Олимпиада йўлланмалари берилди
  • 03 Май 2016

Олимпиада йўлланмалари берилди

“Ўзбекистон” спорт мажмуасида оғир атлетика бўйича катталар ўртасидаги Осиё чемпионати якунланди.

Осиё оғир атлетика федерацияси, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Оғир атлетика федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур нуфузли мусобақада қитъамизнинг ўттиздан зиёд давлатидан уч юзга яқин спортчи совринли ўринлар билан бирга, Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпиада ўйинлари йўлланмалари учун ҳам баҳс олиб борди.

Мусобақада энг тажрибали спортчимиз, оғир атлетика бўйича Осиё ва жаҳон чемпиони Руслан Нурудинов 105 килограммдан оғир бўлган полвонлар ўртасида муваффақият қозонди. У штангани даст кўтаришда 191 килограмм натижа қайд этиб, олтин медаль билан тақдирланди.

Яна бир маҳоратли атлетимиз Иван Ефремов вазни 105 килограммгача бўлган спортчилар баҳсида даст кўтаришда 183 килограмм тошни бўйсундириб, ғолиб чиқди. Силтаб кўтаришда 211 килограмм, иккикураш якунига кўра эса 394 килограмм натижа билан бронза ва кумуш медалларни қўлга киритди. Ушбу вазн тоифасида Сардор -Дўстмуродов ҳам совриндорлар қаторидан жой олди.

Аввалроқ вазни 62 килограммгача бўлган полвонлар ўртасида Адҳам Эргашев бронза медаль соҳибига айлангани ҳақида хабар берган эдик.

Аслида, оғир атлетика бўйича эркаклар терма жамоамиз сўнгги икки жаҳон чемпионати якунлари бўйича Бразилияда бўлиб ўтадиган ўйинлар лицензияларини нақд қилиб қўйишган эди. Шу боис ҳам тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаси йўлланмаси билан боғлиқ навбатдаги хушхабар аёллар терма жамоасидан кутилаётганди. Улар бу ишончни оқлаб, барчага қувонч улашишди.

Яна бир жиҳатни айтиб ўтиш ўринли. Мазкур спорт турида лицензиялар терма жамоаларга берилиши туфайли XXXI ёзги Олимпиада ўйинларига борадиган полвонларимиз номи нуфузли беллашув арафасида Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси томонидан эълон қилинади.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б. Зокиров иштирок этди.

 

Шавкат ОРТИҚОВ 

тайёрлади. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn