Юксак муваффақиятларнинг мустаҳкам пойдевори
  • 31 Май 2016

Юксак муваффақиятларнинг мустаҳкам пойдевори

Фарғонада талаба-ёшларнинг «Универсиада — 2016» спорт ўйинлари республика босқичи якунланди. 26 — 28 май кунлари “Истиқлол” стадионида Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан жорий этилган уч босқичли тизимнинг юқори бўғини — Универсиада машъаласи порлаб турди.

Мазкур вақт мобайнида шаҳардаги кўплаб иншоотларда 165 минг нафар навқирон авлод вакиллари орасидан саралаб олинган 900 нафар талаба-ёш спортнинг 15 тури бўйича ғолиблик учун баҳс олиб борди.

Хусусан, финал босқичи йўлланмасини қўлга киритган йигит-қизлар бутун мамлакат олдида ўз маҳорат ва истеъдодини намоён этишди. Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, уларнинг ҳар бири спорт туфайли ирода, қатъият, ватанпарварлик туйғуларига эга бўлган, юрт тақдири ўзларига боғлиқ эканлигини теран ҳис этган ёшлар вакили саналади. Шу маънода, қўлга киритилган ютуқлар янада қадрлидир.

— Таассуротларни сўз билан ифодалаш қийин, — дейди олтин медаль билан тақдирланган волейбол бўйича пойтахт жамоаси сардори Эльмира Ражабова. — Вакилларимиз ғалаба учун астойдил кураш олиб боришди. Мусобақа олдидан кўрган -тайёргарлигимиз самарасини берди. Барчамизни кучли ҳаяжон чулғаб олгани рост. Ахир навбатдаги Универсиадада иштирок этиш имконияти яна уч йилдан кейин берилади-да. Ҳиссиётларимизни жиловлаб, беллашувларга ўзимизни руҳан ҳозирлай олдик. Биринчи ўрин учун кечган ўйинда қорақалпоғистонлик тенгдошларимизни мағлуб этиш осон бўлмади.  

Бошқа спорт турлари бўйича ҳам баҳслар ана шундай қизиқарли ва муросасиз ўтди. Зеро, муваффақият — кўп йиллик машаққатли меҳнат маҳсули. Қарши давлат университети талабаси Санжар Файзиев анчадан бери теннис билан шуғулланади. У устози Пётр Лебедь мураббийлиги остида миллий терма жамоамиз сафида 

2014 йилда ўтказилган Осиё ўйинлари совриндори бўлди. Универсиада “олтин”ини қўлга киритиш орзуси эса қатъияти ва меҳнати туфайли ушалди.

— Ушбу спорт айёми бир умр ёдимда қолади, — дейди С. Файзиев. — Юртимизда йўлга қўйилган, дунёда ўхшаши йўқ уч босқичли мусобақалар тизимининг нафақат ўзи, балки унинг байрамона муҳити ҳам бетакрор. Беллашувлар учун тайёрланган спорт ареналари жудаям ажойиб. Масалан, теннис корти ва бошқа иншоотлар хорижда кўрган шундай спорт объектларидан асло кам эмас.

Иштирокчилар мазкур спорт мусобақаларининг бунёдкорлик билан боғлиқ жиҳатларини доимо алоҳида таъкидлашади. Жорий йилда Фарғонада бўлгани каби, умуман, республикамизнинг ҳар бир ҳудудида машғулотлар олиб бориш учун барча шарт-шароитга эга замонавий спорт инфратузилмаси барпо этилмоқда. Бундай қулайликлар туфайли, айтайлик, Сирдарё вилояти терма жамоаси сузиш бўйича кўплаб медалларни қўлга киритди.

— Қизларимиз аралаш эстафета, яккалик сузиш баҳсларида 12 та медаль билан тақдирланди, — дейди вилоят жамоаси мураббийи Марина Дёмина. — Албатта, бундай ютуқлар ўз-ўзидан келгани йўқ. Бунда 2009 йилда воҳамиз мезбонлик қилган “Умид ниҳоллари” спорт ўйинлари алоҳида аҳамият касб этди. Шу муносабат билан ҳудудимизда зарур инфратузилма яратилди. Гулистонда замонавий сузиш ҳавзаси барпо этилди. Аҳолининг спортга муносабати ҳам тубдан ўзгарди. Болалар, энг муҳими, уларнинг ота-оналари мамлакатимизда спортчилар қанчалик ардоқланиши, қадрланишини ўз кўзлари билан кўриб, гувоҳи бўлишди. Ўшандан эътиборан сузиш ҳамда спортнинг бошқа турлари жадал ривожланиш босқичига ўтди. 

Одатда, эркин курашчилар ўз ютуқлари ҳақида кўп ҳам гапираверишмайди. Ҳар бир беллашувга қанчалик катта куч сарфланиши эса уларгагина аён. Тенг курашлар остида кечаётган баҳсда вазиятни қандайдир сониялар ҳал қилади: айнан шундай лаҳзада рақибининг заиф нуқтасини топган полвонгина унинг курагини ерга теккиза олади. Буни ўта оғир — 125 килограмм вазнда гиламга тушган самарқандлик Асилбек Абдураимов ғолибликка эришиш йўлида бир неча бор амалга оширишига тўғри келди.

— Республикамизда яккакураш спорт турларига қизиқувчан ёшлар сони тобора ортиб бормоқда, — дейди у. — Аслида полвонлик қонимизда бор. Лекин айнан истиқлол йилларига келиб ўз иқтидоримизни намойиш этиш учун кенг имкониятлар яратилди. Зеро, кураш билакдаги кучни ошириш билан бирга, инсоннинг иродасини тоблайди, уни рақибни ҳурмат қилишга, ҳалол ва масъулиятли бўлишга ўргатади.

Ҳар қандай мусобақада омад кимдандир юз ўгиради. Бироқ Универсиада спорт ўйинларида мағлублар ҳам ўзларини асло аутсайдер, деб ҳисобламайдилар.

— Мен ютуққа эришолмадим, аммо бундан хафа эмасман, — дейди Тошкент давлат аграр университети талабаси, шахматчи Машҳура Эшмаматова. — Универсиада спорт ўйинларининг республика босқичида иштирок этишнинг ўзи менга катта ғурур бағишлайди. Қолаверса, шахмат бўйича ушбу мусобақа ғолиби, 16 карра мамлакат, икки карра жаҳон чемпиони Сарвиноз Қурбонбоеванинг ўйинлари биз учун ҳақиқий маҳорат мактаби бўлди. Энди келгусида ўз устимда янада кўпроқ ишлашни мақсад қилиб қўйдим.

Ёшлик ва шижоат айёми бошловчи мураббийларга ҳам ўзига хос “парвоз майдончаси” вазифасини ўтаб берди, дейиш мумкин. Бинобарин, улар Универсиада мусобақалари мобайнида номдор касбдошларидан соҳанинг нозик қирраларини ўргандилар.

— Беллашувлар давомида тажрибали устозларнинг ҳар бир ҳаракатини кўздан қочирмасликка интилдик, — дейди Фарғона давлат университетининг жисмоний тарбия факультети талабаси Шоҳсанам Ибрагимова. — Шу билан бирга, симсиз табло, -видеотакрор сингари кўплаб янги технологик ускуналарни ҳам яқиндан кузатиш биз учун қизиқарли ҳамда фойдали бўлди. Чунки улар ҳар бир атлетнинг истеъдодини холис ва адолатли баҳолашда қўл келаркан.

...Ва ниҳоят “Кичик Олимпиада”нинг ҳаяжонли дамлари бошланади. “Истиқлол” стадионига мамлакат минтақаларининг терма жамоалари кириб келади. Уларнинг чиқишлари ижодий гуруҳлар, таниқли санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар билан уланиб кетди.

Стадионга тўпланган минглаб томошабинлар мусобақа қатнашчиларини олқишлайдилар. “Универсиада — 2016” ғолиб ҳамда совриндорларини тақдирлаш маросими бошланади. Унга кўра, умумжамоа ҳисобида Тошкент шаҳри вакиллари биринчи ўринни эгаллади. Юксак мукофот сифатида пойтахтликларга давлатимиз раҳбарининг “Универсиада — 2016” спорт ўйинлари иштирокчиларига йўллаган табригининг асл нусхаси ҳамда Президент совғаси — “Дамас” автомобили топширилди.

Иккинчи ва учинчи ўринларни қўлга киритган Фарғона ҳамда Самарқанд вилоятлари терма жамоалари ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти совғаси — “Дамас” автомобиллари билан тақдирланди.

Мусобақалар мобайнида алоҳида маҳорат кўрсатган ва ғалабага бўлган иродасини ёрқин намоён этган спортчилар ҳамда жамоаларга махсус совринлар тақдим қилинди.

— Юртбошимиз табригида таъкидланганидек, Универсиада беллашувлари Ватанимиз мустақиллигининг қутлуғ йигирма беш йиллик байрами арафасида бўлиб ўтгани унга чуқур мазмун ва кўтаринки руҳ бағишлади, — дейди Тошкент шаҳри терма жамоаси аъзоси Павел Цой. — Беллашувлар барчамизда унутилмас таассуротлар қолдирди. Айтиш керакки, Фарғонада бир дақиқа вақтимиз ҳам беҳуда кетмади: бўш пайтларимизда турли -анжуманлар, маданий тадбирларда иштирок этдик, вилоятнинг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар уюштирилди. Энг муҳими, юртимизнинг турли ҳудудларидан яна кўплаб дўстлар орттирдик.

...Универсиада спорт ўйинларининг машъаласи аста-секин ўчирилади. Бироқ унинг тафти минг-минглаб навқирон авлод вакиллари қалбидан мустаҳкам жой олиб, уларни янада янги марралар сари илҳомлантириб туради. Тантанали мусиқа садолари остида стадион узра мусобақа байроғи туширилади. Фарғона вилояти вакиллари уни Универсиада мусобақаларининг кейинги мезбони — Самарқанд вилояти спортчиларига топширадилар.

Тантанали ёпилиш маросими спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари ва санъаткорларнинг катта концерти билан ниҳоясига етди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. Мирзиёев иштирок этди.

Руслан КЕНЖАЕВ,

Ҳасан ПАЙДОЕВ (суратлар),

«Халқ сўзи» ва 

«Народное слово»  мухбирлари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn