Осиё чемпионлари Тошкентда аниқланмоқда
  • 10 Июнь 2015

Осиё чемпионлари Тошкентда аниқланмоқда

Пойтахтимизда бокс бўйича 1999-2000 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионати бўлиб ўтмоқда. Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, мамлакатимиз Бокс федерацияси ва Осиё бокс конфедерацияси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур нуфузли мусобақада қитъамизнинг ўн тўрт давлатидан юздан зиёд спортчи совринли ўринлар учун кураш олиб бораяпти.

Қувонарли жиҳати, чемпионатда Ватанимиз шарафини ҳимоя қилаётган ёш боксчиларимиз истеъдод ва маҳорат бобида ҳеч кимдан кам эмасликларини амалда исботлаб, кетма-кет ғалабаларга эришишмоқда. Бунга қитъа биринчилигининг дастлабки кунларида Баҳодир Баротов (48 кг.) япониялик Тамура Такумини, Саиджамшид Жаъфаров (54 кг.) “Кунчиқар юрт”нинг яна бир вакили Хаято Цуцумини, Темурбек Саъдуллаев (60 кг.) Жанубий Корея спортчиси Жеонгтае Лини, Тимур Мержанов (63 кг.) БАА боксчиси Мусо Албушини, Дилшодбек Рўзметов (66 кг.) эса қирғизистонлик Ойбек Оқилбоевни катта устунлик билан мағлубиятга учратгани яққол далилдир.
Кеча терма жамоамиз аъзоларидан Муроджон Алиев (52 кг.) қозоғистонлик Саматали Толтаевдан, Билолбек Мирзаҳакимов (57 кг.) Жанубий Корея вакили Жунюнг Кимдан, Тимур Мержанов эса филиппинлик Ранжо Наполесдан устун келиб, совринли ўринлар учун курашни давом эттирадиган бўлди.

Фазлиддин АБИЛОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn