«Кичик Олимпиада» машъаласи Фарғонага йўл олди
  • 26 Май 2016

«Кичик Олимпиада» машъаласи Фарғонага йўл олди

Ҳар гал истеъдодли йигит-қизларимизнинг энг нуфузли халқаро спорт мусобақаларида эришган ғалабалари шарафига мадҳиямиз янграб, байроғимиз баланд кўтарилганда, барчамиз шундай ҳаяжонли онларни бошдан кечирамизки, бундай лаҳзалардаги туйғуларни, очиғи, сўз билан ифодалаш қийин. Жонажон Ўзбекистонимиз номини дунёга ёйишга хизмат қилаётган ушбу муваффақиятлар Президентимиз раҳнамолигида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътиборнинг ҳаётий самараларидир.

Таниқли экспертлар, йирик халқаро ташкилотлар вакиллари, кўзга кўринган спортчилар юртимиз ёшлари қўлга киритаётган бундай улкан натижалар замонавий асосда шакллантирилган инфратузилма иншоотлари қаторида, уч босқичдан иборат ўзига хос, таъбир жоиз бўлса, ноёб тизим — “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада ўйинлари билан бевосита боғлиқ эканини яқиндан билгач, “Бу тажриба ҳар томонлама ўрнак олишга арзийди”, деган эътирофни айтишади.

Дарҳақиқат, мазкур анъанавий спорт мусобақалари мактаблар, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ҳамда олий таълим муассасалари талабалари, умуман, эртамиз эгалари учун юксак марралар сари парвоз майдончаси вазифасини ўтаётир.

“Кичик Олимпиада” деб юритиладиган спорт ўйинларининг республика босқичи бошланиши олдидан тантанали тарзда машъала ёқиш анъанаси мавжуд. Иштирокчилар уни қўлдан-қўлга узатган ҳолда, юртимиз шаҳару қишлоқлари бўйлаб кўп минг чақирим йўлни босиб, мезбон вилоятга элтишади. Бу тадбир улар хотирасида бир умрга ўчмас из қолдиради, келажакдаги орзуларига қанот бағишлайди.

Кеча Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги Ўзбекистон Фанлар академияси “Физика — Қуёш” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси Материалшунослик институтида “Универсиада — 2016” спорт мусобақалари машъаласини аланга олдириш маросими бўлиб ўтди. Унда тегишли вазирлик ва идоралар ходимлари, кенг жамоатчилик вакиллари, талаба-ёшлар, спортчи ҳамда санъаткорлар қатнашди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янграйди.

Қуёш нурларидан қўр олган “Универсиада — 2016” машъаласини 2012 йили Лондонда ташкил этилган Паралимпия ўйинлари совриндори, дзюдочи Шариф Халилов майдонга олиб киради. У машъалани академик эшкак эшиш бўйича Жанубий Кореяда ўтказилган Осиё саралаш мусобақасида ғолиб чиқиб, жорий йилда Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўладиган XXXI Олимпиада ўйинлари йўлланмасини қўлга киритган Шаҳбоз Холмирзаевга топширади.

Машъала Фарғона вилояти сари йўл олади.

— Бугун барчамиз учун унутилмас кун, ажойиб шодиёна, — дейди Паркент транспорт ва сервис касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Ҳуснобод Мелисова. — Машъала ёқиш маросимида иштирок этиб, бир олам таассурот олдик. Шундай лаҳзаларда дилимдаги аҳдим янада қатъийлашди. Келажакда мен ҳам талаба бўлиб, стол тенниси бўйича Универсиада беллашувларида ўз маҳоратимни кўрсатаман. Кейин тажрибали спортчи ака-опаларимиз сингари халқаро турнирларда юртимиз номини улуғлашга муносиб ҳисса қўшаман.

Албатта, ёшларимизнинг бундай эзгу мақсадлари ҳаммамизни қувонтиради. Анъанага мувофиқ, машъала олиб ўтиладиган шаҳару қишлоқларда тантанали маросимлар, таниқли шоир ва ёзувчилар, санъаткорлар, кенг жамоатчилик ҳамда навқирон авлод вакиллари иштирокида маънавий-маърифий анжуманлар ўтказилади.

Дастлабки куннинг ўзидаёқ жуда кўп юртдошларимиз ана шундай ҳаяжонли онларнинг гувоҳига айланишди. Тадбирларда Юртбошимиз томонидан асос солинган уч босқичли спорт ўйинларининг аҳамияти алоҳида таъкидланиб, “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижроси доирасида олиб борилаётган ишлар ҳақида сўз юритилмоқда.

Саиджон МАХСУМОВ,

Ҳасан ПАЙДОЕВ (суратлар),

«Халқ сўзи» мухбирлари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn