Гўзал рақслар, нафис ҳаракатлар
  • 26 Май 2015

Гўзал рақслар, нафис ҳаракатлар

Пойтахтимизда бадиий гимнастика бўйича ташкил этилган Жаҳон кубоги босқичи ва “Happy Caravan” халқаро турнири якунланди.
Халқаро гимнастика федерацияси шафелигида Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси ҳамда Гимнастика федерацияси ҳамкорлигида ўтказилган мусобақаларда йигирмадан зиёд давлатдан юз нафарга яқин спортчи совринли ўринлар учун кураш олиб борди.

Мамлакатимизда ҳар томонлама соғлом авлодни вояга етказишга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Буни шаҳару қишлоқларимизда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, жумладан, эртамиз эгалари учун барпо этилаётган замонавий таълим муассасалари, спорт мажмуалари мисолида кўриб, гувоҳи бўлиш мумкин.
Мавжуд шарт-шароитлар туфайли республикамизда гимнастика жадаллик билан ривожланиб бораяпти. Айниқса, 2005 йилда Ўзбекистон гимнастика федерациясининг ташкил этилгани бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтирди. Федерация бадиий гимнастика, спорт гимнастикаси, гимнастрада, трамполин, акробатикани оммалаштиришга қаратилган тадбирларни амалга оширмоқда. Вилоятларда гимнастика бўйича ҳудудий федерациялар, гимнастика марказлари фаолият кўрсатаётир. Энг олис ҳудудлардаги кўркам спорт мажмуаларида ҳам гимнастика секциялари ишлаб турибди. Булар, ўз навбатида, иқтидорларни аниқлаш, халқаро турнирларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қила оладиган спортчиларни тарбиялаш имконини бермоқда. Эришилаётган натижалар эса кўнгилга алоҳида фахр ва ифтихор ҳиссини бағишлайди.
Катта муваффақият билан ўтказилган бадиий гимнастика бўйича Жаҳон кубоги босқичи ҳамда “Happy Caravan” халқаро турнирида бу жиҳатлар яна бир карра ўз ифодасини топди.
Миллатлараро ҳамжиҳатлик, соғлом турмуш тарзию нафисликнинг ўзига хос тимсолига айланган мазкур мусобақаларда ҳар бир қатнашчи бор маҳоратини намойиш қилди.
— Ўзбекистон гўзал ва меҳмондўст мамлакат эканлиги ҳақида кўп эшитган эдим, — дейди Жанубий Корея терма жамоаси аъзоси Сон Юн Жи. — Бунга ушбу мусобақада иштирок этиб, тўла ишонч ҳосил қилдим. Юртингизда спорт, айниқса, бадиий гимнастика билан шуғулланиш учун барча қулайлик яратилган. Масалан, Бадиий гимнастика бўйича болалар-ўсмирлар ихтисослаштирилган республика олимпия захиралари спорт мактабидек замонавий таълим муассасасининг мавжудлиги давлатингизнинг ёшлар тарбиясига бўлган ғамхўрлиги нақадар юксаклигини англатади. Ўзбекистонлик спортчи қизларнинг қитъа ва жаҳон миқёсидаги нуфузли мусобақаларда қўлга киритаётган ютуқлари салмоғи тобора ортиб бораётгани ҳам ана шу омиллар билан боғлиқ, албатта.
Нафис ҳаракатлар, гўзал рақсларга бой кечган беллашувлар якунида терма жамоамиз аъзолари ҳам совриндорлар сафидан жой олди. Хусусан, Жаҳон кубоги босқичида Анастасия Сердюкова булавада машқ бажаришда бронза медаль билан тақдирланди.
“Happy Caravan” халқаро турнирининг финал босқичида ҳам бадиий гимнастикачиларимиз муносиб қатнашди. Сабина Тошкенбоева кўпкураш ва алоҳида гимнастика предметлари — арғамчи, тўп ҳамда булава ёрдамида машқ бажариш бўйича жами тўртта бронза медални қўлга киритди. Шунингдек, ҳалқа ёрдамида машқ бажаришда Нуринисо Усмонова учинчи ўринни эгаллади.
Айтиш жоизки, ушбу мусобақалар Ўзбекистон нуфузини янада ошириш, қизлар ўртасида бадиий гимнастикани оммалаштиришда навбатдаги муҳим қадам бўлди.
— Ўзбекистон бадиий гимнастика бўйича бундай нуфузли мусобақаларга ҳар томонлама муносиб мезбон эканлигини яна бир бор намоён этди, — дейди Халқаро гимнастика федерацияси аъзоси, ҳакам Наталья Горбулина. — Моддий-техник базаси мустаҳкам, кўркам қиёфага эга спорт саройида гимнастикачи қизлар бор иқтидорларини кўрсатишди. Уларнинг чиқишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан холис баҳолаб борилди. Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларининг маҳорати йилдан-йилга ошиб бораётганини таъкидлаш лозим.
Фурсатдан фойдаланиб, ташкилотчиларга алоҳида миннатдорлик билдирамиз.
Мусобақанинг тантанали ёпилиш маросимида гимнастикачи қизлар иштирокида бадиий дастур намойиш қилинди.

Фазлиддин АБИЛОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn