Фарзандлари соғлом юрт
  • 26 Октябрь 2015

Фарзандлари соғлом юрт

Халқимиз ёшлар камолотига доимо жиддий эътибор қаратиб келган. Мамлакатимиз истиқлолга эришиб, таълим-тарбия соҳаси давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири этиб белгилангач, бу бебаҳо қадрият моҳиятан янги мазмунга эга бўлди. Бинобарин, мустақил юртимизнинг биринчи ордени “Соғлом авлод учун” деб аталгани ҳам бежиз эмас.

Ана шу ўтган давр мобайнида фарзандларимизни билимли, дунёқараши кенг, Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси билан яшайдиган, бошқача айтганда, баркамол қилиб вояга етказиш йўлида улкан ишлар бажарилди.
Жаҳон андозаларига тўла мос, айни пайтда ўзимизга хос таълим модели яратилди. Унинг узвий қисми сифатида спортга алоҳида аҳамият қаратила бошланди. Шу мақсадда катта куч ва маблағ сарфлаб, шаҳару қишлоқларимизда кўркам иншоотлар — стадионлар, спорт заллари, теннис кортлари, сузиш ҳавзалари, гимнастика марказлари барпо қилинди. Президентимизнинг 2002 йил 24 октябрдаги “Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасини тузиш тўғрисида”ги ва 2004 йил 29 августдаги “Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари бу борада муҳим аҳамият касб этди.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Бугун ҳеч кимга сир эмас, эрта ёшдан бошлаб спорт билан мунтазам шуғулланадиган болаларгина жисмонан соғлом, бақувват бўлиб вояга етади. Шу асосда ҳар бир ота-онанинг эзгу орзуси бўлмиш соғлом фарзанд ўстириш, аҳолимиз ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтириш учун катта имкониятлар пайдо бўлади.
Айнан ёшлик чоғидан спорт билан дўст бўлиш боланинг ўз устида ишлаши, характерининг тобланиши, мусобақаларда қатнашиш орқали қатъиятлик ва мардлик хусусиятларининг шаклланиши, ғалабага интилиши, таъбир жоиз бўлса, аввало, ўз устидан ғалаба қозониши, бир сўз билан айтганда, мустаҳкам иродага эга бўлиши учун пухта замин яратади”.
Дарҳақиқат, бугун ана шундай эзгу тушунчаларнинг ҳаётий ифодасини ҳаммамиз кўриб, гувоҳи бўлиб турибмиз. Келинг, шу ўринда айрим таҳлилларга эътибор қаратсак. -Истиқлолнинг дастлабки йилида, аниқроғи, 1991 йилда республикамиз халқ таълими тизимидаги барча спорт иншоотлари, мактаб спорт заллари ва сузиш ҳавзаларининг сони 5490 тани ташкил қиларди. Лекин улардаги шароит талабга жавоб бермасди. Мураббийлар, спорт жиҳозлари ва ускуналари етишмаслиги энг долзарб муаммолардан бири эди. 2004 йилда бу рақам 5837 тага етган бўлса, жорий йилда 8000 дан ошиб кетди. Бунда Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан жами 1700 дан ортиқ турли спорт иншооти, Мактаб таълимини ривожлантириш жамғармаси томонидан мактаб спорт заллари капитал таъмирлангани ва янгидан қурилиб, ёшлар ихтиёрига берилгани катта роль ўйнади. Айтиш жоизки, бунёдкорлик ишлари изчил давом эттирилаётир. Хусусан, 2015 йил якунигача яна
221 болалар спорти объектини фойдаланишга топшириш кўзда тутилган.
Янгидан барпо этилаётган спорт мажмуаларини, асосан, ўзимизда ишлаб чиқарилаётган спорт жиҳозлари билан таъминлашга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Жамғарма ташкил этилган дастлабки йилда маҳаллий корхоналаримиз томонидан болалар спорти объектлари учун зарур бўлган 120 турдаги инвентардан 73 тури тайёрланган бўлса, бугунги кунда 119 турдаги спорт анжомлари ва ускуналари ишлаб чиқарилаётир.
Албатта, барча тегишли мажмуалар замонавий инвентарлар ва малакали мураббийлар билан таъминланаётганлиги туфайли спорт билан шуғулланаётган ўғил-қизлар сафи  тобора кенгайиб бораяпти. Мисол учун, 1991 йилда мамлакатимизда 6 — 15 ёшдаги 199 626 нафар бола (шундан 72 326 нафари қизлар) спортга ошно тутинган бўлса, 2015 йилда мазкур рақам 2 миллион 529 минг нафардан (улардан 996753 нафари қизлар) ошди. Яъни бу борадаги кўрсаткич 12 баробар ортди.
Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан истеъдодли ёшларга, айниқса, қишлоқ жойларда спорт билан мунтазам шуғулланаётган ўсмир ва қизларга дунёнинг ривожланган давлатларида ўтказилаётган халқаро мусобақалар, ўқув-йиғин машғулотлари ҳамда спорт фестивалларида қатнашиш имконияти яратиб берилаётгани диққатга сазовордир. Хусусан, ҳозирги кунга қадар Европа мамлакатлари, АҚШ, Бразилия, Хитой, Жанубий Корея, Сингапур, Таиланд ва бошқа қатор давлатларда ташкил этилган ана шундай халқаро беллашувларда мамлакатимизнинг навқирон авлод вакиллари 701 та олтин, 526 та кумуш ва 619 та бронза медалига сазовор бўлишди.
Шу ўринда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ўқувчи ва талаба-ёшларни оммавий равишда жисмоний тарбия ҳамда спортга жалб қилиш мақсадида жорий этилган уч босқичли мусобақалар тизимига ҳам алоҳида тўхталиб ўтиш жоиздир. Чунки “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада ўйинларининг анъанавий тарзда ўтказиб келинаётгани фарзандларимизни соғлом камолга етказиш, истеъдодларни аниқлаш, улар маҳоратини ошириш, шу орқали терма жамоалар захирасини шакллантиришда муҳим омил бўлаяпти. Мазкур тажриба бугунги кунда халқаро ҳамжамият томонидан юксак эътироф этилмоқда.
Ноёб тизимнинг самаралари хусусида сўз юритсак, айтайлик, илгари Сурхондарё, Қашқадарё вилоятларида, асосан, миллий кураш, Фарғона водийси, Хоразм, Жиззах вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида белбоғли кураш кўпроқ оммалашган эди. Ҳозирги кунда ҳар бир ҳудудда спортнинг деярли барча тури бирдек ривожланаяпти. Ёки Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Сурхондарё, Қашқадарё, Жиззах вилоятларида авваллари сузиш, енгил атлетика бўйича спортчилар нисбатан кам етишиб чиққан бўлса, айни пайтда ана шу ҳудудлар вакиллари қатор халқаро мусобақаларда қатнашиб, Ватанимиз номини улуғлашга муносиб ҳисса қўшишаётир. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Барчаси болалар спортига бўлган юксак эътиборнинг меваси, амалий натижаси, албатта.
Президентимиз Жамғарма томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида тўхталиб, жумладан, шундай деган эдилар: “Болалар спортини ривожлантириш, шу орқали уларни соғлом ва баркамол этиб тарбиялашга қаратилган бу тизимнинг йўлга қўйилгани ҳар жиҳатдан тўғри бўлганини бугун ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб турибди. Спорт одамларнинг оиласига, онгига кирди, турмуш тарзига айланди. Ота-оналар ўзлари болаларини спорт тўгаракларига етаклаб келмоқда. Спорт билан шуғулланган ўғил-қизларимиз соғлом, бақувват ва қатъиятли бўлиб улғаймоқда, уларнинг дунёқараши ўзгармоқда. Бир сўз билан айтганда, халқимиз бу борада ҳам уйғонди”.
Дарҳақиқат, ислоҳотларнинг ҳаётий ифодаси қуйидаги рақамларда ҳам кўзга яққол ташланади: сўнгги ўн йилда ривожланишида туғма нуқсони бўлган болалар сони 1,3 баробар камайди. 6 — 15 ёшли болалар орасида ўткир юқумли касалликлар билан оғриш 34,4 фоиз, пневмонияга чалиниш 49,7 фоиз, бронхит билан хасталаниш 32,8 ва сколиоз билан касалланиш 32,7 фоиз камайди. Сўнгги 10 йилда вазни тиббиётда кўзда тутилган меъёрдан кам бўлган болалар сони икки баробардан зиёд (4 фоиздан 1,8 фоизга) қисқарди, уларнинг бўйи ўртача 3 сантиметр ўсди.
Фарзандларимизни комил инсонлар сифатида тарбиялаш борасидаги саъй-ҳаракатлар, шубҳасиз, бундан кейин ҳам изчил давом эттирилади.


Акмал БАБАНОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ижрочи директори ўринбосари.

Шомурот ШАРАПОВ ва
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn