Таэквондочиларимизнинг муносиб иштироки
  • 29 Июль 2015

Таэквондочиларимизнинг муносиб иштироки

Жанубий Кореяда таэквондо (ВТФ) бўйича ўтказилган “Корея опен — 2015” турнири ўзбекистонлик спорт усталарининг ёрқин ғалабаси билан якунланди.

Айтиш жоизки, катталар, ўсмирлар ва кадетлар ўртасида ташкил этилган беллашувларда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари жами 45 медални қўлга киритиб, истеъдод ва маҳорат бобида ҳеч кимдан кам эмасликларини амалда яна бир карра намоён этдилар.
Дунёнинг 72 давлатидан 2000 нафардан зиёд спортчи қатнашган мусобақанинг катталар ўртасидаги баҳсларида спортчилар совринли ўринлар ҳамда 2016 йили Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказиладиган навбатдаги ёзги Олимпиада ўйинларига йўлланма берувчи муҳим рейтинг очколари учун ҳам ўзаро беллашди. Айни жиҳат баҳсларнинг кескин рақобат остида ўтишини таъминлади. Ана шундай муросасиз курашларга бой кечган беллашувлар якунида юртдошларимиздан Жасур Бойқўзиев, Дмитрий Шокин ва Мустафо Валиев ўз вазн тоифаларида олтин медални қўлга киритди. Уларнинг бу муваффақияти шарафига бир неча бор байроғимиз кўтарилиб, юртимиз мадҳияси янгради. Шунингдек, бу уч спортчимиз 20 тадан рейтинг очкосига ҳам эга бўлди. Яна бир тажрибали атлетимиз Никита Рафалович эса бронза медаль билан тақдирланди.
Ўсмирлар ва кадетлар ўртасидаги баҳсларда таэквондочиларимиз эришган натижа янада салмоқли бўлди. Буни беллашувларда вакилларимиз томонидан 16 та олтин, шунча кумуш ва 9 та бронза медали жамғарилгани ҳам кўрсатиб турибди.


Ф. ИБРАГИМОВ тайёрлади.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn