Ёш спортчилар шижоати
  • 06 Март 2016

Ёш спортчилар шижоати

Спорт — саломатлик гарови. Бинобарин, мамлакатимизда эртамиз эгаларининг баркамол бўлиб вояга етишлари учун барча шарт-шароит яратиб берилаяпти.

Бу борада мунтазам ўтказиб келинаётган турли мусобақалар уларни оммавий спортга кенг жалб қилиш, жамиятда соғлом турмуш тарзини чуқур қарор топтиришда муҳим аҳамият касб этаётир.
Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди,  Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ҳамкорлигида Халқаро хотин-қизлар кунига бағишлаб ўсмирлар, қизлар ҳамда болалар ўртасида ташкил этилган “Соғлом авлод учун” кубоги фестивалининг очилиш маросимида ана шулар алоҳида таъкидланди.
Тадбир доирасида 150 нафардан зиёд ёшлар спорт рақси, бадминтон ва ушу бўйича ўзаро баҳс олиб борди. Болаларнинг кўргазмали чиқишлари томошабинлар олқишига сазовор бўлди.
Хусусан, Тошкент ахборот технологиялари университети спорт мажмуаси мезбонлик қилган спорт рақси бўйича мусобақалар барчага ёрқин дамларни бахш этди.
Тошкент халқаро Вестминстер университетида эса истеъдодли ўғил-қизларимиз ушунинг нозик жиҳатларини яна бир бор намоён қилиб беришди. Уларнинг бири-биридан чаққон ва айни пайтда нафис ҳаракатлари ҳаммага завқ улашди. Шу билан бирга, мазкур олий таълим муассасасида кечган бадминтон беллашувларида энг кучли ҳаваскор ҳамда профессионал спортчилар зафар қучди.
Фестиваль якунида ғолиб ва совриндорлар диплом ҳамда совғалар билан тақдирланди.

Суннатилла ИСЛОМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn