Соғлом авлод — келажагимиз бунёдкори
  • 07 Октябрь 2015

Соғлом авлод — келажагимиз бунёдкори

Президентимиз жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш мақсадида Наманган ҳамда Фарғона вилоятларига ташрифи давомида истиқлол йилларида ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотларнинг ёрқин самаралари ҳақида тўхталар экан, бугун ёшларимиз ўз олдига аниқ мақсадлар қўйиб, дадил интилаётгани, барча соҳада катта ютуқларга эришаётгани халқимиз қалбини ғурурга тўлдираётганини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Дарҳақиқат, соғлом авлод — келажагимиз бунёдкори. Шундай экан, уларнинг маънавий ва жисмоний камолоти эртанги ҳаётимизнинг янада фаровон бўлишини таъминловчи муҳим омиллардан биридир. Қолаверса, мамлакатимиз довруғини жаҳонга кенг ёйишда ёшларимизнинг ғайрат-шижоати ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Бунда, айниқса, спортнинг ўрни беқиёс. Зеро, кейинги йилларда юртимизда мазкур соҳани изчил ривожлантириш орқали ўғил-қизларимизнинг соғлом ва бақувват бўлиб улғайишларига эришилаётир. Ўз навбатида, уларнинг халқаро майдонлардаги ёрқин ғалабалари Ўзбекистон тенглар ичра тенг мамлакат эканлигини такрор-такрор исботламоқда.
Бешариқ туманидаги 2-сонли “Рапқон” болалар ва ўсмирлар спорт мактабида ҳам кўплаб нуфузли мусобақаларда муваффақиятли қатнашаётган ёшлар таҳсил олади. Ҳозир бу ерда 3 минг нафардан зиёд ўғил-қизлар спортнинг 8 тури бўйича машғулотларда иштирок этаяпти. Уларга 24 нафар малакали мураббий устозлик қилмоқда.
Бундан беш йил муқаддам мазкур муассасада бадиий гимнастика машғулотлари йўлга қўйилган эди. У нафақат туманда, балки вилоятда ҳам нафис спорт турининг жадал оммалашишига хизмат қилаяпти. Масалан, ҳозир бу ерда Бешариқ, Фурқат ва Ўзбекистон туманларидан жами 400 нафардан зиёд 3 — 12 ёшли қизлар таҳсил олаётир. Машғулотлар 11 гуруҳга ажратилган ҳолда ташкил этилиб, уларга Севара Мақсудова, Саодат Тўйчиева, Жасура Раззоқова каби тажрибали мураббийлар бошчилик қилмоқда.
— Баркамол авлод тарбиясида бадиий гимнастиканинг ўрни нақадар беқиёс эканини шогирдларим интилишлари мисолида янада чуқур ҳис этаяпман, — дейди мураббий С. Мақсудова. — Айниқса, 3 — 5 ёшли қизалоқларнинг машқларни тез ўзлаштираётганидан қувонаман. Ҳаракатларининг чаққонлигини айтмайсизми?! Келгусида уларнинг маҳоратли спортчи бўлиб етишишидан умидвормиз. Муҳими, бунинг учун барча имконият яратилган.
Албатта, изланиш ва интилиш муваффақиятлар сари элтади. Бугун 2-сонли “Рапқон” болалар ва ўсмирлар спорт мактаби тарбияланувчилари орасида қитъа ва жаҳон миқёсидаги халқаро беллашувлар ғолиблари борлиги бунинг яққол тасдиғидир. Қолаверса, Одина Эргашева, Зарофат Абдусатторова, Сурайё Сирожиддинова каби ёш ва умидли гимнастикачи қизларнинг республика беллашувларидаги муваффақиятлари уларнинг издошларини ҳам янги марралар сари руҳлантирмоқда.

Набижон СОБИРОВ.
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn