Ёшлик, гўзаллик ва спорт байрами
  • 27 Май 2016

Ёшлик, гўзаллик ва спорт байрами

Фарғона шаҳрида олий ўқув юртлари талабаларининг “Универсиада — 2016” спорт ўйинлари республика босқичининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

“Биздан озод ва обод Ватан қолсин!”

Бу мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида истиқлол йилларида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг пировард мақсадидир. Зеро, юртимизда қўлга киритилаётган оламшумул ютуқ ҳамда марраларнинг барчаси, энг аввало, инсон манфаатлари, хусусан, ёш авлоднинг бахту саодати, ёруғ келажагини таъминлашга қаратилган. 

Шу маънода, бевосита давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий этилган, дунёда ўхшаши йўқ уч босқичли тизим — “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ҳамда Универсиада спорт ўйинларининг жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, фарзандларимизни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида, тинчлигимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаб, шукроналик ҳисси билан яшайдиган, юрт қудратига, жаҳон ареналарида Ўзбекистон байроғини баланд кўтаришга муносиб ҳисса қўшадиган инсонлар қилиб тарбиялашдаги аҳамияти беқиёс.

Ришод Собиров, Аббос Атоев, Рустам Қосимжонов, Оқгул  Омонмуродова, Светлана Радзивил, Севара Қодирова, Денис Истомин, Саида Искандарова, Вадим Меньков, Дилшод Мансуров каби миллий спортимиз ифтихорига айланган ёш чемпионларимизнинг оламшумул ютуқларига айнан Универсиада мусобақалари парвоз майдончаси бўлиб хизмат қилгани барчамизга яхши маълум.

Бугун сўлим водий гавҳари — Фарғонада ёшлик, гўзаллик ва спорт байрами —“Универсиада — 2016” шукуҳи ҳукм сураётир. Вилоят аҳли, бу ерга ташриф буюрган талаба-ёшлар, мураббию мутасаддилар, қисқаси, барча-барчада кўтаринки кайфият... Хиёбону майдонлар кўркам қиёфа касб этган. Гулу гулзорлар бу ажойиб кентга ўзгача файз бағишлаган. Бинолар замонавий кўриниш олган. Кўчаларда беллашувлар руҳини акс эттирувчи суратлар туширилган баннерлар, паннолар...

Айтиш жоизки, олий ўқув юртлари талабаларининг Универсиада спорт ўйинлари жорий йилда еттинчи бор ўтказилмоқда. Унинг бу галги финал босқичига Фарғона вилояти мезбонлик қилиши муносабати билан ҳудудда кенг кўламли бунёдкорлик, ободончилик ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилди. Хусусан, Фарғона, Маърифат, Мураббийлар каби марказий кўчалар тубдан таъмирланиб, қарийб 5 километрлик йўл реконструкция қилинди. Беллашувлар ўтказиладиган объектларда умумий қиймати 

37,2 миллиард сўмликдан зиёд қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. Спорт заллари жаҳон андозалари даражасида жиҳозланди. Фарғона давлат университетида 3 минг 200 ўринли футбол майдони, ёпиқ сузиш ҳавзаси, учта волейбол майдони ва енгил атлетика йўлакчалари фойдаланишга топширилди. Фарғона политехника институтида эса талабаларнинг 4 та тураржойи ҳамда 600 ўринли ошхонада қайта таъмирлаш юмушлари амалга оширилди. 1200 тупдан зиёд манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилиб, махсус йўлаклар барпо этилди. “Истиқлол” стадиони, теннис корти, Олимпия захиралари спорт коллежи ва бошқа иншоотларда ҳам шундай ўзгариш ва янгиланишлар рўёбга чиқарилди. Ўз навбатида, улар зарур спорт жиҳозлари ҳамда инвентарлар билан таъминланди.

Айтиш жоизки, Универсиада иштирокчилари волейбол, баскетбол, футбол, қўл тўпи, бокс, енгил атлетика, дзюдо, сузиш, теннис, стол тенниси, таэквондо (ВТФ), оғир атлетика, эркин кураш, юнон-рум кураши ҳамда шахмат бўйича ўз маҳоратларини намойиш этадилар. Қоидага мувофиқ, баҳслар халқаро Олимпиада талабларига қатъий амал қилган ҳолда ўтказилади. Холислик, ҳалоллик, адолат, тотувлик каби Олимпиада қадриятлари мазкур тизимдаги спорт ўйинларининг ҳам бош мезони ҳисобланади.

Мусобақаларни атрофлича ёритиш мақсадида оммавий ахборот воситалари ходимлари жалб қилинган. Ўз навбатида, беллашувларнинг бориши, жамоалар қўлга киритаётган натижалар, қатнашчиларнинг ёрқин лаҳзалари муҳрланган суратлар билан интернетда махсус ташкил этилган www.universiada-2016.uz сайти орқали ҳам танишиб бориш мумкин. Мазкур веб-саҳифага маълумотлар ўзбек тилидан ташқари, тўртта хорижий тилда жойлаштирилаяпти.

26 май куни эрта тонгдан “Фарғона” халқаро аэропортида “Универсиада — 2016” спорт -делегациялари тантанали равишда кутиб олинди. “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати фаоллари, миллий либосдаги йигит-қизлар карнай-сурнай садолари остида меҳмонларга пешвоз чиқишди.

— Дастлабки таассуротларимизнинг ўзи бир олам, — дейди Навоий вилояти терма жамоаси аъзоси Азиз Мирзаев. — Фарғона аҳлининг меҳмондўстлиги ва самимийлигидан кўнглимиз тоғдек кўтарилди. Шаҳарда чинакам айём шукуҳи кезиб юрибди. Ана шундай кўтаринкилик барчамизни ғалаба сари руҳлантириши, шубҳасиз. Ўзим ҳам сузиш бўйича саралаш босқичидан муваффақиятли ўтиб, финал беллашувларига етиб келдим. Ниятим, Универсиада олтин медалини қўлга киритиш.

Бокс бўйича Самарқанд вилояти терма жамоаси мураббийи Баҳодир Ҳасановнинг таъкидлашича, ёшлар ўртасида Осиё чемпионлари Азиз Шукуров ва Меҳрож Мавлоновдан жамоанинг умиди, айниқса, катта.

— 90 нафардан иборат делегациямиз таркибида энг маҳоратли спортчилар жамланган, — дейди Самарқанд давлат университети ректори Алимджан Холмуҳамедов. — Талабаларимиз футбол, қўл тўпи, бокс, стол теннисидан юксак натижаларни қайд этишига ишончимиз комил. 

Куннинг иккинчи ярмида қатнашчилар учун Фарғона ва Марғилон шаҳарлари ҳамда Қува туманидаги ёдгорликлар бўйлаб саёҳатлар уюштирилди. Маданий-маърифий дастурлар доирасида эстрада хонандалари, машҳур спортчилар, таниқли ижодкорлар, баркамол авлод вакиллари билан учрашувлар, мулоқотлар ташкил этилди. Меҳмонлар Фарғона шаҳридаги ўзгаришларни “Асрга татигулик яратувчанлик ва бунёдкорлик” дея таърифлашди.

26 май оқшоми. Фарғона шаҳридаги “Истиқлол” стадионида чорлов мусиқаси янграйди. Стадионга Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри терма жамоалари кириб келади. Спортчилар тантанавор саф тортади.

Фарғона вилояти ҳокими Ш. Ғаниев “Универсиада — 2016” спорт ўйинларини очиқ, деб эълон қилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг “Универсиада — 2016” спорт ўйинлари иштирокчиларига табригини Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Х. Султонов ўқиб эшиттирди.

Юртбошимиз табриги гулдурос қарсаклар билан кутиб олинди. Талаба-ёшлар, маросим иштирокчилари диёримизда келажагимиз эгаларининг ҳар томонлама баркамол вояга етиши йўлида беқиёс ишлар қилинаётганини яна бир бор юракдан ҳис этдилар. Кўнгиллар фахру ифтихор туйғусига тўлди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янграб, мамлакатимиз байроғи ҳамда “Универсиада — 2016” спорт ўйинлари байроғи кўтарилди. Спортчи ёшлар бўлажак баҳсларда ҳалол, муросасиз ва мардона кураш олиб боришга тантанали қасамёд қилди.

Дилларда ҳаяжон. Нигоҳлар майдонга тантанали тарзда олиб кирилаётган “Универсиада — 2016” спорт ўйинлари машъаласига қаратилди. У анъанага мувофиқ, Паркентдаги Ўзбекистон Фанлар академияси “Физика — Қуёш” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси Материалшунослик институтида аланга олдирилган. Машъала махсус автомобиллар кортежи ҳамроҳлигида Фарғона шаҳрига етказиб келинди. У олиб ўтилган  ҳар бир ҳудуд аҳолиси бу унутилмас онларнинг гувоҳи бўлиш мақсадида пешвоз чиқиб, қўлларида байрам руҳини акс эттирувчи шиорлар, байроқлар билан олқишлаб туришди.

“Универсиада — 2016” спорт ўйинлари машъаласини бокс бўйича ўсмирлар ўртасида жаҳон ва Осиё чемпиони, ўсмирлар Олимпиадаси ғолиби, катталар ўртасида Осиё чемпиони, жаҳон чемпионати совриндори, Олимпиада йўлланмаси соҳиби Бектемир -Мелиқўзиев ва теннис бўйича Ўзбекистон чемпиони, халқаро турнирлар ҳамда 2014 йил Наманганда ўтган “Баркамол авлод” ўйинлари совриндори, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси Сарвиноз Саидхўжаева ёқади.

Машъала тафти дилларга ажиб бир илиқлик, қувонч улашди. Майдон узра олқишлар янгради. Йиғилганлар бир тану бир жон бўлиб спортчиларга омад тилади. Аланга мусобақалар давомида ёлқинланиб туради.

Санъат усталари ҳамда ижрочи ёшлар томонидан катта концерт намойиш этилди. Спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари йиғилганларда ўзгача таассурот қолдирди.

“Универсиада — 2016” спорт ўйинларининг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. Мирзиёев иштирок этди.

С. МАХСУМОВ, 

Н. СОБИРОВ,

Ҳ. ПАЙДОЕВ (суратлар),

«Халқ сўзи» мухбирлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn