Кураш ҳақида электрон қўлланма
  • 05 Март 2016

Кураш ҳақида электрон қўлланма

Миллий матбуот марказида “Кураш электрон қўлланмаси” тақдимоти ҳамда Италия кураш федерацияси делегациясининг мамлакатимизда ўтказган ўқув-машғулот йиғинлари якунига бағишланган анжуман ташкил қилинди.

Мустақиллик йилларида юртимизда миллий қадриятларимизни тиклаш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Хусусан, курашнинг спорт тури сифатида халқаро миқёсда оммалашишига эришилгани бу борадаги саъй-ҳаракатларга ёрқин бир мисолдир. Бунда Президентимизнинг 1999 йил 1 февралдаги “Халқаро “Кураш” ассоциациясини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармони муҳим аҳамият касб этаётир. Ҳозирги вақтда 120 дан зиёд давлатда кураш федерациялари, барча қитъаларда кураш конфедерациялари фаолият юритмоқда. Мазкур спорт турига жаҳон миқёсида қизиқишнинг ортиши унда мардлик, жасурлик, ҳалоллик, рақибга нисбатан олижаноблик сингари эзгу ғоялар улуғланиши билан бевосита боғлиқ.
Шу боис ҳам Осиё олимпия кенгаши Бош ассамблеяси қарорига мувофиқ, кураш қитъамиздаги уч нуфузли мусобақа — жорий йил Вьетнамда ўтадиган Осиё соҳил ўйинлари, 2017 йили Туркманистонда бўладиган ёпиқ иншоотларда ва жанговар яккакурашлар бўйича қитъа ўйинлари ҳамда 2018 йили Индонезия мезбонлик қиладиган XVIII ёзги Осиё ўйинлари дастурига киритилди.
Тадбирда Кураш халқаро ассоциацияси тақвимидан жой олган мусобақалар, шунингдек, Италия кураш федерацияси президенти Витторио Жиоржи раҳбарлигидаги бир гуруҳ мураббий ва ҳакамлар пойтахтимизда кураш борасидаги билим ҳамда тажрибаларини оширгани ҳақида маълумот берилди.
Анжуманда Кураш халқаро ассоциацияси томонидан миллий спортимизни янада кенг тарғиб этиш, уни ўргатишнинг замонавий ва қулай воситаларини жорий қилиш мақсадида ишлаб чиқилган “Кураш электрон қўлланмаси” тақдимоти бўлиб ўтди. Ушбу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг гранти эвазига амалга оширилди. Қўлланмадан кураш қоидалари ҳамда усуллари, унинг тарихи, этикаси, мусобақалар ташкил этиш ва ўтказиш тартиблари овозли, матнли, сурат, видеотасвирли тарзда ўзбек, рус ва инглиз тилларида жой олган.

Фазлиддин АБИЛОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn