Йирик турнир якунига етди
  • 01 Март 2016

Йирик турнир якунига етди

Пойтахтимизда Бутунжаҳон бокс серияси (WSВ) ҳамда ярим профессионал боксчилар (АРВ) йўналишлари бўйича мусобақалар ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, мамлакатимиз бокс федерацияси ҳамда Халқаро ҳаваскор боксчилар уюшмаси (АIBА) ҳамкорлигида ташкил этилган турнирда Ўзбекистон, Пуэрто-Рико, Испания, Руминия, Хорватия, Ҳиндистон, Мўғулистон, Қозоғистоннинг энг кучли чарм қўлқоп усталари рингга кўтарилди. 
WSВ йўналишида Ўзбекистоннинг “Uzbek Тigers” жамоаси Пуэрто-Риконинг “Puerto Rico Hurricanes” (5:0) ҳамда Қозоғистоннинг “Аstana Arlans” (4:1) жамоаларидан устун эканини намоён этди. Хусусан, юртдошларимиздан Ҳасанбой Дўсматов, Аброр Қодиров, Абдулҳай Шораҳматов, Элнур Абдураимов, Фазлиддин Мелибоев, Достон Турдиев, Шуҳрат Абдуллаев, Мирзабек Ҳасанов ҳамда Сардор Абдуллаев ғалаба қозониб, билдирилган ишончни оқлади.
Ярим профессионаллар ўртасидаги баҳслар ҳам қизиқарли кечди. Унда Жасурбек Латипов, Дилшод Маҳмудов, Исроил Мадримов, Зуҳриддин Маҳкамов ҳамда Улуғбек Мубинов рақибларини мағлубиятга учратиб, рейтинг очколарига эга бўлди.
— Ўзбекистонда барча соҳа қатори спорт ҳам жадал равнақ топиб бораётганига гувоҳ бўлдим, — дейди мусобақа супервайзери Муҳаммад Мустаҳсоний (Марокаш). — Бу ерда нуфузли  турнирларни уюштириш учун етарли шароит ҳамда қулай инфратузилма мавжуд. Ўз навбатида, Ўзбекистон ташкилотчиликда катта тажрибага эга экани кўпчиликка яхши маълум. Халқаро ҳаваскор боксчилар уюшмаси WSB ва АРВ йўналишларидаги мазкур йирик турнирлар мезбонлиги учун Тошкент шаҳрини танлагани ҳам айни мана шу омиллар билан боғлиқ. Бу қарор нақадар тўғри бўлганини биз юқори савияда ташкил этилган мана шу бокс байрамида тўла ишонч ҳосил қилдик.

Жаҳон кубогидаги муваффақият Малайзиянинг
Куала-Лумпур шаҳрида пауэрлифтинг бўйича бўлиб ўтган Жаҳон кубоги беллашувларида паралимпиячиларимиз совриндорлар қаторидан жой олди.
40 давлатдан икки юзга яқин спортчи қатнашган мусобақада, жумладан, Нуритдин Дaвлатов 194 килограмм, Рўза Қўзиева эса 92 килограмм тошни ўзига бўйсундириб, бронза медаллар билан тақдирланди.

С. МАХСУМОВ тайёрлади.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn