Кутилмаган дуранг, илк ғалаба
  • 12 Апрель 2016

Кутилмаган дуранг, илк ғалаба

Футбол бўйича Ўзбекистон ХХV миллий чемпионати олий лигаси тўртинчи тур учрашувлари бўлиб ўтди. 

Унинг доирасида Жиззахнинг “Сўғдиёна” клуби ўз майдонида “Локомотив” (Тошкент) жамоаси билан дуранг натижа қайд этди. Баҳснинг 47-дақиқасида мезбонлар вакили Мурод Холмуҳаммедов ҳисобни очди. Бироқ 81-дақиқада “темир йўлчилар” ҳужумчиси Темурхўжа Абдухолиқов мувозанатни тиклаб, жамоасини мағлубиятдан -қутқариб қолди. 

Пойтахтнинг яна бир клуби “Бунёдкор” эса ўузорда “Шўртан” жамоаси устидан кичик ҳисобда зафар қучди — 1:0. Ягона голга  япониялик легионер Сато Минори муаллифлик қилди. “Қўқон — 1912”  (Қўқон) ҳам ўз майдонида худди шу ҳисобда “Бухоро” (Бухоро)га имкониятни бой берди. 

Яна бир қизиқарли баҳс “Андижон” (Андижон) — “Нефтчи” (Фарғона) ўртасида кузатилди. Бу галги “водий дербиси”да омад андижонликларга кулиб боқди — 2:1. 

Муборакнинг “Машъал” клуби ҳам кескин ва муросасиз кечган беллашувда “Навбаҳор” (Наманган) жамоасини бир тўп фарқи билан (2:1) енгишга муваффақ бўлди.

“Олмалиқ” жамоаси, ниҳоят, узоқ давом этган муваффақиятсиз сериясига чек қўйиб, мазкур биринчиликдаги илк уч очкосини олди. Яъни Игорь Шквирин шогирдлари Олмалиқда Бекободнинг “Металлург” клубини 2:0 ҳисобида мағлуб этди. 

Турнир дебютанти “Обод” (Тошкент) эса Зарафшондан ташриф буюрган  “Қизилқум” клуби футболчилари билан “муроса кўчаси”ни танлади — 2:2.

Турнинг кеча бўлиб ўтган марказий беллашувида  пойтахтнинг “Пахтакор” жамоаси Қаршининг “Насаф” клубини қабул қилди. Унда 1:1 натижаси қайд этилди.

Саиджон МАХСУМОВ. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn