Шижоатли ёшлар мусобақаси
  • 05 Июль 2016

Шижоатли ёшлар мусобақаси

Бухорода “Ёш қутқарувчи” мусобақасининг республика босқичи бўлиб ўтди. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўртасида ташкил этилган мазкур беллашувда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан жами 14 та жамоа қатнашди.

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий кенгаши ҳамда бир қатор манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказиб келинаётган ушбу тадбирга қизиқиш йил сайин ошмоқда. Жорий ўқув йилида бу баҳсларнинг қуйи босқичларида 9011 нафар ўқувчи иштирок этгани ана шундан далолат беради.

Ёшлар онгида она-юртга садоқат, меҳр-муҳаббат ва инсонпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш, муносиб фарзандларни вояга етказиш, қолаверса, турли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, экстремал вазиятларда жисмоний ҳамда руҳий тайёргарликни маромига етказиш каби олижаноб мақсадларни кўзлаган тадбир ҳаяжонли лаҳзаларга бой бўлди.

— Мусобақага тайёргарлик кўриш жараёнида билим ва кўникмаларимизни мустаҳкамладик, — дейди Фарғона вилояти “Халоскор” гуруҳи аъзоси Дилмурод Ўринбоев. — Тадбирнинг якуний босқичида кучли жамоалар жамланган экан. Баҳслар шиддатли кечди. Муҳими, фавқулодда вазиятлар содир бўлганида қандай ҳаракатланиш борасидаги ютуқ ҳамда камчиликларимизни билиб олдик. Шу мусобақа сабаб кўплаб дўстлар орттирдик. Бухоронинг қадимий обидалари, -мустақиллик йилларида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишдик. Бу ердан унутилмас таассуротлар билан қайтаяпмиз.

Якунда “Бухоро маданий марказ”идаги муҳташам амфитеатрда ғолибларни тақдирлаш маросими ўтказилди. Биринчи ўринни эгаллаган “Шижоат” (Бухоро вилояти), иккинчи ўрин соҳиби “Кимёгар” (Тошкент вилояти), учинчи поғонани банд этган “Фидокор” (Тошкент шаҳри) гуруҳларига диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди. Шунингдек, турли -номинациялар совриндорлари ҳам тақдирланди.

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn