Дунё рейтингида етакчи
  • 20 Октябрь 2015

Дунё рейтингида етакчи

Англиянинг Манчестер шаҳрида таэквондо WTF бўйича Гран-при турнирининг учинчи босқичи ташкил этилди. Мусобақанинг энг оғир вазн тоифасида доянга чиққан юртдошимиз, амалдаги жаҳон чемпиони Дмитрий Шокин олтин медаль билан бирга, 2016 йили Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)да ўтказиладиган XXXI ёзги Олимпиада ўйинлари йўлланмаси учун бериладиган 40 рейтинг очкосига эга бўлди.

Дмитрий якуний жангни кубалик Рафаэль Кастильога қарши ўтказди. Рақибига ҳеч қандай имконият қолдирмаган спортчимиз дунёда тенгсиз эканлигини яна бир карра исботлади.
Ушбу муваффақият Дмитрий Шокинга энг оғир вазндаги таэквондо усталарининг жаҳон рейтингида биринчи ўринга кўтарилиб олишига замин яратди.

Юртдошимиз «Катта дубулға»да тенгсиз
Франция пойтахти Париж шаҳрида дзюдо бўйича ўтказилган “Катта дубулға” туркумига кирувчи халқаро мусобақада спортчиларимиз муваффақиятли қатнашди.
Жумладан, 60 килограммгача бўлган полвонлар беллашувида Шарофиддин Лутфуллаев бронза медали билан тақдирланди. Турнирнинг сўнгги кунида -81 кг. вазн тоифасида гиламга чиққан яна бир тажрибали дзюдочимиз Шаҳзод Собиров рақибларини мағлуб этиб, ғолибликка эришди. Ҳал қилувчи баҳсда у россиялик Сергей Рябовдан устун келди.
Ўзбекистон дзюдо терма жамоаси битта олтин ва бронза медали билан умумжамоа ҳисобида бешинчи ўринни эгаллади.

«Насаф» — Ўзбекистон кубоги соҳиби
Жиззах шаҳрида фойдаланишга топширилган янги “Сўғдиёна” стадионида Ўзбекистон кубогининг финал учрашуви бўлиб ўтди. Унда Қаршининг “Насаф” ва Тошкентнинг “Бунёдкор” жамоалари ўзаро куч синашди.
Ўйинни ФИФА рефериси Равшан Эрматов бошқариб борди. Айтиш жоизки, дастлабки бўлим тенг курашлар остида кечди ва ҳисоб очилмади. 63-дақиқада “қалдирғочлар” вакили Акромжон Комилов иккинчи сариқ карточкани олиб майдонни тарк этгач, устунлик “Насаф” томонига ўтди. 71-дақиқада Артур Геворкян жаримадан жуда чиройли гол киритди — 1:0. 75-дақиқада Геворкяннинг бурчакдан узатиб берган тўпини ҳимоячи Шерзод Аъзамов дарвозага аниқ йўллади — 2:0.
Беллашув якунланиши арафасида “Бунёдкор” вакили Сато Минори йўллаган зарбадан сўнг тўп Шерзод Аъзамовга тегиб, дарвозага бориб тушди — 2:1. Шу ҳисоб ўйин охирига қадар сақланиб қолди ва “Насаф” ўз тарихида илк бор Ўзбекистон кубоги соҳибига айланди.

С. ИСЛОМОВ
тайёрлади.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Ғолиблар аниқланди Фарзандлари соғлом юрт »