Олимпиадачиларимиз сафи кенгаймоқда
  • 26 Апрель 2016

Олимпиадачиларимиз сафи кенгаймоқда

Жорий йилги Олимпиада ўйинларида юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган спортчиларимиз сафи янада кенгайди. 

Трамполин устаси Екатерина Хилько Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ташкил этилган нуфузли мусобақада кучли саккизликдан жой олди ҳамда “Рио — 2016” йўлланмасини қўлга киритди.

Ўша беллашувларда бадиий гимнастика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Анастасия Сердюковага ҳам омад кулиб боқди. У юксак маҳорат кўрсатиб, Олимпиада ўйинларида иштирок этиш имкониятига эришди.

Ёш ва истеъдодли спортчи қизларимиз Самира Амирова, Валерия Давидова, Луиза ўаниева, Зарина Қурбонова, Марта Растобурова эса жамоавий чиқишларда жами 32,832 балл тўплаб, якунда шоҳсупанинг иккинчи поғонасидан ўрин олди ҳамда мамлакатимиз спорти тарихида ушбу йўналишда илк бор тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлди.

Мўғулистон пойтахти Улан-Батор шаҳрида уюштирилган эркин, юнон-рум ва хотин-қизлар кураши бўйича Олимпиадага лицензия берувчи биринчи жаҳон саралаш турнирида ҳам ҳамюртларимиз билдирилган ишончни оқлашди. Ушбу мусобақада -Элмурод Тасмуродов ва Мўмин Абдуллаев юнон-рум кураши бўйича Олимпиада йўлланмасини қўлга киритди. 

Мусобақанинг эркин кураш йўналишида эса тажрибали спортчимиз Магомед Ибрагимов вазни 97 килограммгача бўлган полвонлар ўртасида кумуш медаль қаторида, XXXI ёзги Олимпиада ўйинлари лицензияси соҳибига айланди.

Жанубий Кореянинг Чонжу шаҳрида ниҳоясига етган академик эшкак эшиш бўйича XXXI ёзги Олимпиада ўйинлари йўлланмаси учун Осиё қитъаси бўйича саралаш мусобақаси-

да  ҳамюртимиз Шаҳбоз Холмирзаев биринчи ўринни эгаллади ҳамда “Рио — 2016” ўйинларида иштирок этадиган бўлди. 

Шундай қилиб, айни пайтгача Ватанимиз спортчилари XXXI ёзги Олимпиада ва XV Паралимпия ўйинларига 76 та йўлланмани қўлга киритди.

 

Саиджон МАХСУМОВ тайёрлади.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn