Хотин-қизлар спорти: Имконият ва истиқбол
  • 22 Март 2016

Хотин-қизлар спорти: Имконият ва истиқбол

Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 11 февраль куни Оқсаройда бўлиб ўтган Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг навбатдаги йиғилишида қизларни жисмоний тарбия ва спортга янада кенг жалб этиш, сузиш ҳавзаларида қулай шароит яратиш, бунинг учун хотин-қизлар қўмиталарининг фаоллигини ошириш зарурлигини алоҳида таъкидлаган эди.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан Маданият ва спорт ишлари, Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Болалар спортини -ривожлантириш жамғармаси, “Маҳалла” фонди билан ҳамкорликда хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ҳамда спорт билан шуғулланишни кундалик ҳаёт тарзига айлантиришнинг долзарб масалаларига бағишланган видеоконференция ана шу мақсадда ташкил этилиб, унда ушбу йўналишдаги ишлар самарадорлигини янада -кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар кўриб чиқилди.

Тадбирда мамлакатимизда миллат генофондини яхшилаш, баркамол авлодни вояга етказишнинг асосий воситаси сифатида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга -давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётгани, бунинг натижасида болаларимиз ҳар томонлама соғлом ҳамда иродали бўлиб вояга етаётгани, хотин-қизлар саломатлиги мустаҳкамланаётгани айтиб ўтилди. Бугунги кунда спорт билан мунтазам шуғулланаётган хотин-қизлар салкам эллик фоизни ташкил этаётгани, профессионал спортчиларимиз сафида улар сони тобора кенгайиб бораётгани, ўтган давр мобайнида 44 нафар қиз айнан мазкур соҳадаги ютуқлари учун Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлгани бу борада олиб борилаётган ишларнинг яққол тасдиғидир.

“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида жисмоний тарбия ҳамда спортни кенг -оммалаштириш, ёшлар, айниқса, қишлоқ жойларда қизларни спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш, янги спорт объектлари қуриш ва мавжудларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий ускуна ҳамда анжомлар билан жиҳозлаш, юқори малакали мураббийлар билан таъминлашга оид белгиланган вазифаларни бажариш, шу билан бирга, хотин-қизлар ўртасида сув спорти турларини кенг оммалаштириш, сузиш ҳавзаларида улар учун қулай шароит яратиш борасида хотин-қизлар қўмиталари томонидан давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар мулоқот давомида қизғин муҳокама қилинди. Чунончи, қишлоқ жойларда болалар, шу жумладан, қизларнинг сув спорти билан оммавий равишда шуғулланишини тизимли ташкиллаштириш, буни қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш, уларда соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантиришда катта аҳамиятга эга -эканлигини кенг жамоатчилик ўртасида тарғиб қилиш, сузиш ҳавзаларида байрам тадбирлари ва спорт мусобақаларини мунтазам уюштириш долзарблиги билдирилди. Айни чоғда аёллар ҳамда қизларни тегишли вазирликлар тасарруфидаги сузиш ҳавзаларига бепул жалб этиш тизими яратилгани, бу эса, ўз навбатида, Давлат дастури ижросини таъминлашга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.

Видеоконференцияда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хотин-қизлар қўмиталари раисларининг ахборотлари тингланди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситхонова сўзга чиқди.

 

Зиёда АШУРОВА,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn