Ҳаяжонли ва унутилмас дамлар
  • 28 Май 2015

Ҳаяжонли ва унутилмас дамлар

«Умид ниҳоллари — 2015» спорт ўйинларининг финал босқичи ҳудудларда қизғин давом этмоқда.

Ўзбекистон ёшларига бугун дунёнинг жуда кўп давлатлари ўғил-қизлари ҳавас билан қарайди, десак, асло муболаға бўлмайди. Сабаби, мустақиллик шарофати билан фарзандларимизнинг пухта билим олиши, жисмоний жиҳатдан соғлом бўлиб вояга етиши учун жуда катта куч ва имкониятлар сафарбар қилинмоқда. Хусусан, барпо этилаётган замонавий таълим муассасалари, бири-биридан ажойиб спорт мажмуалари эртамиз эгалари камолоти йўлида хизмат қилаётир. Бундан ташқари, истеъдодли йигит-қизларни аниқлаш, уларнинг истеъдод ҳамда салоҳиятини юзага чиқаришга қаратилган турли кўрик-танловлар, фестиваллар, мусобақалар ҳам мунтазам ўтказилмоқдаки, бундай анжуманларда қатнашиш орқали ёшларимиз катта тажриба орттириб, халқаро миқёсдаги нуфузли тадбирларда ҳеч кимдан кам эмасликларини яққол исботлашмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан йўлга қўйилган, айни пайтда кўплаб давлатлар томонидан ноёб тажриба сифатида алоҳида қизиқиш билан ўрганилаётган уч босқичли — “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада спорт ўйинларининг ҳам баркамол авлодни тарбиялашдаги аҳамияти ниҳоятда беқиёс. Ушбу тизимнинг дастлабки бўғини — “Умид ниҳоллари” мусобақаларининг бу галги финал босқичи ўзгача тарзда — ёшлик ва спорт байрами сифатида ҳудудларда ўтказилмоқда. Уларда иштирок этаётган ўғил-қизлар ҳаяжонли, унутилмас дамларни бошдан кечириб, давлатимизнинг беқиёс ғамхўрлигини яна бир карра дилдан ҳис қилишаётир.

ҚОРАҚАЛПОFИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ. Нукус шаҳрида “Умид ниҳоллари — 2015” спорт ўйинларининг финал босқичи кўтаринки руҳда ўтказилди.
Таъкидлаш жоизки, истиқлол йилларида Оролбўйида ҳам спортни, хусусан, болалар спортини ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаяпти. Жумладан, 2003 — 2014 йилларда ҳудудда 150 га яқин замонавий спорт иншоотлари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Улар зарур инвентарлар, малакали мураббийлар билан таъминланаётгани боис спорт секцияларида қатнашаётган ёшлар сафи тобора кенгайиб бормоқда.
“Умид ниҳоллари — 2015” мусобақаларининг қуйи босқичларида 97 минг нафардан зиёд ўғил-қиз спортнинг 17 тури бўйича ўз маҳоратини намойиш қилди. Улардан 128 нафари кучлилар сафида эътироф этилди.
— Давлатимиз раҳбарининг “Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз, кам бўлмаймиз ҳам”, деган сўзлари биз, ёшларга ҳамиша кўтаринки руҳ, қўшимча куч ва ўзимизга қатъий ишонч бағишлайди, — дейди Нукус шаҳридаги 31-умумтаълим мактаби ўқувчиси Гулмира Абиллаева. — Шу боис ҳам доимо юксак марраларни кўзлаб, муваффақиятларга эришишга интилаяпмиз. Спортнинг қўл тўпи тури бўйича қизлар жамоамиз билан ғолибликни қўлга киритдик. Келгусида нуфузли халқаро мусобақаларда Ватанимиз номини янада улуғлашга ўз ҳиссамизни қўшмоқчимиз. Мусобақаларда Нукус шаҳри спортчи ёшлари биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ва учинчи ўринлар Хўжайли ҳамда Қораўзак туманлари ўқувчиларига насиб этди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М. Ерниязов Нукус шаҳри жамоасига Президентимиз совғаси — “Дамас” автомашинасини топширди. Шунингдек, спорт ўйинларида яхши натижаларга эришган ўғил-қизлар ҳам муносиб тақдирланди.
Тадбир якунида санъат усталари, эстрада хонандалари ҳамда бадиий жамоаларнинг концерт дастури намойиш этилди.

ЖИЗЗАХ. Вилоят финал босқичи ғолибларини тақдирлашга бағишланган маросимда ёш авлоднинг буюк аждодларимизга муносиб ворислар бўлиб вояга етишлари учун яратиб берилаётган шарт-шароитлар, беқиёс имкониятлар ҳақида сўз юритилди. Истиқлол фарзандлари эришаётган ёрқин натижалар алоҳида тилга олинди.
Дарҳақиқат, давлатимиз томонидан кўрсатилаётган чексиз меҳр ва эътиборнинг амалий ифодасини Жиззах вилояти мисолида ҳам кўриш мумкин. Агар аниқ рақамларни келтирадиган бўлсак, Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан ўтган йилларда ҳудудда 150 га яқин спорт иншооти қурилди ва реконструкция қилинди. Уларнинг 87 фоизи қишлоқ жойларда барпо этилгани диққатга сазовордир.
“Умид ниҳоллари” спорт мусобақаларининг вилоят босқичида Жиззах шаҳри вакиллари умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритди. Fаллаорол ҳамда Жиззах туманлари ёш спортчилари иккинчи ва учинчи поғоналардан жой олди.
Жиззах вилояти ҳокими
С. Исмоилов Жиззах шаҳри жамоасига Президентимиз совғаси — “Дамас” автомашинасини топширди.
Ёшлик ва спорт байрами катта гала-концерт билан якунланди. Таниқли санъаткорлар иштирокидаги бадиий дастур йиғилганларга янада кўтаринки кайфият, завқу шавқ улашди.

НАВОИЙ. Байрамона безатилган вилоят марказидаги амфитеатрда ташкил қилинган “Умид ниҳоллари — 2015” спорт мусобақаларининг вилоят босқичи ғолибларини шарафлашга бағишланган тантанали маросим ёшлар учун унутилмас онларни туҳфа этди.
Ҳар гал иқтидорли йигит-қизларимизнинг энг нуфузли халқаро спорт мусобақаларида бири-биридан ажойиб ютуқлари, ғалабалари шарафига мадҳиямиз янграб, байроғимиз баланд кўтарилганида, барчамиз тўлқинланиб, ҳаяжонли онларни бошдан кечирамиз. Бундай қувончли лаҳзаларнинг аҳамиятини, очиғи, ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. Ватанимиз шон-шуҳратини дунёга ёйишга хизмат қилаётган ушбу муваффақиятлар Президентимиз раҳнамолигида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътиборнинг амалий самараларидир.
Мустақиллик йилларида Навоий вилоятида ҳам замонавий болалар спорт комплекслари тармоғини барпо этиш, уларни бугунги кун талабларига мос ускуна ҳамда инвентарлар билан жиҳозлаш, шунингдек, ана шу иншоотлардан самарали фойдаланишни ташкил қилиш мақсадида кенг кўламли ишлар бажарилмоқда. Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари эвазига вилоятда юзга яқин спорт иншоотлари барпо этилиб, фойдаланишга топширилди. Ана шу мажмуаларда ташкил қилинган “Умид ниҳоллари — 2015” мусобақаларининг саралаш баҳсларида беш минг нафар ўқувчи қатнашди. Иштирокчилар орасидан 128 нафари вилоят финал босқичи ғолиби сифатида тақдирланди.
Умумжамоа ҳисобида эса Навоий шаҳри биринчи ўринни эгаллади. Хатирчи тумани вакиллари иккинчи, Зарафшон шаҳри спортчи ёшлари учинчи ўринга лойиқ, деб топилди.
Вилоят ҳокими Э. Турдимов Навоий шаҳри жамоасига Президентимиз совғаси — “Дамас” автомашинасини топширди.
— Уч йилдан буён бадиий гимнастика билан мунтазам шуғулланаман, — дейди Навоий шаҳридаги 16-мактаб ўқувчиси Сабина Худоёрова. — “Умид ниҳоллари — 2015” спорт ўйинларида ғолиб бўлишни чин дилдан истагандим. Бугун жуда бахтиёрман. Чунки мақсадимга эришдим. Мазкур мусобақа мен учун катта спорт сари ташланган дастлабки муҳим қадам бўлиб қолади.
Тадбир қатнашчиларининг қай бири билан суҳбатлашмайлик, ана шундай фикр-мулоҳазалар, самимий дил сўзларини изҳор этишди.
Намойиш қилинган катта концерт дастури спорт байрамига ўзгача шукуҳ бағишлади.

НАМАНГАН. “Умид ниҳоллари — 2015” спорт мусобақаларининг вилоят финал босқичи ғолибларини шарафлашга бағишланган тантанали маросим Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” спорт мажмуасида ўтказилди.
Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимизда таълим жараёни спорт ва жисмоний тарбия билан уйғун ҳолда олиб борилаётгани ёшларнинг ҳар томонлама етук инсонлар сифатида вояга етишида муҳим ўрин тутмоқда. Уч босқичли мусобақалар тизими эса эртанги чемпионлар учун парвоз майдони бўлиб хизмат қилаётир.
Айтиш жоизки, мусобақаларнинг қуйи босқичларида 250 мингдан зиёд ўқувчи қатнашди. Улардан 128 нафари вилоят финал босқичи ғолиби бўлди.
Наманган туманидаги 15-умумтаълим мактаби ўқувчиси Шукрулло Тошболтаев бир неча йилдан буён бокс билан шуғулланади. У ўтган йил охирида пойтахтимизда ташкил этилган халқаро турнирда биринчи ўринни эгаллаган эди. Шукрулло “Умид ниҳоллари — 2015” спорт мусобақаларида ҳам муваффақият қозонди.
— Биз, ёшларга яратиб берилаётган шарт-шароитларни ҳар биримиз кўриб, қалбан чуқур ҳис қиламиз, — дейди у. — “Кичик Олимпиада” дея эътироф этиладиган уч босқичли спорт ўйинларининг йўлга қўйилгани ҳам мана шундай ғамхўрликнинг бир кўринишидир. Мен келгусида “Баркамол авлод”, Универсиада мусобақаларида ҳам қатнашиб, ғолибликни қўлга киритмоқчиман. Бунинг учун ҳозирданоқ астойдил тайёргарлик кўраяпман.
Мусобақаларнинг вилоят босқичида Наманган шаҳри жамоаси биринчи, Янгиқўрғон тумани ўқувчилари иккинчи, Наманган тумани ёш спортчилари эса учинчи ўринни банд этди.
Вилоят ҳокими Б. Юсупов Наманган шаҳри жамоасига Президентимиз совғаси — “Дамас” автомашинасини топширди.
Беллашувларда юқори кўрсаткичга эришган спортчи ўғил-қизлар ҳам муносиб тақдирланди.
Спорт байрамида таниқли спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди. Санъат усталари, эстрада хонандалари ҳамда бадиий жамоалар концерт дастурини тақдим қилди.

ҚАШҚАДАРЁ. Қарши шаҳрида “Умид ниҳоллари — 2015” спорт мусобақаларининг вилоят финал босқичи ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир ҳам катта тантана сифатида ўтказилди.
Юртбошимиз раҳнамолигида спортни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида биргина 2014 йилда Қашқадарё вилоятида 16 та болалар спорти иншооти бунёд этилди. Ўз навбатида, давлатимиз раҳбарининг 2010 йил 5 майдаги “Болалар спорти объектларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида кенг кўламли ишлар олиб борилаяпти. Ушбу ҳужжат болаларни жисмоний тарбия ва спортга янада кенг жалб қилиш борасида муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Маълумотларга кўра, ҳозир Қашқадарёда 6 ёшдан 15 ёшгача бўлган 77,5 минг нафардан зиёд ўғил-қиз спорт билан мунтазам шуғулланаяпти. Бундан ташқари, юзлаб болалар мавжуд 35 та болалар ва ўсмирлар спорт мактабида ўзлари қизиққан спорт турлари бўйича машғулотларда қатнашаётир.
Якуний натижаларга кўра, умумжамоа ҳисобида Қарши шаҳри спортчилари биринчи ўринни эгаллади. Шаҳрисабз тумани вакиллари иккинчи, Fузор туманилик спортчи ёшлар эса учинчи ўринга муносиб кўрилди.
Вилоят ҳокими З. Рўзиев “Умид ниҳоллари — 2015” спорт ўйинларида биринчи ўринни қўлга киритган Қарши шаҳри жамоасига Президентимиз совғаси — “Дамас” автомашинасини топширди.

«Халқ сўзи» мухбирлари
хабарлари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn