Полвонларимиз Олимпиада йўлланмасини қўлга киритди
  • 15 Сентябрь 2015

Полвонларимиз Олимпиада йўлланмасини қўлга киритди

АҚШнинг Лас-Вегас шаҳрида эркин, юнон-рум ва хотин-қизлар кураши бўйича давом этаётган жаҳон чемпионатида терма жамоамиз аъзолари Рустам Ассакалов ва Ихтиёр Наврўзов кумуш медалга сазовор бўлди.

Айтиш жоизки, мазкур мусобақада полвонлар нафақат совринли ўринлар, балки келаси йили Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказиладиган XXXI ёзги Олимпиада ўйинлари йўлланмалари учун ҳам ўзаро беллашмоқда. Регламентга кўра, ҳар бир вазн тоифасида кучли олтиликка кирган спортчилар Олимпиадада қатнашиш имконига эга бўлади. Айни шу жиҳат баҳсларнинг қизиқарли ва муросасиз кечишини таъминлаяпти.
Энди бевосита ҳамюртларимиз иштироки ҳақида тўхталсак. Юнон-рум кураши бўйича 85 килограмм вазн тоифасидаги полвонлар беллашувида иштирок этган Рустам Ассакалов франциялик жаҳон чемпиони Мелонин Нумонви, австриялик Амер Хрустанович, эронлик Ҳабибулло Жомеҳ Аҳлагий, финляндиялик Рами Антеро Хиетаниемини мағлубиятга учратиб, совриндор бўлди. Эркин курашчилар мусобақасида эса Ихтиёр Наврўзов (65 кг.) намибиялик Жейсон Африканер, украиналик Титал Жафарян, мўғулистонлик Мандахнаран Ганзориг, жаҳон чемпиони, россиялик Сослан Рамоновни енгиб, иккинчи поғонани банд этди.
Шу тариқа Рустам ва Ихтиёр 2016 йили Рио-де-Жанейрода ташкил этиладиган навбатдаги ёзги Олимпиада ўйинларида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Таъкидлаш ўринлики, эришилган ушбу муваффақият давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 25 февралдаги “Ўзбекистон спортчиларини 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтадиган ХХХI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, атлетларимизнинг замонавий меъёрлар асосида ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиши, халқаро мусобақаларга пухта тайёргарлик кўриши ва уларда муносиб иштирок этиши учун яратиб берилган шарт-шароитлар самарасидир.

Фазлиддин АБИЛОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn