Эзгу мақсадлар, юксак натижалар
Версия для печати
  • 28 Май 2016

Эзгу мақсадлар, юксак натижалар

Фарғона шаҳрида бошланган Универсиада мусобақаларининг биринчи куни кескин ва муросасиз курашларга бой тарзда кечди.

Тадбир қатнашчиларининг таъкидлашича, Президентимизнинг “Универсиада — 2016” спорт ўйинлари иштирокчиларига йўллаган табриги ёшлик, гўзаллик ва спорт байрами беллашувларида соғлом рақобат муҳитини кучайтириб, барчага ўзгача руҳ ҳамда кўтаринки кайфият бағишлади.

— Давлатимиз раҳбарининг биз, навқирон авлод вакилларига юксак ишонч билдириб айтган сўзлари қалбимиз туб--тубигача етиб бориб, ҳаммамизни тўлқинлантирди, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси вакили, 90 килограммгача вазн тоифасидаги дзюдочи Эркин Дониёров. — Айниқса, табрикдаги “Бундай юксак мақсадларга етиш учун ҳар қайси йигит-қиз ўз устида тинимсиз ишлаши, иродасини чиниқтириши, бу йўлдаги қийинчиликлар олдида бўш келмай, ғалабага эришиш учун ўзини аямасдан, ҳал қилувчи дақиқаларда бутун борлиғини сафарбар этишга тайёр бўлиши даркор”, дейилган фикрлар мени мусобақалар давомида асло бўшашмасликка, аксинча, янги куч ва мустаҳкам ирода билан янада олдинга -интилишга ундади.

Унинг дил сўзлари бежиз эмас. Зеро, бу ёш спортчи ўз вазн тоифасидаги барча жангни муваффақиятли якунлаб, Универсиада спорт ўйинларининг олтин медалини қўлга киритди.

Фарғона олимпия захиралари коллежининг улкан спорт залида дзюдочилар билан бирга, юнон-рум кураши вакиллари ҳам ғолиблик учун гиламга чиқдилар. Маълумки, халқаро Олимпиада ўйинлари таркибидан ўрин эгаллаган мазкур спорт тури Универсиада мусобақаларига ҳам илк маротаба киритилди. Бироқ ҳозирданоқ бошланиши чакки эмас, десак, ўринли бўлади.

— Беллашувларда қатнашаётган полвонлар даражасига қараб, бу галги спорт ўйинлари ҳам халқаро турнирлардан умуман қолишмаслигига ишонч ҳосил қилиш мумкин, — дейди юнон-рум кураши мусобақалари ҳаками Ҳошимжон -Абдураҳмонов. — Қаранг, гиламга тушган полвон борки, албатта, ё халқаро спорт устаси ёки қитъа миқёсидаги қайсидир мусобақа совриндори. Шу боис баҳслар қизғин ўтаяпти. ўолибликка эришганларнинг аксарияти бир балл устунлик билан зафар қучгани ҳам бунинг ёрқин тасдиғидир.

Дарҳақиқат, шундай. Хусусан, биз бевосита кузатган беллашувлардан бирида 98 килограммгача бўлган вазн тоифасида иштирок этган мезбонлар вакили Нурмурод Сирожев андижонлик тенгдошидан худди шу тахлит ғалабани тортиб олди. Маълум бўлишича, бу уларнинг илк учрашуви эмас экан. Фарғоналик курашчи мамлакатнинг аввалги чемпионатида айнан шу рақиби уни кумуш медалсиз қолдирганини айтиб берди.

Ҳар қандай спорт мусобақасини қабул қилаётган томон ҳамиша улкан масъулиятни ҳис этиб туради. Бу, айниқса, трибунада ўтирган маҳаллий мухлисларнинг тинимсиз ҳайқириғию қўллаб-қувватлови чоғида янада яққолроқ билинади. Бироқ фарғоналик чарм қўлқоп устаси Абдулла Қўчқоровга тошкентлик талаба Шерзод Аҳмедов билан “жанги”да айнан мухлислар “кўмаги” асқатди. Якунда мезбонлар вакили қатор халқаро турнирлар совриндори, шу пайтга қадар 91 баҳсдан 87 тасида қўли баланд келган пойтахтлик боксчи устидан очколар эвазига зафар қучди.

Дзюдо, кураш, бокс, таэквондо жиддий жароҳат олиш эҳтимоли катта бўлган спорт ўйинлари саналади. Шу боис мазкур турлар бўйича беллашувлар ўтказилаётган майдон атрофида энг замонавий ускуналар билан жиҳозланган тиббиёт гуруҳлари навбатчилик қилмоқда. Ташкилотчилар фикрича, оқ либосдаги бу жонкуяр кишилар шунчаки шифокор ёки фельдшерлар эмас, балки спорт тиббиётининг профессионал вакилларидир.

— Қарийб 15 йилдирки, спорт жароҳатларини даволаш йўналишида фаолият юритиб, шу соҳага ихтисослашаяпман, — дейди ҳамшира Ферузахон Ёқубова. — Универсиада ўйинлари олдидан биз алоҳида тайёргарлик босқичидан ўтдик. Гувоҳи бўлганингиздек, биринчи ёрдам кўрсатиш учун керакли тиббиёт воситаларига эгамиз. Ҳар бир спорт мажмуасида қатнашчиларга зарур ҳолларда тезкор тиббий ёрдам кўрсатувчи махсус гуруҳлар мавжуд.

Қувонарлиси, мусобақаларнинг дастлабки кунида мутахассислар ва тиббиёт ускуналаридан фойдаланишга эҳтиёж туғилмади. Лекин баҳслар кескин ва муросасиз кечгани боис айрим спорт турларида кичик, беозор жароҳатлар ҳам кузатилди. Масалан, қўл тўпи бўйича Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Тошкент шаҳри вакиллари ўртасидаги беллашувда пойтахт жамоаси ҳимоячилари Оролбўйининг энг моҳир спортчиси Мирзараҳим Рўзибоевнинг ҳужумга ўтишига жиддий қаршилик кўрсатишди. Бундай тўқнашувларга қарамай, Қорақалпоғистон давлат университети талабаси жамоадошлари билан тактик комбинация асосида самарали тўп узатишлар эвазига финалга йўл олди.

— Мамлакатимизда иқтидорли гандболчилар сафи йилдан-йилга кенгаймоқда, — дейди Ўзбекистон гандбол федерацияси бош котиби, мусобақанинг бош ҳаками Исмоил Матхолиқов. — Фахрланарли жиҳати, давлатимизнинг эътибори ва ғамхўрлиги туфайли навқирон авлод вакилларининг ушбу спорт тури сир-асрорларини ўрганиб, тажриба орттириши учун барча шароит яратилган. Ўз навбатида, федерациямизнинг ҳудудий бўлинмалари фаолият юритаётгани ҳам бу борада алоҳида ўрин тутмоқда. Пировардида юртимизда қўл тўпи тобора оммалашиб бораётир. Хусусан, бугунги кунда мазкур спорт тури билан юз мингдан зиёд ўғил-қиз шуғулланаяпти. Мураббийлар улар орасидан терма жамоага энг муносибларини саралаб олмоқда. Айниқса, уч босқичли спорт ўйинларида селекционерларимиз фаол иш олиб боришаётир. Мана шундай кенг қамровли чора-тадбирлар натижасида эришилаётган муваффақиятларимиз салмоғи тобора ортмоқда. Жумладан, ўсмирларимиз кетма-кет уч бор — 2013 — 2015 йиллар давомида Жаҳон кубоги совриндори бўлишди. Ана шу мусобақаларда 60 дан зиёд давлат терма жамоалари иштирок этганини инобатга олсак, қўлга киритилган марралар нечоғли аҳамиятли экани ойдинлашади. Қизларимиз ҳақида ҳам шундай илиқ фикр айтиш мумкин. Сўнгги Осиё биринчилигида бир йўла икки ёш тоифасидаги терма жамоамиз ишончли ўйин кўрсатиб, жорий йил ёзда ўтказиладиган Жаҳон чемпионати йўлланмасига эга бўлгани бунинг тасдиғидир.

Шу ўринда ўзбекистонлик қизлар фақат гандболдагина кучли бўлиб қолмай, спортнинг кўплаб турлари, хусусан, сузиш баҳслари бўйича ташкил этилган қатор халқаро нуфузли мусобақаларда ҳам шоҳсупадан жой олиб, тенгдошларидан кам эмасликларини исботлаб келишаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бунинг тасдиғини уч босқичли спорт ўйинларининг дастлабки икки бўғинида — “Умид ниҳоллари” ва “Баркамол авлод” мусобақаларида тажриба орттирган Раънохон Омонова мисолида кўриш мумкин. Ёш спортчимизнинг яқинда XXXI ёзги Олимпиада ўйинлари йўлланмасини қўлга киритганида ҳам мазкур ноёб тизим “парвоз майдончаси” вазифасини ўтади. У жорий йилги Универсиада беллашувларида 50 метрлик масофага сузишда энг юқори натижани қайд этиб, олтин медаль билан тақдирланди. Раънохоннинг айтишича,  бу галги спорт байрами бошқа ҳудудлардаги тенгдошлари билан дўстона рақобатга киришиш ва тўрт йилликнинг энг нуфузли баҳслари олдидан имкониятларини яна бир бор синовдан ўтказиш учун қўл келди.

“Ушбу Универсиада қандай жиҳатлари билан Фарғона аҳлини маҳлиё этаяпти?” деган савол кўпчиликни қизиқтириши табиий. Бунга барча баҳсларни диққат билан кузатиб бораётган оқсоқол Юсуфхон Мамарасулов қуйидагича жавоб берди.

— Юртбошимизнинг “Универсиада — 2016” спорт ўйинлари иштирокчиларига йўллаган табригини катта ҳаяжон билан тингладик, — дейди отахон. — Айниқса, фарғоналикларга билдирилган ҳурмат ва эҳтиром кўнглимизни тоғдек кўтариб юборди. Давлатимиз раҳбари эътибори туфайли сўнгги йилларда шаҳримиз таниб бўлмас даражада ўзгарди. Янги йўллар, кўприклар, кўчалар ва муҳташам бинолар қад ростлади. Ҳудудимиздаги дам олиш масканлари, хиёбонлар, сайилгоҳлардаги кўркам дарахтлар соясида сайр қилиш, бири-биридан мафтункор фавворалар ёнида ҳордиқ чиқариш кишига алоҳида руҳ, завқу шавқ бағишлайди. Универсиада мусобақалари арафасида ҳам кўплаб янги мажмуалар барпо қилингани янада эътиборлидир. Улар ёшларимизнинг камолоти, ёруғ истиқболи йўлида хизмат қилиши, шубҳасиз.

Универсиада дастуридан ўрин олган кўплаб маданий тадбирлар эртамиз эгаларига олам-олам қувонч, унутилмас таассуротлар туҳфа этмоқда. Чунончи, шундай учрашувларнинг бирига ФИФА рефериси Равшан Ирматов таклиф этилди.

— Қисқа вақт ичида Фарғонанинг янада кўркам қиёфага эга бўлганидан жудаям ҳайратландим, — дейди дунёнинг энг кучли ҳаками. — Бу ерда бўлишнинг ўзи одамга ўзгача кайфият бағишлайди. Мусобақа иштирокчилари, умуман, мамлакатимизнинг навқирон авлоди ҳақида фикр юритадиган бўлсам, уларга фақат ҳавасим келади. Чунки давлатимиз томонидан уларнинг ўқиши, баркамол вояга етишлари учун барча шарт-шароит яратилган.

Руслан КЕНЖАЕВ,

Ҳасан ПАЙДОЕВ (суратлар),

«Халқ сўзи» ва

«Народное слово» мухбирлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn