Олимпиада ўйинлари: Долзарб масалалар ва янгиликлар
  • 18 Март 2016

Олимпиада ўйинлари: Долзарб масалалар ва янгиликлар

Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказиладиган Олимпиада ўйинлари бошланишига ҳам тўрт ойдан кўпроқ вақт қолди. Айни пайтда халқаро спорт жамоатчилигини соҳага доир бўлмаган яна бир жиҳат қизиқтираяпти. У мезбон давлатдаги эпидемиологик вазиятдир. 

Табиийки, мазкур глобал масала мусобақага борадиган ўзбекистонлик олимпиячиларни ҳам бефарқ қолдирмайди. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси томонидан мураббийлар, спорт федерациялари вакиллари ва шифокорлари учун ташкил этилган ўқув-амалий семинар ана шу мавзуга бағишланди. Унда мутахассислар томонидан Жанубий Америкага уюштириладиган сафар қандай қийинчиликлар туғдириши эҳтимоли борлиги, дори препаратлари ва допинг бўйича янгиликлар ҳақида батафсил сўз юритилди.

Зика вируси хавфлими?

Саидмурод  САЙДАЛИЕВ, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, Республика Бош давлат санитария врачи:

— Бразилияга бориш ҳамюртларимиздан алоҳида эҳтиёткорлик чораларини кўришни талаб этади. Сабаби, у ерда бизда анчадан бери кузатилмаётган хасталиклар, жумладан, безгак учрайди. Айни пайтда Ўзбекистон Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотидан мазкур касалликдан холи мамлакат сертификатини олиш йўлида иш олиб бораяпти. Бунга етарлича асослар бор. Негаки, бизнинг ҳудудда ушбу хасталик билан боғлиқ ҳолат узоқ вақтдан бери қайд этилмаган. 

Аммо Лотин Америкасининг мазкур давлатида шу сингари муаммолар, хусусан, Денге безгаги билан боғлиқ вазият тобора кескинлашиб бораяпти. Шу маънода, ҳар бир давлат ҳудудига ана шундай касалликнинг кириб келиш хавфи сақланиб турибди. Бинобарин, Ўзбекистонда санитария назорати органлари томонидан бу борада қатъий мониторинг ўрнатилган бўлиб, аэропортларга келган барча йўловчилар шу каби хасталикларнинг асосий аломати — тана ҳарорати кўтарилишини қайд этадиган тепловизорлардан ўтказилаяпти. 

Умуман, ЖССТ маълумотларига кўра, Бразилияда Зика вирусини юқтирганлар сони қарийб 1,5 миллион нафарга етган бўлса-да, у ерга бориш бўйича ҳеч қандай чекловлар ўрнатилмаган. Фақатгина риоя қилиш зарур бўлган тавсиялар берилаётир.

Эркин МУСАБОЕВ, Вирусология илмий тадқиқот институти директори:

— Зика янги касаллик тури бўлмай, тропик давлатларда олдин ҳам кузатилган. Бу галги ҳолат уни ташувчилари саналадиган чивинларнинг кескин кўпайиб кетиши билан боғлиқ. У жуда хавфли вирусли инфекциялар сирасига кирмайди ва мазкур дардни орттириш деярли оғир ҳолатга олиб бормайди. Бироқ айнан ўша ерга хос ва юқорида айтиб ўтилган ҳашарот туридан тарқаладиган “сариқ безгак”нинг инсон ҳаётига зомин бўлиш хавфи 20 фоиздан зиёддир. Айни пайтда унга қарши эмлаш масаласи муҳокама этилаяпти. 

Таъкидлаш ўринлики, Зика вируси енгил ўтиб кетади. Унинг айрим аломатлари гриппга ҳам ўхшайди. Шундай бўлса-да, у спортчиларни жуда ноқулай аҳволга солиб қўйиб, улардаги меҳнат лаёқатини деярли бир ҳафтага чеклаб қўяди. Ҳозирча у билан боғлиқ турли патологик ҳолатлар исботланмаган.

Айтиш ўринлики, ҳар қанақасига ҳам эпидемиологик жиҳатдан ҳушёрлик зарур. Шу сабаб биз мазкур мавзуга оид барча ахборотларни диққат билан кузатиб бораяпмиз. Бундан ташқари, мамлакатимиз спортчилари ва расмий делегацияси аъзолари учун Бразилияга хос юқумли касалликлар, уларнинг тарқалиш ҳудудлари, профилактика усуллари жой олган махсус эслатма тайёрланди. ЖССТга эса Зиканинг экспресс-ташхиси тестини олиш учун сўров жўнатилган. 

Об-ҳавода фарқ қандай? 

Наиля СВЕТЛИЧНАЯ, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти катта илмий ходими:

— Олимпиадада спортчи учун арзимас нарсанинг ўзи йўқ. Бу, айниқса, тайёргарлик жараёнлари қизғин паллага кирган ҳозирги шароитда жуда муҳимдир. Бундай пайтда ҳар бир нарсага, хусусан, Лотин Америкаси иқлимининг ўзига хосликларини эътибордан четда қолдирмаслик лозим. 

Маълумки, Олимпиада ўйинлари августда бўлиб ўтади. Ўша ойда Бразилияда қиш авжига чиқади, ҳавонинг намлиги қарийб 80 даражага етиб, ҳарорат Цельсий бўйича +22 даражани ташкил этади. Шунингдек, Рио-де-Жанейрогача етиб боришнинг ўзи бир машаққат эканлигини, ўшандаги руҳий ҳолатни эсдан чиқармаслик керак. Чунки биргина авиапарвознинг ўзи 18 соат давом этади. Спортчилар еттита вақт минтақасини кесиб ўтади. Бундай ҳолатда инсон нормал ҳаёт меъёрига мослашиши учун камида 24 соат керак бўлади. Лекин аниқ комплекс тайёргарлик, делегация таркибидаги шифокорлар маслаҳатига риоя этиш, спортчиларимизга кўрсатиладиган руҳий, тиббий-биологик кўмак уларни маҳаллий шароитларга тезда мослашиб олиб, юртимиз шарафини халқаро спорт майдонларида муносиб ҳимоя қилишида муҳим аҳамият касб этади.

Допинг: кеча ва бугун

Ойбек ҚОСИМОВ, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси бош котиби:

— Қатор давлатларда сўнгги пайтларда кўп рўй бераётган допинг машмашалари сабабли МОҚ ушбу масалага эътиборни кучайтирган. Зеро, Ўзбекистонда допингга қарши фаолиятни мувофиқлаштириш учун барча шароит яратилган. Жумладан, 2010 йилда тегишли халқаро Конвенция ратификация қилинди. Президентимиз ташаббуси билан Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази ташкил этилиб, у спортчилардан олинадиган намуналарни таҳлил қилиш учун энг замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Қолаверса, допинг мутахассислари иштирокида мунтазам семинарлар ўтказиб келинаяпти, Жаҳон допингга қарши кураш агентлиги (WADA) билан маълумотлар алмашинуви йўлга қўйилган. 

2014-2015 йилларда олиб борилган текширувлар натижасида 72 нафар ўзбекистонлик спортчида бирорта салбий натижа учрамагани ана шундай амалий саъй-ҳаракатлар самарасидир.

Баҳодир ҲУСАНХЎЖАЕВ, МОҚнинг халқаро алоқалар бўлими бошлиғи:

— Допинг билан боғлиқ ҳар қандай кўнгилсиз воқеанинг олдини олиш мақсадида спорт шифокорлари, мураббийлар ва атлетларга тақиқланган препаратларнинг янгиланган ва 2016 йилнинг 1 январидан кучга кирган рўйхати тарқатилди. У WADA расмий сайтида ҳам бериб борилади. Масалан, жорий йилдан бошлаб рўйхатга мельдоний ва бошқа препаратлар киритилди. Айни чоғда тушунтириш ишларига ҳам алоҳида аҳамият бераяпмиз. Бу эса атлетни ўзи билмаган ҳолда рухсат этилмаган дорини истеъмол қилиб қўйишининг олдини олади. 

Кези келганда айтиш лозимки, шу ва бошқа сабаблар спортчини Бутунжаҳон допингга қарши кодекси қоидаларига кўра, тақиқланган препаратлар қабул қилгани учун жавобгарликдан озод этмайди. Яқиндан бери эса допинг истеъмоли билан боғлиқ ножўя ҳолат аниқланса, тегишли санкцияга кўра, атлетнинг мураббийси ва шифокори ҳам ўз фаолиятидан четлаштириладиган бўлди.

 

«Халқ сўзи» мухбири

Саиджон МАХСУМОВ ёзиб олди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn