Ҳаяжонли лаҳзалар, унутилмас таассуротлар
  • 31 Май 2016

Ҳаяжонли лаҳзалар, унутилмас таассуротлар

Фарғона шаҳрида ўтказилган олий ўқув юртлари талабаларининг “Универсиада — 2016” спорт ўйинлари иштирокчи ва совриндорлари жойларда тантанали равишда кутиб олинди. Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирларда сўзга чиққанлар мамлакатимизда навқирон авлод вакиллари камолоти йўлида яратилган шарт-шароитлар ҳақида тўхталиб, бунинг амалий натижалари йигит-қизларимизнинг жаҳон ареналарида эришаётган юксак муваффақиятларида яққол намоён бўлаётганини таъкидладилар. Универсиада мусобақалари ҳам ана шундай оламшумул ғалабалар учун “парвоз майдончаси” вазифасини ўташи, шубҳасиз.

Жумладан, “Нукус” халқаро аэропортида Оролбўйи минтақасининг спортсевар ёшлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари Қорақалпоғистон Республикаси жамоасини карнай-сурнай садолари билан қарши олдилар.

— Фарғонада ушбу спорт байрамига юқори даражада тайёргарлик кўрилибди, — дейди гандбол бўйича минтақа терма жамоаси аъзоси Мирзакарим Абдикаримов. — Айниқса, тадбирнинг очилиш маросимида Президентимизнинг биз, мусобақа иштирокчиларига йўллаган табригини катта ҳаяжон билан тингладик. Бу барчамизнинг кучимизга куч, ғайратимизга ғайрат қўшди. Кайфиятимиз янада кўтарилди. Натижада финалда пойтахтлик тенгдошларимиздан устун келиб, олтин медалга сазовор бўлдик.

Яккакурашларда жонбозлик кўрсатган спортчилар, хусусан, “Универсиада чемпиони” деган шарафли номга сазовор бўлган дзюдочи Шарафаддин Балтабаев, Эркин Дониёров, кумуш медаль соҳиби ўиёс Бабаевнинг таассуротлари ҳам бир олам.

— Аввало, бизга шундай имкониятларни яратиб берган Юртбошимиздан чексиз миннатдормиз, — дейди мусобақанинг энг яхши ўйинчиси, деб топилган волейболчи Бибиназ Қайипназарова. — Зеро, биз, ёшлар мана шундай “Кичик Олимпиада”лар туфайли чиниқиб, халқаро майдонларга чиқишни кўзлаяпмиз. Гарчи, ушбу беллашувда иккинчи ўринга муносиб кўрилган бўлсак-да, ўзимизга нисбатан ишончимиз янада ортди.

Бухоролик енгил атлетикачи Нигина Шарипова учун Универсиада спорт ўйинлари муваффақиятли кечди. Бу иқтидорли талаба югуриш баҳсларида бир эмас, иккита олтин медални қўлга киритди.

— Ушбу беллашувлар мен учун Бразилия мезбонлик қиладиган Олимпиада ўйинлари олдидан тайёргарлик вазифасини ўтади, — дейди у. — 100 ва 400 метрга югуриш баҳсларида биринчи ўринни эгаллаганимдан, қисқа масофага югуришда эса Универсиада рекордини ўрнатганимдан жуда бахтиёрман. Бу ютуқларимни биз, ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланишимиз учун яратилган шарт-шароитлар меваси, деб биламан.

Дарвоқе, биз Нигина билан Бухоро нефть ва газ саноат касб-ҳунар коллежида суҳбатлашдик. Бу ерда Фарғонадаги спорт мусобақаларида вилоят шарафини ҳимоя қилган йигит-қизларни тантанали кутиб олиш маросими ўтказилди.

Айтиш ўринлики, Универсиадада мазкур вилоят вакиллари яхши натижаларни қайд этишди. Уларнинг тўртта олтин, олтита кумуш ва бронза медалларини қўлга киритишгани фикримиз далилидир. 

Бу галги Универсиада ўйинларида Наманган вилоятидан 68 нафар иқтидор эгаси қатнашди. Улар спортнинг мусобақалар дастурига киритилган 15 туридан 13 тасида куч ва маҳоратларини синовдан ўтказишди. ўалабага бўлган кучли иштиёқ, ишонч ҳамда қатъият ўз натижасини кўрсатди. “Кичик Олимпиада” якунларига кўра, вилоят вакиллари 11 олтин, 4 та кумуш ва 24 та бронза медални қўлга киритди. Бунда баскетболчи қизлар жамоаси, бокс, енгил атлетика, волейбол, юнон-рум кураши ҳамда стол тенниси бўйича майдонга тушган талабаларнинг ҳиссаси катта бўлганини таъкидлаш ўринлидир. Гарчи, умумжамоа ҳисобида олтинчи ўрин насиб этганига қарамай, вилоят вакиллари Универсиада ўйинлари ўз салоҳиятларини синаб кўришда катта роль ўйнаганлигини изҳор этишмоқда.

— Нуфузли спорт анжуманида қизларимиз ажойиб ўйин кўрсатишди, — дейди баскетбол бўйича мураббий Оксана Костикова. — Финалда Тошкент шаҳри ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси жамоаларига қарши майдонга тушдик. Тажриба ва маҳорат ўз сўзини айтди. Ҳар икки жамоани йирик ҳисобда мағлубиятга учратиб, ғолибликка эришдик. Бунда республика терма жамоасида ҳам ўз мавқеига эга бўлган Алие Саматова, Людмила Зиманова, Регина Нигматуллина сингари спортчиларимиз алоҳида намуна кўрсатганини қайд этиб ўтишни истардим.

Самарқандда гўзаллик, ёшлик ва спорт байрами иштирокчиларини кутиб олиш маросими, айниқса, ҳаяжонли дақиқаларга бой бўлди. Негаки, ушбу мусобақада вилоят вакиллари умумжамоа ҳисобида фахрли учинчи ўринни эгаллаб, Президентимиз совғаси — “Дамас” автомобили билан тақдирланди.

Шуни алоҳида айтиш керакки, Универсиадага самарқандлик ёшлар пухта тайёргарлик кўришгани яққол намоён бўлди. Вилоят вакиллари спортнинг сузиш, енгил атлетика, футбол, таэквондо, шахмат, эркин кураш, бокс, дзюдо, юнон-рум кураши каби турларида фаоллик кўрсатиб, фахрли ўринларни эгаллашди. Яъни улар Фарғонадан 3 та олтин, 9 та кумуш, 47 та бронза, жами 59 та медаль билан қайтишди.

— Сузиш бўйича биринчи ўринни эгалладим, — дейди Самарқанд давлат университети талабаси Темур Латипов. — Бу мени янги марралар сари руҳлантиради. Келгусида халқаро миқёсдаги мусобақаларда юртимиз байроғини баланд кўтаришни мақсад қилганмиз.

Тантанали маросимда спортчилар тақдирланди. Улар шарафига куй-қўшиқлар янгради. Дилрабо рақслар ижро этилди. “Универсиада — 2016” мусобақаларининг финал босқичида Андижондаги олий таълим муассасаларининг 61 нафар иқтидорли талаба-спортчиси вилоят шарафини ҳимоя қилди. Якунда улар умумжамоа ҳисобида 4-ўринни эгаллашди.

Беллашувлар иштирокчиларини тантанали кутиб олиш маросимида ана шу муваффақият эътироф этилди. Бундай тантанали тадбирлар республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам кўтаринки руҳда ўтказилди.

«Халқ сўзи» мухбирлари

хабарлари асосида тайёрланди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn