Ўзбекистон — КХДР — 3:1
  • 13 Ноябрь 2015

Ўзбекистон — КХДР — 3:1

Кеча футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2018 йилги жаҳон чемпионати иккинчи саралаш босқичи доирасида ўз майдонида КХДР терма жамоасига қарши баҳс олиб борди.

Кузнинг ёмғирли ва салқин ҳавосига қарамай, “Пахтакор” марказий стадиони мухлислар билан лиқ тўлди. Мамлакатимизнинг деярли барча ҳудудидан ишқибозлар ташриф буюрди. Ўйинни телеэкран орқали ҳам миллионлаб юртдошларимиз кузатиб боришди. Чунки мазкур учрашувнинг аҳамияти жуда юқори эди.
Афсуски, беллашувнинг 2-дақиқасидаёқ биз учун кутилмаган ҳолат рўй берди. КХДР футболчиларининг тезкор ташкил этган ҳужумини Ри Хёк Чол муваффақиятли якунлади.
Шундан сўнг вакилларимиз ташаббусни ўз қўлларига олишди. Узоқ масофадан туриб рақиб жамоа дарвозаси томон бир неча бор зарбалар йўлланди. Айниқса, қанотлардан уюштирилган ҳужумлар хавфли кўринишни юзага келтирди. Ниҳоят, баҳснинг 23-дақиқасида узатиб берилган тўпни Игорь Сергеев боши билан рақиб дарвозасига йўллаб, ҳисобни тенглаштирди. Иккинчи бўлимда ҳам вакилларимиз секин-аста тўп назоратини ўз қўлларига олишди. Натижада Марат Бикмаев ўрнига захирадан майдонга тушган Александр Гейнрих 65-дақиқада чап қанотдан Сардор Рашидов узатиб берган тўпни ўзига ўнглаб олди ва усталик билан дарвозани ишғол қилди — 2:1.  Учрашувнинг 87-дақиқасида эса истеъдодли ярим ҳимоячимиз Одил Аҳмедов ўзи бошлаган рейдга чиройли голи билан мантиқий нуқта қўйди — 3:1.
Шундай қилиб вакилларимиз ўз очколари сонини 12 тага етказиб, учинчи саралаш босқичига чиқиш имкониятини янада мустаҳкамлашди.
Филиппин эса ўз уйида кутилмаганда аутсайдер Яманга кичик ҳисобда имкониятни бой берди.

М. ҚОСИМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn