Боксчиларимиз Олимпиада йўлланмаларини қўлга киритди
  • 01 Апрель 2016

Боксчиларимиз Олимпиада йўлланмаларини қўлга киритди

Хитойнинг Куинан шаҳрида давом этаётган бокс бўйича Осиё — Океания Олимпиада саралаш беллашувида етти нафар спортчимиз ярим финалда ғалаба қозониб, Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўладиган тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасига йўлланмаларни қўлга киритди.

Жумладан, тажрибали боксчимиз Ҳасанбой Дўсматов (-49 кг.) мўғулистонлик Ган-Эрдене Ганхуягни, Шаҳобиддин Зоиров (-52 кг.) қирғизистонлик Азат Усеналиевни, Шаҳрам ўиёсов (-69 кг.) филиппинлик Сантос Марсиални, Элшод Расулов (-81 кг.) қирғизистонлик Еркин Адилбек улуни, Рустам Тўлаганов (-91 кг.) австралиялик Жейсон -Вателейни, Баҳодир Жалолов (+91 кг.) эронлик Абдулмажид Сепахвандини мағлубиятга учратди.

Мазкур турнирнинг хотин-қизлар ўртасидаги баҳсларида иштирок этаётган Ёдгорой Мирзаева ҳам “Рио — 2016” лицензияси соҳибасига айланди. У вазни 51 килограммгача бўлган боксчилар ўртасида ярим финалда Хитой Тайпейи вакили Лин Ю Тиндан устун келди. Эътиборли жиҳати, Ёдгорой мамлакатимиз хотин-қизлари орасида Олимпиада ўйинларида қатнашадиган биринчи боксчи қиз бўлди.

Шу тариқа бокс бўйича Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси Бразилияда барча вазн тоифасида совринли ўринлар учун кураш олиб бориш ҳуқуқини қўлга киритди. Чунки бунгача 2015 йили Доҳа (Қатар)да ўтказилган жаҳон чемпионатида тўрт нафар вакилимиз — Муроджон Аҳмадалиев (-56 кг.), Элнур Абдураимов (-60 кг.), Фазлиддин ўоипназаров (-64 кг.) ҳамда Бектемир Мелиқўзиев (-75 кг.) ҳам лицензия олишга эришганди. 

Ҳамюртларимизнинг ушбу муваффақияти давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 25 февралдаги “Ўзбекистон спортчиларини 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида”ги қарорига муносиб жавобдир.

Маълумот ўрнида айтиб ўтамиз, ҳозиргача Олимпиада йўлланмаларига сазовор бўлган спортчиларимиз сони 36 нафарга етди. Албатта, бу ҳали якуний натижа эмас. Олдинда лицензия олиш имкониятини берадиган бир қанча нуфузли мусобақалар бор. Уларда ҳам вакилларимиз билдирилган ишончни оқлашади, деган умиддамиз.

Фазлиддин АБИЛОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn