Халқаро регби кенгаши вакиллари Ўзбекистонда
  • 30 Май 2015

Халқаро регби кенгаши вакиллари Ўзбекистонда

Мамлакатимизга ташриф буюрган Халқаро регби кенгаши президенти Бернард Лапассет бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси раиси, Ўзбекистон регби федерацияси раиси С. Сафоев билан учрашди.

Суҳбат чоғида Президент Ислом Каримов раҳнамолигида Ўзбекистонда спортни ва олимпия ҳаракатини изчил ривожлантиришга қаратилаётган улкан эътибор ҳамда ғамхўрлик юксак самаралар бераётгани алоҳида таъкидланди. Жумладан, спортнинг регби тури ҳам юртимизда жадал оммалашмоқда.
— Ўзбекистонда Президент Ислом Каримов раҳнамолигида спортни изчил ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётгани таҳсинга сазовор, — деди Б. Лапассет. — Мамлакатингизда спортни ҳар томонлама тараққий эттириш борасида амалга оширилаётган бундай кенг кўламли ислоҳотлар бераётган юксак самаралар хусусида батафсил маълумот олиш имконига эга бўлдик. Бу борадаги ишлар Ўзбекистонда регбини ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда.
Ўзбекистон регби федерацияси 2006 йили Осиё регби уюшмасига аъзо бўлган. 2014 йил 14 майда Халқаро регби кенгашининг тўла ҳуқуқли аъзолигига қабул қилинган. Мазкур спорт турига қизиқувчи ёшлардан иборат жамоалар иштирокида эркаклар ва хотин-қизлар ўртасида мамлакат чемпионати, турли мусобақалар мунтазам ўтказилмоқда. Машғулот ва беллашувларни замонавий талаблар даражасида ташкил этиш учун шароит яратиш, халқаро майдонда юксак натижалар кўрсатишга қодир истеъдодли спортчиларни саралаш, халқаро алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Регби бўйича терма жамоамиз аъзолари қитъа миқёсидаги мусобақаларда мунтазам қатнашиб келмоқда.
Учрашувда Халқаро регби кенгаши билан Ўзбекистон регби федерацияси ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Б. АЙТМУРОДОВ,
ЎзА мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn