Шогирдлар камолидан мамнунмиз
  • 13 Август 2015

Шогирдлар камолидан мамнунмиз

Ўзбек полвонлари гиламга ор учун тушади, дейишади. Ҳақ гап. Мард йигитнинг белида белбоғи, юрагида ўти бўлгани яхши. Очиғи, Ўзбекистон номи янграганда, ҳеч бир даврада бўш келмаймиз. Эл-юрт ишончини оқлаш учун билагимиздаги бор кучимизни сарфлаймиз.

Спортчилар оиласиданман. Отам Раҳим Каримов оғир атлетика бўйича беш карра Ўзбекистон чемпиони, спорт устаси, халқаро тоифадаги ҳакам эди. Қаҳрамон исмли акам бокс бўйича спорт усталигига номзод. Улуғбек эса нуфузли олий ўқув юртида миллий кураш кафедраси ўқитувчиси. Синглим Гулчеҳра енгил атлетика бўйича вилоят чемпионлигини қўлга киритган. Акам Юсуфжон эса эркин кураш бўйича спорт устаси бўлганди. Фарзандларим ҳам изимдан боришди. Учала ўғлим миллий кураш, дзюдо ва самбо билан шуғулланиб, халқаро мусобақаларда мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишаётир. Шогирдларимни айтмайсизми? Улар эришаётган натижаларни кўриб, кўнглим тоғдек кўтарилади.
Бу ҳузур-ҳаловатни менга Мустақиллик бахш этди. Унинг шарофати билан орзуларимиз ушалди. Меҳнатимиз қадр топди. Бугун шогирдларимиз билан дунёнинг манаман деган спортчилари ҳам ҳисоблашишаяпти. Мураббий сифатида бундан доимо фахрланиб юраман. Келгусида ҳам яна кўплаб шогирдларни тарбиялаб, камолга етказиш — олий мақсадимдир.

Равшан КАРИМОВ,
Бухоро шаҳридаги 2-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби мураббийи,
«Соғлом авлод учун» ордени соҳиби.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn