Ёшларимизнинг ишончли ғалабаси
  • 12 Июнь 2015

Ёшларимизнинг ишончли ғалабаси

Янги Зеландияда футбол бўйича ёшлар ўртасида (U-20) давом этаётган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси нимчорак финалда Австрия вакилларини мағлубиятга учратиб, чорак финал босқичига чиқди.

Ушбу муваффақият яна бир жиҳати билан барчамизга чексиз фахр ва ифтихор ҳиссини бағишлайди. Гап шундаки, нуфузли мусобақа бошланганда Осиё қитъасидан тўртта, МДҲ мамлакатларидан эса иккита жамоа қатнашаётган эди. Корея Халқ Демократик Республикаси, Қатар ва Мьянма гуруҳ босқичидаёқ чемпионатни тарк этган бўлса, Ҳамдўстлик давлатларидан Украина нимчорак финалда мағлубиятга учради. Шундай қилиб, фақатгина Ўзбекистон ёшлари совринли ўринлар учун курашиш имкониятини сақлаб қолди.
Футболчиларимизнинг энг нуфузли халқаро турнирда кўпчиликнинг ҳавасини келтирадиган натижани қайд этаётгани бежиз эмас.
Бу мамлакатимизда истиқлол йилларида Президентимиз раҳнамолигида спортга қаратилаётган юксак эътиборнинг амалий самарасидир. Жумладан, клубларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, стадионларни ФИФА талабларига мувофиқлаштириш, жаҳон ва қитъа чемпионатлари, халқаро мусобақаларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир бўлган маҳоратли футболчиларни тайёрлаш, шунингдек, ушбу спорт турининг оммавийлигини ошириш мақсадида қатор ҳужжатлар қабул қилинган. Президентимизнинг 2011 йил 19 январдаги “2011 — 2013 йилларда республикада футболнинг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш ва уни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори, айниқса, алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Унга мувофиқ, футбол бўйича мактаб-интернатлар, болалар ва ўсмирлар мактаблари, профессионал футбол клублари ва терма жамоаларда ўқув-машқ жараёнини яхшилаш, футболчилар, тренерлар ҳамда ҳакамларнинг маҳорат ва малакасини ошириш, стадионлар қуриш, мавжудларини талаб даражасида таъмирлаш бўйича улкан ишлар амалга оширилди. Бу имкониятлар кўплаб иқтидорли ёшларни кашф этишга хизмат қилаётир.
Янги Зеландия майдонларида ғолиблик сари дадил интилаётган вакилларимиз ҳам ана шундай беқиёс ғамхўрликдан баҳраманд бўлиб, футбол сирларини пухта ўзлаштираётган мустақиллик фарзандларидир.
Айтиб ўтиш жоизки, Ўзбекистоннинг шу ёш тоифасидаги футболчилари (U-20) ҳозирги кунга қадар мундиалларда уч бор иштирок этган. Улардан фақат биттасида ҳамюртларимиз чорак финалга чиқиш вазифасини уддалашган.
Энди Ўзбекистон — Австрия ўйини ҳақида қисқача тўхталиб ўтсак. Баҳсда вакилларимиз рақибларига қараганда ҳар томонлама устунлик қилишди. Гуруҳ босқичида йўл қўйилган хатолар атрофлича таҳлил этилиб, тегишли хулоса чиқарилгани яққол сезилди. Кетма-кет уюштирилган ҳужумлар ниҳоят ўз самарасини берди. 47 ва 57-дақиқаларда Достонбек Ҳамдамов томонидан урилган иккита гол жамоамиз ғалабасини таъминлади. Ушбу ҳисоб ўйин якунигача сақланиб қолди.
Ҳамюртларимиз чорак финалда Сенегал ёшлар терма жамоасига қарши беллашади. Сенегалликлар ушбу босқичга Украина терма жамоасини мағлубиятга учратиб йўл олган. Чорак финалда, шунингдек, Бразилия — Португалия, Мали — Германия, АҚШ — Сербия терма жамоалари ўзаро беллашади.

Фазлиддин АБИЛОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn