Тошкент — нуфузли халқаро мусобақалар мезбони
  • 23 Май 2015

Тошкент — нуфузли халқаро мусобақалар мезбони

Пойтахтимизда бадиий гимнастика бўйича Жаҳон кубоги босқичи ва “Happy Caravan — 2015” халқаро турнири бошланди. Халқаро гимнастика федерацияси шафелигида Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси ҳамда Гимнастика федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу мусобақаларда Ўзбекистон, Жанубий Корея, Япония, Аргентина, Испания, Италия, Финляндия, Швейцария, Латвия, Жанубий Африка Республикаси, Малайзия, Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Болгария, Қатар, Қозоғистон каби давлатлардан келган юз нафарга яқин спортчи иштирок этаяпти.

Таъкидлаш жоизки, бундай нуфузли спорт байрамларига мезбонлик қилиш масъулияти яна бир карра Ўзбекистонга ишониб топширилгани бежиз эмас. Халқаро мутахассислар юртимиздаги шарт-шароитларни, мустаҳкам моддий-техник базани, спортга бўлган юксак эътиборни, йирик мусобақаларни ташкил этиш борасида ўтган йиллар мобайнида тўпланган бой тажрибаларни инобатга олиб, ана шундай қарорга келди. Бундан, албатта, ҳар биримиз чексиз ғурур ва ифтихор ҳиссини туямиз.
Маълумки, истиқлол йилларида юртимизда Президентимиз раҳнамолигида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилиб, шу асосда жойларда кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бунда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан тузилган Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси муҳим аҳамият касб этаётир. Масалан, биргина ўтган йилнинг ўзида ушбу Жамғарма маблағлари ҳисобидан 115 болалар спорти объекти, 48 болалар мусиқа ва санъат мактаби барпо этилди. Спорт мажмуалари замонавий инвентарлар ҳамда малакали мураббийлар билан таъминланаётгани туфайли уларнинг салоҳияти тобора ошиб бормоқда. Бунга айни пайтда мамлакатимизда 2 миллиондан зиёд бола спортнинг 30 тури билан мунтазам шуғулланаётгани яққол далилдир.
Республикамизда болалар ва ёшларни спортга жалб қилиш бўйича дунёда ўхшаши йўқ уч босқичли тизим шакллантирилган. Мактаб ўқувчиларининг “Умид ниҳоллари”, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимида таҳсил олаётган ўғил-қизлар ўртасидаги “Баркамол авлод” ҳамда олий ўқув юртлари талабаларининг Универсиада мусобақалари нафақат етук спортчиларни тайёрлаш ва тарбиялаш, айни пайтда жамиятимизда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга ҳам хизмат қилаяпти.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, Ўзбекистон бундай йирик спорт анжуманларига кўп бор мезбонлик қилган ва юксак ташкилотчилик салоҳиятига эга экани билан халқаро миқёсда алоҳида эътироф этилган. Жумладан, бадиий гимнастика спорт турини оладиган бўлсак, бир неча йиллардан бери Жаҳон кубоги босқичлари, шунингдек, Осиё чемпионатлари зўр муваффақият билан уюштирилмоқда. Бундан ташқари, 2012 йилда Тошкентда Осиё гимнастика иттифоқининг Бош ассамблеяси, 2014 йилда эса Халқаро гимнастика федерациясининг 80-конгресси ўтказилди. Таъбир жоиз бўлса, Ўзбекистон дунё гимнастика марказларидан бирига айланди.
...2015 йил, 22 май. Бадиий гимнастика бўйича болалар-ўсмирлар ихтисослаштирилган республика олимпия захиралари спорт мактаби саройи мазкур нуфузли мусобақаларнинг очилиш маросими муносабати билан байрамона безатилган.
Чорлов садолари остида майдонга Жаҳон кубоги босқичи ва “Happy Caravan” халқаро турнири қатнашчилари кириб келади.
Ўзбекистон гимнастика федерацияси президенти Л. Каримова-Тиллаева халқаро мусобақаларни очиқ деб эълон қилди.
Ўзбекистонда Президент Ислом Каримов раҳнамолигида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга қаратилаётган улкан эътибор юксак самаралар бераётгани алоҳида таъкидланди.
Мамлакатимизда хотин-қизлар спорти, хусусан, унинг нафис тури бўлмиш бадиий гимнастика жадаллик билан ривожланиб бормоқда. Сабаби, ушбу спорт тури қизларнинг соғлом бўлиб улғайишига, иродасини мустаҳкамлашга ёрдам беради, олдига қўйган мақсади сари дадил интилишга ўргатади. Мусиқага бўлган қизиқишини ошириб, маънавий оламини бойитади. Мана шу омиллар эътиборга олиниб, жойларда мазкур спорт тури билан шуғулланиш учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Айтайлик, республикамизнинг барча вилоятларида гимнастика марказлари ташкил этилган. Бу борадаги эзгу ишлар йилдан-йилга кенг қулоч ёзмоқда. Хусусан, пойтахтимизда Бадиий гимнастика бўйича болалар-ўсмирлар ихтисослаштирилган республика олимпия захиралари спорт мактаби фаолиятининг йўлга қўйилгани Ватанимиз шарафини халқаро мусобақаларда муносиб ҳимоя қила оладиган истеъдодларни тарбиялашга яна бир туртки берди.
Юксак даражадаги бундай ғамхўрликлар самараларини кўплаб иқтидорли бадиий гимнастикачилар етишиб чиқаётгани, улар бир қанча нуфузли халқаро мусобақаларда юқори натижаларни қўлга киритаётгани мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Чунончи, 2010 йилда Хитойда ўтказилган ўн олтинчи ёзги Осиё ўйинларида терма жамоамиз қизлари кучли рақобатда иккинчи ўринни эгаллади. 2013 йили Тошкент шаҳрида уюштирилган навбатдаги қитъа биринчилигида эса терма жамоамиз ғолибликка эришди. Ўтган йилнинг февраль ойида Малайзия пойтахти Куала-Лумпур шаҳрида бадиий гимнастика бўйича ўсмирлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида вакилларимиз 4 та олтин, 3 та кумуш ва 2 та бронза медалини қўлга киритди. Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида ташкил этилган XVII Осиё ўйинларида эса гимнастикачи қизларимиз олтин медалга сазовор бўлгани спортимиз тарихидаги муҳим воқеалар сирасига киради. Ушбу нуфузли мусобақада Жамила Раҳматова, Анастасия Сердюкова, Валерия Давидова ва Равиля Фархутдинова юқори тайёргарлик ҳамда ғалабага бўлган катта иштиёқни намойиш этди. Уларнинг ҳалқа, тўп, булава, лента билан мураккаб машқларни бажариши мухлису мутахассислар олқишига сазовор бўлди. Вакилларимиз жамоавий баҳсларда қитъамизнинг етакчи спортчиларини доғда қолдиришди.
Тошкентда бошланган навбатдаги Жаҳон кубоги босқичида иштирокчилар яккалик ва гуруҳ баҳсларида арғамчи, ҳалқа, тўп, булава, тасмада машқ бажариш ҳамда кўпкураш бўйича ўз маҳоратини намойиш этмоқда.
Жаҳон кубоги босқичида Зарина Қурбонова, Самира Амирова, Луиза ўаниева, Марта Ростобурова ва Валерия Давидовадан иборат Ўзбекистон терма жамоаси гуруҳ мусобақаларида юртимиз шарафини ҳимоя қилса, шахсий чиқишларда Жасмин Юсупова, Нилуфар Шомуродова, Анора Давлатова, Елизавета Назаренкова, Анастасия Сердюкова ва Равиля Фархутдинова медаллар учун баҳс олиб боради. 
Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Happy Caravan” халқаро турнирида эса Ўзбекистон, Япония, Эстония, Малайзия, Молдова ва бошқа давлатлардан келган ёш истеъдод эгалари ғолиблик учун ўзаро беллашади. Мазкур мусобақанинг жамоавий машқларида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси қатнашса, шахсий чиқишларда Сабина Тошкенбоева, Алексия Киселёва ўз имкониятини синаб кўради.
Мусобақаларнинг тантанали очилиш маросимида катта концерт дастури намойиш этилди.

Фазлиддин АБИЛОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn