижлик кўплаб таниқли мутахассислар ёш атлетдаги шижоат, қатъиятни кўриб, унинг келажаги порлоқ эканини билдиришганди. Дарҳақиқат, ҳамюртимиз муваффақиятли чиқишларини давом эттирди. 2011 йили Франциядаги жаҳон чемпионатида кумуш, 2012 йили Жанубий Кореяда уюштирилган қитъа чемпионатида олтин медаль билан тақдирланди. Лондон шаҳри мезбонлик қилган Олимпия ўйинларида кучли тўртликдан жой олди.

Оғир атлетикачимиз айнан Буюк Британияда ўтказилган тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасида қайд этган натижасидан қониқмай, ўз устида янада кўпроқ ишлаши кераклигини тушуниб етганини, “Рио — 2016”да, албатта, совриндор бўлиш учун астойдил ҳаракат қилишини интервьюларида бир неча бор таъкидлаган.

Бунгача яна йирик халқаро турнирлар, беллашувлар ўтказилди. Уларда қатнашиб, маҳоратини оширди. Жумладан, 2013 йилги спорт мавсуми Руслан учун муваффақиятли кечди. Дастлаб Осиё чемпионатида учта олтин медалга сазовор бўлди. Жаҳон универсиадасининг икки рекордини янгилаб, чемпионликка эришди. Ўша йили Польшанинг Вроцлав шаҳрида оғир атлетика бўйича ўтказилган жаҳон биринчилигида олтин медални қўлга киритди.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида бир гуруҳ истеъдод эгалари қаторида моҳир спортчимиз Руслан Нурудиновнинг ана шу ғалабасини эътироф этган ҳолда, у “Ўзбекистон ифтихори” деган юксак унвон билан тақдирланганини айтиб, “Ватанимизнинг шону шуҳратини бутун дунёга тараннум этаётган, сафлари тобора кенгайиб бораётган бундай фарзандларимизни ҳар қанча қўллаб-қувватласак, ҳар қанча эъзозласак, арзийди, албатта”, дея таъкидлади.

Чиндан ҳам, юртимизда ҳар бир инсон ардоқда. Айниқса, Ватан шаънини улуғлашга муносиб ҳисса қўшаётганларни халқимиз чин дилдан қадрлайди. Руслан Нурудинов Президентимиз Фармонига мувофиқ, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” фахрий унвони билан ҳам тақдирланган.

...Рио-де-Жанейро. Оғир атлетика бўйича вазни 105 килограммгача бўлган атлетлар ўртасида Руслан Нурудинов штангани даст кўтаришда 194, силтаб кўтаришда 237, иккикураш якунига кўра, 431 килограмм натижа қайд этиб, Олимпия ўйинлари ғолиби бўлди. У силтаб кўтаришда кўрсатган натижаси билан бундан саккиз йил аввал беларуслик Андрей Арямнов томонидан Пекин Олимпиадасида ўрнатилган рекорд (236 килограмм)ни йўққа чиқариб, янги рекордчи сифатида жаҳон спорти тарихига кирди.

Ғолиб спортчимиз шарафига Ватанимиз байроғи кўтарилиб, давлатимиз мадҳияси янгради.

— Жуда ҳаяжондаман. Қалбимда кечаётган ҳис-туйғуларни сўз билан таърифлаб беролмайман. Бу юртдошларимизнинг ғалабасидир, — дейди чемпион Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси расмий сайтига берган интервьюсида. — Мени ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган давлатимизга, халқимизга, барча-барчага самимий миннатдорлигимни изҳор этаман.

Ватандошимизнинг Олимпия ўйинларидаги иштироки дунёнинг етакчи оммавий ахборот воситалари, хусусан, машҳур ахборот агентликлари, спорт нашрлари, телеканаллар, интернет орқали ҳам кенг ёритилди. Уларда спортчимизнинг маҳорати, янги рекорд қайд этгани алоҳида таъкидланиб, интервьюсидан иқтибос келтирилган. Айримларини эътиборингизга ҳавола қилсак:

 

“Agence France-Presse” ахборот агентлиги:

“Нурудинов 2012 йилда Лондон Олимпиадасида 4-ўринни эгаллаганидан сўнг унинг чап тиззасида жароҳат пайдо бўлди. Шу боис у 2013 йилдан 2015 йилгача спорт мусобақаларида қатнаша олмади. Руслан ўша дамларда ўзида катта куч ва ирода топиб, яна спорт мусобақаларига қайтиш ҳақида ўйлади ҳамда бугун шундай юксак маррани эгаллади”.

 

www.nbcwashington.com:

“У силтаб кўтаришда 237 килограмм натижа билан Олимпия ўйинларининг янги рекордини ўрнатди, икки кураш якуни бўйича олтин медални қўлга киритди. Шу пайтгача Марказий Осиё давлатлари орасида ҳеч бир оғир атлетикачи бундай муваффақиятга эриша олмаган”.

 

www.europeonline-magazine.eu:

“Руслан мусобақадан кейин берган интервьюсида аслида силтаб кўтаришда 237 килограммдан ҳам яхшироқ натижа қайд эта олиши мумкинлигини, чунки машғулотларда 240 килограммлик тошни бўйсундиришни уддалаганини айтди”.

Руслан ҳақида нуфузли халқаро спорт ташкилотлари вакиллари, чемпионнинг яқинлари, мураббийлари ҳам самимий фикр ва дил изҳорларини билдиришди.

 

Томаш АЯН, Халқаро оғир атлетика федерацияси президенти:

— Бугун Руслан Нурудинов кўрсатган натижа Ўзбекистонда спорт қай даражада тараққий топиб бораётганининг ёрқин исботидир. Умуман, “Рио — 2016”да Ўзбекистон вакиллари забт этаётган марралар таҳсинга сазовор. Олимпия ўйинларида бундай оламшумул ютуқларга ўз-ўзидан эришиб бўлмайди. Мен Ўзбекистонда бир неча маротаба бўлганман ҳамда юртингизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлардан яхши хабардорман. Амалга оширилаётган ишларга фақат қойил қолиш керак. Бунинг самараси Олимпия ўйинларида ҳам кўзга яққол ташланмоқда.

 

Гулчеҳра НУРУДИНОВА, чемпионнинг онаси:

— Ўғлим спорт оламига шунчаки чиниқиш учун кириб келгани йўқ. У чемпион бўлишга интилди. Ўз устида тинимсиз ишлади, маҳоратини ошириб борди. Нуфузли мусобақалар олдидан ҳамиша “Она, дуо қилинг, Ўзбекистоннинг муносиб ўғлони эканлигимни амалда исботлашим керак”, дерди. Ватанимиз байроғини юқори кўтаришни истарди. Мана, ниҳоят унинг энг катта орзуси рўёбга чиқди. Риодан олтин медаль билан қайтадиган бўлди. Бундан қанчалик қувонаётганимни, бахтиёр эканимни билсангиз эди...

 

Ойбек ТУРўУНОВ, Андижон олимпия захиралари коллежининг оғир атлетика бўйича мураббийи:

— Руслан Нурудиновнинг маҳоратли спортчи бўлиб етишишида илк устозлари Альберт Валеев ҳамда Марат Гафаровнинг хизматлари катта. Уларнинг машғулотлари туфайли Русланда оғир атлетикага, ғалабага бўлган иштиёқ янада кучайди. Иродаси тобланди. Бу эса спортда ярим муваффақият, дегани. Биз шогирдимиз билан фахрланамиз.

 

Сиёвуш АБДИЕВ, Руслан Нурудиновнинг синфдоши:

— Дўстимиз ана шу ғалабасига тўлиқ муносиб. Болалигидан тиришқоқ, ҳаракатчан, олдига қўйган мақсадига эришмагунига қадар тинмайдиган йигитдан бундай ютуқни ҳаммамиз кутгандик. Ниҳоят у нафақат яқинлари, дўстлари, мураббийлари, балки бутун халқимизни хурсанд қила олди...

“Рио — 2016”нинг бокс мусобақаларига оид яна бир қувончли хабар. Вазни 75 килограммгача бўлган спортчилар баҳсида иштирок этаётган ҳамюртимиз Бектемир Мелиқўзиев чорак финалда ҳиндистонлик Викаш Кришанни яққол устунлик билан енгиб, ярим финал йўлланмасини қўлга киритди. Бектемир кейинги беллашувни мексикалик Узиель Родригесга қарши ўтказади. Шунингдек, кеча 64 килограммгача бўлган вазнда рингга кўтарилган яна бир вакилимиз Фазлиддин ўойибназаров АҚШлик Гэри Антуан Расселлни мағлубиятга учратиб, ярим финалга йўл олди. Энди у россиялик боксчи Виталий Дунайцев билан финал йўлланмаси учун беллашади.

XXXI ёзги Олимпия ўйинларида ҳозирги пайтга қадар 2 та олтин ва 4 та бронза медалга эга бўлган Ўзбекистон делегацияси умумжамоа ҳисобида 27-ўринда бормоқда.

 

Шавкат ОРТИҚОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn