Ўзбек футболининг ёрқин келажаги
  • 19 Июнь 2015

Ўзбек футболининг ёрқин келажаги

Замонавий тиббиёт хулосаларига кўра, спорт, хусусан, футбол билан шуғулланган бола соғлом ва бақувват бўлиб ўсади. Ақл-идроки ривожланади, ҳамжиҳатликни, жамоа бўлиб ҳаракатланишни ўрганади. Бундай фазилатлар эса, шубҳасиз, мурғак қалбларда эзгулик тушунчаларининг мустаҳкам қарор топишига хизмат қилади. Шу боис ҳам “миллионлар ўйини”нинг оммалашиши алоҳида аҳамиятга эга.

БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) ҳамда Халқаро футбол ассоциациялари федерацияси (ФИФА) келишувига асосан, 19 июннинг “Жаҳон болалар футболи куни” деб белгилангани бежиз эмас. Мазкур сана муносабати билан бутун дунёда ўтказиладиган спорт тадбирлари, мусобақалар орқали жаҳон ҳамжамияти эътибори яна бир карра ёш авлодни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантиришга қаратилади.
Ўзбекистонда ҳам ушбу кун анъанавий тарзда кенг нишонланади. Болаларга катта ғамхўрлик қилинади. Лекин диққатга сазовор жиҳати шундаки, юртимизда эртамиз эгаларига кўрсатиладиган меҳр ва эътибор фақат бирор-бир санадагина эмас, балки йил бўйи давом этади. Дарҳақиқат, истиқлол туфайли Президентимиз раҳнамолигида спортни ривожлантиришга давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири сифатида аҳамият қаратила бошланди. Натижада футболимиз мавқеи ҳам том маънода янги, тараққиёт босқичига кўтарилди. Бу, албатта, яратиб берилган мустаҳкам ҳуқуқий ва моддий асос билан бевосита боғлиқ. Жумладан, ўтган вақт мобайнида футбол клубларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, стадионларни ФИФА талабларига мувофиқлаштириш, жаҳон ва қитъа чемпионатлари, халқаро мусобақаларда Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир бўлган маҳоратли футболчиларни тайёрлаш, қолаверса, мамлакатимиз футболининг оммавийлик даражасини ошириш мақсадида қатор ҳужжатлар қабул қилинди.
Давлатимиз раҳбарининг 2006 йил 1 майдаги “Ўзбекистонда футболни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, Футболни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тузилди. У айни вақтда болалар ва ўсмирлар футболини ривожлантиришда алоҳида ўрин тутмоқда.
Президентимизнинг 2011 йил 19 январдаги “2011 — 2013 йилларда республикада футболнинг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш ва уни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, футбол бўйича мактаб-интернатлар, болалар ва ўсмирлар мактаблари, профессионал футбол клублари ва терма жамоаларда ўқув-машқ жараёнини яхшилаш, футболчилар, мураббийлар ҳамда ҳакамларнинг маҳорат ва малакасини юксалтириш, стадионлар қуриш, мавжудларини талаб даражасида таъмирлаш бўйича улкан ишлар амалга оширилмоқда.
Табиийки, бу каби эзгу саъй-ҳаракатлар ўзининг юқори самараларини бераяпти. Мамлакатимизнинг барча жойларида “миллионлар ўйини” тобора оммалашиб, ёш иқтидорлар кашф этилаётир. Улар асосида шакллантирилаётган терма жамоаларимиз нуфузли халқаро мусобақаларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилмоқда. Узоққа бормайлик. Шу кунларда Янги Зеландияда футбол бўйича ёшлар (U-20) ўртасида давом этаётган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон вакиллари чорак финал босқичига чиқиб, дунёнинг кучли саккиз жамоасидан бирига айлангани спортимиздаги яна бир ютуқ эмасми? Бунинг аҳамиятини тасаввур қилиш учун қуйидаги қиёсни келтирсак. Мазкур чемпионатда Ўзбекистон нафақат Ҳамдўстлик давлатлари, балки Осиё миқёсида шундай натижа қайд этган ягона мамлакат бўлди. ФИФАга 209 давлат аъзо эканини, биргина қитъамизда 4 миллиарддан зиёдроқ одам истиқомат қилишини эътиборга олсак, эришилган марранинг салмоғи янада яққолроқ ойдинлашади.
Таъкидлаш жоизки, футболимизни ривожлантиришда профессионал клублар ҳузурида болалар ва ўсмирлар футбол мактаблари ташкил қилингани ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Сўзимизни “Бунёдкор” болалар ва ўсмирлар футбол мактаби мисолида давом эттирсак. Бугунги кунда мазкур масканда 6 ёшдан 16 ёшгача бўлган 500 нафардан ортиқ бола “миллионлар ўйини” сир-асрорларини ўрганмоқда. Улар орасидан истеъдод ва маҳорати билан мутахассислар эътиборига тушганлари турли ёшдаги терма жамоаларга жалб этилаяпти. Масалан, жорий йилнинг март ойида клуб аъзолари ҳамда мактаб тарбияланувчиларидан ўн саккиз нафари миллий, Олимпия, ёшлар ва ўсмирлар терма жамоаларига олинди.
— Дунёнинг ҳеч бир мамлакатида болаларга биздагичалик ғамхўрлик кўрсатилмаса керак, — дейди “Бунёдкор” болалар ва ўсмирлар футбол мактаби мураббийи Бахтиёр Жўраев. — Мана шу таълим муассасамизда яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишган киши бунга ишонч ҳосил қилиши мумкин. Ўқув корпуси, дам олиш хоналари, ётоқхона, ошхона, сузиш ҳавзаси, спорт зали, тиббий бўлим имкониятлари ҳар қандай кишида ҳавас уйғотади. Синф хоналари зарур ўқув дастурлари, локал тизим ва интернетга эга компьютерлар билан жиҳозланган. Тарбияланувчиларга футбол машғулотларидан ташқари, инглиз тили, психология, одоб-ахлоқ, маънавият, анатомиядан ҳам сабоқ берилади. Уларнинг овқатланиш рациони махсус мутахассислар томонидан доимо назорат қилиб борилади. Ёш футболчилар учун еттита машғулот майдони мавжуд бўлиб, улардан учтаси сунъий қопламали, қолган тўрттаси эса табиий майсалидир. Табиийки, бундай юксак эътибордан баҳраманд шогирдларимиз футбол сирларини қунт билан ўрганмоқдалар. Уларнинг мақсади битта — Ўзбекистон шарафини халқаро майдонларда муносиб ҳимоя қилишга қодир спортчилар бўлиб камолга етиш.
Шу ўринда айтиш мумкинки, нафақат пойтахт, балки республикамизнинг бошқа ҳудудларидаги футболга ихтисослаштирилган мактаблар фаолияти ҳам изчил қўллаб-қувватланмоқда. Улардаги шароитлар жаҳон стандартларига тўла жавоб беради. Айтайлик, Қаршининг “Насаф” клуби ҳузуридаги болалар ва ўсмирлар футбол мактабида 360 нафардан зиёд ёш истеъдод эгаси ушбу спорт туридан сабоқ олади. Ётоқхона, битта сунъий қопламали, учта табиий майдон улар ихтиёрида. Мазкур таълим муассасаси вакиллари ҳам турли ёшдаги терма жамоаларда иштирок этмоқда. Жумладан, Беҳруз Раупов, Шоҳмалик Комилов, Нурбек Ботиров, Алфайзи Неъматов Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси (U-15) аъзолари ҳисобланади.
— Президентимизнинг “Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз, ҳеч кимдан кам бўлмаймиз”, деган сўзлари биз, ёшларга ҳамиша кўтаринки руҳ, қўшимча куч ва ўзимизга қатъий ишонч бағишлайди, — дейди Нурбек Ботиров. — Шу боис доимо юксак марраларни кўзлаб, муваффақиятларга эришишга интилаяпмиз. Менинг энг катта орзуларимдан бири Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида жаҳон чемпионатида тўп суришдир.
Мухтасар айтганда, мамлакатимизда болалар футболи жадал ривожланаяпти. Ишончимиз комилки, бугун ғалабанинг дастлабки нашидасини тотиб, интилишу изланишлари билан ёрқин истеъдодини намоён этаётган навқирон авлод вакиллари келгусида ҳам жаҳон ареналарида байроғимизни баланд кўтараверадилар.

Фазлиддин АБИЛОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn