Ёшлик, шижоат ва спорт байрами
  • 27 Май 2015

Ёшлик, шижоат ва спорт байрами

“Умид ниҳоллари — 2015” спорт ўйинларининг финал босқичи жойларда кўтаринки руҳда катта тантана билан ўтказилмоқда.

Юртимизда спортни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор замирида миллат саломатлигини асраб-авайлаш, айниқса, эртанги кунимизнинг давомчилари бўлган ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялашдек эзгу мақсад мужассамдир.
Ушбу мақсадни рўёбга чиқаришда эса Президентимиз ташаббуси билан ташкил қилинган уч босқичли спорт ўйинлари муҳим аҳамият касб этаётир. Бинобарин, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, юртимизда шаклланган, “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада ўйинларини ўз ичига олган уч босқичли тизим, айни мана шундай тадбир ва мусобақалар, мухтасар айтганда, мамлакатимизда болалар спортини ривожлантириш бўйича амалга ошираётган улкан ишларимиз бугунги кунда дунё жамоатчилигида катта қизиқиш ва ҳайрат уйғотмоқда, энг муҳими, ёшларимизнинг халқаро майдонларда юксак шоҳсупаларга кўтарилиши учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилаяпти.
Дарҳақиқат, 2000 йилда ҳаётга татбиқ этилган мазкур ғоя бугун ўз самараларини бераётир. Яъни ушбу мусобақаларда тобланган йигит-қизларимиз эндиликда қитъа, жаҳон чемпионатлари ва бошқа нуфузли турнирлар, шунингдек, Олимпиада ўйинларида юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилишмоқда.
Айтиш жоизки, халқаро майдонларда юқори натижаларга эришаётган истеъдодли йигит-қизларимизнинг аксарияти ўзининг спортдаги илк ютуқларини “Умид ниҳоллари”да қўлга киритган. Уч босқичли тизимнинг дастлабки бўғини саналган, мактаб ўқувчилари ўртасида бўладиган мазкур спорт ўйинлари дастлаб Фарғонада, кейин Хоразм, Қашқадарё, Сирдарё ва Навоий вилоятларида катта муваффақият билан ўтказилди. Уларда янгидан-янги номлар кашф этилди.
“Умид ниҳоллари” мусобақалари 2014/2015 ўқув йилида аввалгиларидан фарқли равишда спортнинг 17 тури бўйича ташкил қилинди. Шундан 16 таси Олимпиада ўйинлари дастурига киритилган баскетбол, волейбол, гандбол, футбол, сузиш, стол тенниси, бадиий гимнастика, спорт гимнастикаси, енгил атлетика, эркин кураш, юнон-рум кураши, таэквондо, дзюдо, бокс, оғир атлетика, бадминтон бўйича бўлиб ўтди. Ушбу беллашувларнинг мактаб ва туман босқичларида 4 миллиондан ортиқ ўқувчилар қатнашди. Шундан 1,8 миллион нафари ёки жами иштирокчиларнинг 44 фоизи қизлар экани диққатга сазовор.
Шу кунларда жойларда “Умид ниҳоллари — 2015” спорт мусобақаларининг финал босқичи ғолибларини шарафлашга бағишланган тантанали тадбирлар ўтказилмоқда.

БУХОРО вилояти. Бухоро маданий марказидаги амфитеатрда ташкил этилган вилоят финал босқичи ёшлик ва шижоат байрамига айланди.
“Умид ниҳоллари — 2015” мусобақаларининг дастлабки саралаш баҳсларида 66 минг нафардан ортиқ ўқувчи иштирок этди. Уларнинг уч минг нафардан зиёди жорий йил март ойида бўлиб ўтган ҳудудий босқичда ўз маҳоратини намойиш қилди.
Финал босқичи якунида Бухоро шаҳри биринчи, Вобкент ва Шофиркон туманлари кейинги ўринларни банд этди.
Вилоят ҳокими М. Эсонов Бухоро шаҳри жамоасига Президентимиз совғаси — “Дамас” автомашинасини топширди.
ўолибларни тақдирлаш маросими ёрқин лаҳзалари билан иштирокчилар ёдида узоқ вақт сақланиб қоладиган бўлди.
СУРХОНДАРЁ вилояти. Истиқлол йилларида болалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор натижасида Сурхон воҳасида ҳам бири-биридан ажойиб, замон талабларига тўла жавоб берадиган кўплаб спорт иншоотлари, стадионлар, сув ҳавзалари фойдаланишга топширилди. Хусусан, 2003 — 2014 йилларда ҳудудда 124 та спорт иншооти бунёд этилиб, замонавий усулда жиҳозланди. Бугунги кунда уларда 83 минг нафардан ортиқ ўғил-қиз спортнинг ўттиздан зиёд тури билан мунтазам шуғулланмоқда. Ёшларнинг ҳар бири яратиб берилаётган шароитларнинг аҳамиятини чуқур ҳис қилиб, Ватанга дахлдорлик туйғуси билан камолга етаётгани қувонарлидир.
“Умид ниҳоллари” спорт мусобақаларининг вилоят босқичида Термиз шаҳри вакиллари биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ва учинчи ўринлар Қумқўрғон ҳамда Жарқўрғон туманлари ўқувчиларига насиб этди.
Сурхондарё вилояти ҳокими Т. Мамараимов Термиз шаҳри жамоасига Президентимиз совғаси — “Дамас” автомашинасини топширди. Шунингдек, спорт ўйинларида яхши кўрсаткичларга эришган ўғил-қизлар ҳам муносиб тақдирланди.
ТОШКЕНТ. “Умид ниҳоллари — 2015” спорт мусобақаларининг “Ўзбекистон” спорт мажмуасида ўтказилган Тошкент шаҳар финал босқичи иштирокчиларга унутилмас онларни туфҳа этди.
Тошкент шаҳар ҳокими Р. Усмонов мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида спорт, жумладан, болалар спортини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини, ёшларга кўрсатилаётган бундай юксак ғамхўрлик уларни янги марралар сари руҳлантириб, шу юртга муносиб фарзанд бўлишга ундаётганини таъкидлади.
Мазкур мусобақаларнинг барча босқичида жами 56 минг 50 ўқувчи қатнашди, уларнинг 25 минг 548 нафари қизлардир. Қизғин ва муросасиз кечган баҳсларни ўқувчилар узоқ вақт алоҳида фахр билан эслаб юришлари, шубҳасиз. Ёшларнинг фикрича, “кичик Олимпиада”да иштирок этишнинг ўзи ҳам катта шараф. Зеро, “Умид ниҳоллари” юксак марралар сари маҳорат мактаби вазифасини ўтайди.
Шундай қилиб, Тошкент шаҳрида Чилонзор тумани биринчи ўринни эгаллади. Юнусобод тумани вакиллари иккинчи, Учтепа тумани спортчи ёшлари эса учинчи ўринга лойиқ, деб топилди.
Чилонзор тумани жамоаси Президентимиз совғаси — “Дамас” автомобили билан тақдирланди.
Қатнашчиларнинг қай бири билан суҳбатлашмайлик, ўзларининг ғалабалари замирида, энг аввало, мамлакатимизда ёшлар учун яратилган шароит ҳамда имкониятлар ётганини фахр билан тилга олдилар.
Таниқли спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари, болалар ижодий жамоалари, ёш санъат усталари ҳамда эстрада хонандалари иштирокидаги концерт дастури тадбирга янада файз бағишлади.


Истам ИБРОҲИМОВ,
Нормурод ТЕМИРОВ,
Фазлиддин АБИЛОВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn